Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 17 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

КОНСТИТУЦИЯ – ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАР КАФОЛАТИ

×

 2020-08-27 23:39:09    149

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилингандан кундан то шу кунга қадар ҳаётимизнинг барча жабҳаларида ўзини намоён қилиб келмоқда. Чунки Конституция мустақиллигимиз меваси бўлиб, бугунги кунда барчамиз учун мўътабар ижтимоий қадриятга айланди.

Конституция – (лотинча сўздан олинган бўлиб, “conctitutio – ўрнатиш, тузилиш маъноасини ангалатади) аввало инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини эълон қилиш, белгилаш, кафолатлаш билан бирга давлат тузилиши асосларини, ҳокимият марказий ва маҳаллий органларини ташкил этиш асосларини, уларнинг ваколатларини ва ўзаро муносабатларини, давлат рамзлари ва пойтахтни белгиловчи қонун ҳужжати, ҳужжатлар ёки конституциявий одатлар мажмуи хисобланади.

Таъкидлаш мумкинки, Конституция бутун халқ ёки жамиятнинг барча ижтимоий гуруҳларининг манфаатларини ва иродасини ўзида ифода қилувчи давлатнинг асосий қонунидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятини англаган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таяниб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинганлиги Бош Қомусимизнинг муқаддимасида кўрсатиб ўтилди.

Ҳар қандай давлатнинг демократик бошқарувдаги асосий мезон бу – фуқароларга берилган ҳуқуқлар ва эркинликларнинг қанчалик даражада кафолатланганлигидир. Конституция инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, шахснинг жамиятда тутган ўрни, давлат муносабатларини белгилайдиган ҳуқуқий ҳужжатларнинг асоси хисобланади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг давлат томонидан кафолатланишида кенг кўламда ҳуқуқ ва эркинликларни эълон қилиш, фуқаролар тенглигини тан олиш билан давлат одамларни ҳаёт кечириш воситалари манбаалари билан тўла таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олмайди. Бунда давлатнинг асосий – инсонлар ўз қобилият ва эхтиёжларини тўла намоён қилишлари ва амалга оширишлари учун зарур бўлган дастлабки кенг имкониятларни ва жараёнларни вужудга келтирадиган ҳуқуқий механизмни яратиб беришдан иборат.

Бундай берилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кишилар давлат, жамият ва бошқаларнинг ҳуқуқларини бузиш эвазига ўз мақсадларида фойдаланишларига йўл қўйилмайди.

Конституция 6-бўлим, 26-боб ва 128-моддадан иборат бўлиб, унда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини эълон қилиш, белгилаш, кафолатлаш билан бирга давлат тузилиши асосларини, ҳокимият марказий ва маҳаллий органларини ташкил этиш асосларини, уларнинг ваколатларини ва ўзаро муносабатларининг конституцияий асослари яратилди.

Асосий қонунда энг муҳим масала бу инсон ҳуқуқи, эркинлиги ва бурчлари масаласидир. Конституция ўзбек қонунчилиги тарихида биринчи бор тўлиқ маънода барча демократик тамойилларга биноан инсонни улуғлаш, унинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлашдек улуғвор аҳамият касб этувчи масалани ҳал этди.

Конституцияга мувофиқ инсон ким ва қандай ижтимоий шарт-шароитда яшамасин, у қонун олдида барча билан баробар эканлиги, инсон, унинг ҳаёти ва эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари олий қадрият хисобланади.

Асосий Қонунимизнинг иккинчи бўлими инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган бўлиб, унда умумий қоидалар қатъий белгилаб қўйилган, мисол учун, Конституциянинг 18-моддасига кўра: “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгилаб қўйилади”.

Бунда имтиёзларни белгиланиши тўлиқ адолат принципларига мос бўлиши шартлиги ҳамда барчанинг қонун олдида тенглиги ва имтиёзлар фақат қонунда белгиланган бўлиши билан характерланиши назарда тутилган.

Конституциянинг VII-бобида (24-31-моддалар) шахсий ҳуқуқ ва эркинликларнинг конституциявий кафолатлари белгиланган бўлиб, унда яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи эканлиги, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят сифатида қаралиши, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмаслиги, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги, судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилиши, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтказилиши мумкин эмаслиги, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эгалиги, қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустасно эканлиги белгиланган.

Шунингдек, ушбу бобда фуқароларнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эгалиги, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустасно эканлигини, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкинлиги, Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги, барча учун виждон эркинлиги кафолатланганлиги, инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга эканлиги, ҳар қандай кўринишдаги диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслигининг конституциявий кафолатлари яратилди.

Албатта, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини жамият томонидан, давлат томонидан муҳофаза қилиниши, муҳим ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини эътироф этиш билан бирга, масаланинг иккинчи томонига ҳам эътибор қаратиш муҳим. Яъни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимояси уларнинг маънавиятига, ҳуқуқий маданиятларига ва ҳуқуқий онгига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Бунда фуқароларнинг қонунларда белгиланган, ўз ҳақ ва ҳуқуқларини қай даражада билишлари, бу ўз моҳиятига кўра ҳар бир шахсни ўзлигини англашнинг асосий жиҳатларидан бири, шахс ҳуқуқларининг конституциявий кафолатларини рўёбга чиқаришнинг асосий шартларидан биридир. Чунки, фуқаро қонуний ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмасдан, уларни муҳофаза қила олмасдан ўзликни англаш тўғрисида сўз бўлиши мумкин эмас.

А.Эргашев 
Ўзбекистон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси