Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 22 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ЎЗБЕКИСТОН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИНИНГ РАСМИЙ БИЛДИРИШИ

×

 2020-09-09 17:43:43    203

PDF yuklash
Chop etish


“Маҳалладош” интернет нашрида “Сектор раҳбарлари қачон уйғонади?” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган.

Худди шу мазмундаги мақола “Фарғона ҳақиқати” газетасининг бугун, 9 сентябрь кунги 69-сонида “Бир маҳалла муаммолари” сарлавҳаси остида чоп этилди.

Муаллифи ва мазмуни бир бўлган ҳар икки мақолада ҳам Ўзбекистон тумани “Даштчўлпон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги мавжуд муаммолар тилга олинади.

        Шунга кўра, Ўзбекистон тумани ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Мақолада баён этилган ҳолатлар, хусусан унда кўтарилган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан Ўзбекистон тумани ҳокимлиги, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, туман ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги 3-сектор ишчи гуруҳи аъзолари хамда масалага дахлдор ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан тегишли тартибда ўрганилди.

        Хусусан, танқидий мақолада кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бўйича тегишли ташкилот ва муассаларнинг хулосалари олиниб, келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган муҳим чоралар белгиланди. 

Маълум бўлишича, Ўзбекистон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 75-қишлоқ оилавий поликлиникаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 март кунги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2857-сонли қарорига асосан Халқ депутатлари Ўзбекистон тумани Кенгашининг 2017 йил 3 апрел кунги №108/34-5-сонли ҳамда Ўзбекистон  туман ҳокимининг 2017 йил 10 апрел кунги 584-сонли қарорига кўра Қушқўноқ, Даштчўлпон ва Дашт-маҳалла ҚВП ларини оптималлаштириш натижасида Дашт-маҳалла ҚВП биносида ташкил этилган. Мақбуллаштиришдан сўнг собиқ Даштчўлпон ҚВП биноси 75-қишлоқ оилавий поликлиникаси шифокорлари турар жойи сифатида сақланиб қолинган. Шунингдек, мазкур муассаса Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 22 апрел кунги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида”ги 175-сонли буйруғи асосида фаолият олиб борилмоқда. Хозирда ушбу бинога 75-қишлоқ оилавий поликлиникаси учун бириктириладиган тез ёрдам бригадаси учун шаҳобча ташкиллаштириш режалаштирилмоқда. 

Туман тиббиёт бирлашмасига кўра, 75-қишлоқ оилавий поликлиникаси (собиқ Дашт-маҳалла ҚВП ) 1999 йилда 2-тип ҚВП шаклида, яъни 10 минг аҳолигача хизмат қиладиган, кўпи билан 4 нафар шифокор фаолият кўрсатадиган, кунлик қабуллари 50 нафар фуқарони ташкил этадиган тартибда қурилган. Айни кунларда, ҚОП ташкиллангандан сўнг муассаса 5 та МФЙ аҳолисига, яъни 21 минг 650 нафар аҳолига хизмат кўрсатади. Бинода фаолият юритадиган шифокорлар сони белгиланган тартиб бўйича 10 нафардан ортиқ. Кунлик фуқаролар қабули эса 150 нафарни ташкил этади. Муассаса биносини ҚОП таркибий тузилмасига мослаштириш учун қайта реконструкция қилиш ва етишмаётган 4 та хоналарни қуриш, дарҳақиқат зарур. Бу борада, таъмирлаш-қурилиш ишлари бўйича юқори турувчи ташкилотларга Давлат дастурига киритиш масаласи тиббиёт бирлашмаси томонидан берилган бўлиб, мазкур қурилиш ишлари 2021 йилда амалга оширилиши режалаштирилган. 

Туман соғлиқни сақлаш бўлими томонидан туманнинг барча ҳудудларидаги тиббиёт муассасалари ва тиббий хизматлар белгиланган тартиб, буйруқ ва қарорлар асосида амалга оширилаётгани, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва уларнинг саломатлигини сақлаш юзасидан бажарилиши лозим бўлган барча зарурий тадбирлар назорат қилиб борилаётганлиги бўлим томонидан маълум қилинди. 

Шунингдек, худуддаги электр таъминоти сифатини яхшилаш борасида туман электр таъминоти корхонаси томонидан ҳам бир қатор муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, корхона тақдим этган маълумотга кўра, Даштчўлпон МФЙ ҳудуди 110/35/10 кВли “Яйпан” нимстанциясидан чиқувчи 10 кВли “Қушқўноқ” ҳаво узатмасидан уланган, қуввати 10 кВАли бўлган №835-сонли трансформатор пунктидан электр энергияси билан таъминланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябр кунги “2017-2021 йиллар давомида паст кучланишли тармоқларни модернизация қилиш ва янгилаш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2661-сонли қарорига асосан туман ҳудудидаги юклама билан ишлаётган трансформаторлар ва яроқсиз, техника хавфсизлиги қоидаларига жавоб бермайдиган 6/10/0,4 кВли ҳаво узатмасини реконструкция қилиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Яъни, ҳудудлардаги қўшимча юклама билан ишлаётган трансформаторларнинг юкини енгиллаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Худди шунингдек, фуқаролар мурожаатлари инобатга олиниб, ҳудуд аҳолиси турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадида, “Даштчўлпон” МФЙ ҳудудига ҳам қўшимча янги трансформатор пункти ўрнатилиши ва 0,4 кВли ҳаво узатмаси реконструкция қилиниши 2020 йил манзилли дастурига киритилган. Туман электр таъминоти корхонасига кўра, дастур ижроси бажарилиши давомида қўшимча етарли қувватда трансформатор пункти ҳамда янги 10/0,4 кВли ҳаво узатмаси қурилади. 

Маҳалладаги ичимлик суви таъминоти бўйича ҳам шу маълум бўлдики, МФЙда ҳудудида “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ Ўзбекистон туман бўлими балансида бўлган 4 та тоза ичимлик сув қудуғи мавжуд бўлиб, хозирда мавжуд 1130 та хўжалик аҳолисини эхтиёжини қондириш мақсадида уларнинг барчасидан ишчи холатда фойдаланилмоқда. МФЙ ҳудудида жами 12 км. ичимлик сув тармоғи мавжуд бўлиб, юзага келган носозликлар корхона ходимлари томонидан бартараф этиш чоралари кўриб борилмоқда. 

Шу ўринда, “Фарғона сув таъминоти” МЧЖ Ўзбекистон туман бўлими томонидан маълум қилинишича, сув истеъмоли бўйича истеъмолчилар билан бўлган ҳуқуқий муносабатларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 194-сонли қарори хамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябр кунги “Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5241-сонли фармонига мувофиқ белгиланган тартибда амалга ошириб келинмоқда. 

Тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ҳам белгиланган чора-тадбирлар амалга оширилиб, қолган фуқаролар йиғинлари қатори “Даштчўлпон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам зарурий мебел жиҳозлари ва комьпютер жамланмаси билан таъминланган. 

Шунингдек, туман ҳокимлиги ва маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан келгусида ҳам фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини янада ривожлантириш юзасидан зарурий чоралар кўрилган. Жумладан, тез кунларда тақдим этилиши кўзда тутилган қўшимча комьпютер жамланмаларидан бири, айнан мазкур маҳаллага ҳам ажратилиши режалаштирилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 феврал кунги ПФ-5938-сонли фармойишига асосан бюджет ташкилотининг моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳисобидан 2020 йил июл-август ойлари учун тумандаги барча фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (шу жумладан, “Даштчўлпон” маҳалла фуқаролар йиғини) ходимларининг лавозим маошига 30 фоиз қўшимча махсус устама тўлиқ тўлаб берилиши таъминланган. 

Мухтасар қилиб айтганда, юқоридаги мақолада баён этилган, Ўзбекистон тумани “Даштчўлпон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ҳолатлар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, уларнинг ижобий ечимини топиш чоралари туман ҳокимлиги, туман ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги 3-сектор мутасаддилари, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан тегишли тартибда назоратга олинди. 

Зеро,  бугунги кунда жамият бошқарувининг халқчил тизими сифатида ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда қатор вазифаларни самарали амалга оширишда муҳим аҳамият касб этаётган фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш масалалари туман ҳокимлиги ва маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг доимий диққат-эътиборидадир.

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати