Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 65 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

МЕҲНАТ МИГРАНТЛАРИГА ХОНАДОНЛАР АЖРАТИШ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

×

 2020-08-22 15:59:23    181

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги ПФ-5785-сон фармони қабул қилинган. Мазкур фармонда белгиланган вазифалар ҳамда чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январда қабул қилинган “Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 39-сонли қарори билан тасдиқланган низомда эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига учун кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш тартиб-қоидалари батафсил белгилаб қўйилди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 1 июнга қадар уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига талаб этиладиган уй-жойларнинг рўйхатини шакллантирилиб, уй-жойлар қурилиши бўйича келгуси йилга мўлжалланган давлат дастурларига белгиланган тартибда киритилиши назарда тутилган.

Таъкидлаш лозимки, уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари сифатида хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари назарда тутилиб, бунда Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ва консуллик муассасалари ҳамда ваколатхоналарида ишловчи шахсларга нисбатан ушбу Низомда кўрсатилган меъёрлар тадбиқ этилмайди.

Вазирлар Маҳкамасининг юқорида келтирилган қарори билан тасдиқланган Низомга асосан уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд эканлигидан келиб чиқиб, меҳнат мигранти ёки унинг номидан оила аъзоcи «labor migration» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ҳолда ариза билан мурожаат қилади.

Шунингдек, уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида дастурларда иштирок этиш учун ариза берувчига талабгорларни танлаш бўйича комиссия томонидан ёзма тавсия берилади.

Талабгорларни танлаш бўйича комиссия томонидан талабгорларни танлаш ва дастурларда иштирок этишда уларнинг ижтимоий устуворлигини белгилашда ариза берувчиларнинг ижтимоий ва уй-жой шароитларининг асосий кўрсаткичлари ижтимоий мезонлар сифатида ўрганиб чиқилиб, уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида дастурларда иштирок этиш учун ариза берувчилар орасидан талабгорларни танлаш бўйича комиссия томонидан тасдиқланган уй-жойга муҳтож талабгорлар рўйхати тузилади.

Шу билан бирга талабгорларни танлаш бўйича комиссия томонидан аризани кўриб чиқишда уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари қуйидаги ижтимоий мезонлар асосида аниқланади.

Жумладан;

- ариза берувчида мулк ҳуқуқи асосида турар жойнинг йўқлиги, турар жойда ижара шартларида яшаши ёки мулк ҳуқуқи асосида турар жойининг яшаш учун яроқсизлиги;

- бошқа оила ёки оилалар билан бир уйда, бир хонадонда истиқомат қилиши;

- уч ва ундан ортиқ болали оилалар;

- ариза берувчи оиласининг даромадлари ҳисоби;

- ижтимоий хусусиятига кўра, оиласида алоҳида хонада яшаши керак бўлган, яъни сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз касаллигига чалинган бемор (бунда эри, хотини, фарзандлари ва ота-онаси назарда тутилади,  туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг хулосаси асосида) мавжудлиги;

- ариза берувчининг оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мавжудлиги;

- ариза берувчи уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган, яъни бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадан фойдаланиб харакатланувчи ногиронлар учун 23 кв метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги;

- ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларни тарбиялаётган меҳнат мигрантлари.

Талабгорларни танлаш бўйича комиссия томонидан Низомда белгиланган шаклда ариза берувчининг уй-жой шароитларини ўрганиш ва ижтимоий устуворлигини белгилаш якунлари бўйича ариза берувчида уй-жой шароитларини яхшилашга бўлган эҳтиёж амалда мавжудлиги ёки йўқлиги тўғрисида текшириш далолатномаси ижтимоий устуворликни белгилаш якунлари бўйича олинган балларни кўрсатган ҳолда тузилади. Текшириш далолатномаси икки нусхада тузилиб, унинг бир нусхаси имзо қўйдирилган ҳолда ариза берувчига тақдим этилади.

Комиссия томонидан талабгор аризасини кўриб чиқиш ва уй-жой шароитларини ўрганиш натижасида талабгорларни танлаш бўйича комиссия ёзма тавсия беради ёки ёзма тавсия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Агарда комиссия томонидан ёзма тавсия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ариза кўриб чиқилгандан сўнг бир иш куни мобайнида ариза берувчига ёзма тавсия берилади.

Шунингдек, комиссия томонидан ёзма тавсия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ёзма тавсия беришни рад этишнинг аниқ сабаблари ва ариза берувчи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда, ариза берувчига бир иш куни мобайнида ёзма шаклда хабарнома юборилади ёки топширилади.

Бунда ариза берувчи ёзма тавсия бериш рад этилишининг сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат ёзма тавсия бериш рад этилиши тўғрисидаги ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

Талабгорларни танлаш бўйича комиссия дастурларда иштирок этиш учун ёзма тавсия берилган талабгорлар рўйхати ҳар бир туман, шаҳарда ҳар йили амалга оширилаётган дастурлар доирасида шакллантирилади ва комиссиянинг баённомаси билан тасдиқлаб, икки иш куни ичида тегишли туман, шаҳар ҳокимликлари, инжиниринг компанияси филиали ва иштирок этувчи тижорат банкларига юборади. Юборилаётган рўйхатда талабгорларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш манзили, шахсига оид маълумотлар, оила аъзолари сони ва бериладиган уй-жойлар аниқ кўрсатилиши лозим.

Азизбек ЭРГАШЕВ

Ўзбекистон туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси