Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Фарғоналик тадбиркорлар-ислоҳотчи” тажрибаси Ўзбекистон туманида янада кенг қулоч ёзмоқда
2020-08-21 12:13:21 181
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг аҳоли ҳаёти, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида жорий йилнинг 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида “Фарғона тадбиркорлари – ислоҳотчи” тажрибасини амалга ошириш ташаббусини илгари сургани Ўзбекистон тумани тадбиркорларига ҳам мустаҳкам ишонч ва катта масъулият юкламоқда.
Туманимиз тадбиркорлари албатта бу имкониятлардан самарали фойдаланиб, юртимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоқдалар.
Ана шундай тадбиркорлик субъектларидан бири, тумандаги “DAZA FOODS” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Болгария қўшма корхонаси ҳам мазкур тажриба асосида янги ташаббуслар ва янада шиддат билан ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Қўшма корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган музқаймоқ ва қовурилган кунгабоқар пистаси маҳсулотлари юқори сифати ва хуштаъмлиги билан истеъмолчиларга манзур бўлмоқда.
2015 йилда ишга тушган мазкур лойиҳанинг қиймати 1,1 млн. АҚШ долларини ташкил этади.
Корхонадаги Австрия технологияси ҳисобланган линия суткасига 2 тонна сутни қайта ишлаб, 21 турдаги музқаймоқ тайёрлаш қувватига эга.
Корхона дастлаб, 10 нафар ишчи билан ўз фаолиятини бошлаган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 35 нафарга етган. Сўнгги йилларда 5 нафар коллеж битирувчилари ишга қабул қилинган.
Ишчиларнинг ишдан бўш вақтларида мазмунли дам олишлари учун алоҳида дам олиш хоналари мавжуд, уч маҳал иссиқ овқат ва бир қатор имтиёзлар ҳам яратилган. Мазмунли хордиқ ва спорт билан шуғулланишлари учун стол тенниси ва махсус спорт тренажёрлари билан жиҳозланган зал уларнинг хизматида.
- Давлатимиз раҳбари бошчилигида юртимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда, - дейди қўшма корхона таъсисчиси Азизхон Алижонов. - Ўтган 2019 йилда тижорат банкининг 1,5 млрд. сўмлик кредит маблағи эвазига корхонамиз фаолиятини кенгайтирдик. Сут ва музқаймоқ маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган 250 дона махсус музлаткичлар харид қилдик. Сифатли музқаймоқ тайёрлаш учун сутни фермер хўжаликларидан оламиз. Корхонамиз маҳсулотлари вилоятимизнинг барча туманларига ҳамда Андижонга ва Наманган вилоятларига ҳам буюртма асосида етказиб берилмоқда.
Янги ғоя ва ташаббусларга бой бўлган корхона масъуллари томонидан сўнгги вақтларда яна бир янги лойиҳа амалга оширилди. Энди, харидор ва буюртмачилар айнан корхона маҳсулотларига алоҳида мобил дастури асосида электрон буюртма беришлари мумкин.
Жамоа томонидан, хозирда яна янги мобил иловани йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда. Бунда маҳсулотлар етказиб бериладиган савдо дўконларидаги ҳолат янги мобил дастури ёрдамида мониторинг қилинади ва маҳсулотларга бўлган талаб ўрганилади. Бу эса талабга кўра ўз вақтида, пешма-пеш сифатли маҳсулот етказиб берилишига хизмат қилади.
Бугунги кун тараққиётининг етакчи кучига айланган тадбиркорларимиз, ўз фаолиятларини ривожланиши учун яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиб, ана шундай янги лойиҳа ва ташаббуслар билан қизғин фаолият кўрсатмоқдалар.
Муроджон МАНСУРОВ
Ўзбекистон тумани ҳокими ўринбосари-
туман инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
билан ҳамкорликда тайёрланди