Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 52 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Ўзбекистон тумани бир гуруҳ тиббиёт соҳаси раҳбарларининг туманимиз аҳолисига МУРОЖААТИ

×

 2020-08-20 23:08:36    173

PDF yuklash
Chop etish


Қадрли ҳамюртлар, азиз тумандошлар!

Барчага маълумки, бугун кунда коронавирус билан курашиш барча давлатлар олдида турган энг долзарб муаммо бўлиб турибди.

Ушбу муаммо энг ривожланган давлатларнинг ҳам иқтисодиётини издан чиқарди.

Мамлакатимизда Юртбошимиз, Республика комиссияси раҳбарлигида коронавирусга қарши курашиш борасида ўз вақтида кўрилган қатъий чоралар, белгилаб олинган муҳим вазифалар, амалга оширилган тезкор тадбирлар туфайли пандемиянинг салбий оқибатлари олди олиниб, бу борадаги ишлар тизимга туширилиб олинди.

Албатта, бу борада 20 га яқин Фармон ва қарорлар қабул қилинди, ҳар ҳафтада турли соҳалар бўйича ўтказилаётган йиғилишларда ҳам пандемиянинг таъсирини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, ушбу масала Давлат Раҳбарининг домий назоратида турибди.

Бош вазир раҳбарлигида ҳукумат комиссия тузилиб, туну кун мунтазам фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий йилнинг 12 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш топшириғи берилди.

Бунда, биринчи навбатда, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, уларнинг тиббий хизматлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш, иккинчидан, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва бу орқали аҳолининг яшаш шароитларини енгиллаштириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Республика махсус комиссияси қарори билан 15 августдан бошлаб барча ҳудудларда карантин чекловларининг аксарият қисми бекор қилинди.

Аммо, карантин қоидаларини юмшатиш дегани – бу унинг буткул бекор қилинганлигини англатмайди. Жумладан, жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш, ижтимоий масофани сақлаш, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш бўйича чекловлар ўз кучида қолдирилди.

Хурматли юртдошлар!

Бугунги кунда туманимизнинг барча ҳудудларидаги 8 та қишлоқ оилавий поликлиникалари, 1 та қишлоқ врачлик пункти ва кўп тармоқли марказий поликлина кучайтирилган иш режимига ўтказилиб, 24 соат давомида фуқароларимизга лозим бўлган биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатиб келмоқда.

Тиббиёт бирлашмасига қарашли барча тиббиёт муассасаларидаги мавжуд телефон аппаратларидан ташқари, туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилган 60 та стационар-кўчма ва 11 та мобил телефон аппаратлари билан жиҳозланиб, уларнинг барчасига сим-карталар ўрнатилиб, туну-кун фаолият кўрсатмоқда. Тумандаги бирламчи тиббий санитария муассасалари патронаж ҳамшираларига 175 та сим карта онлайн патронаж хизмати учун тақдим этилиб, мазкур янги тизим орқали беморларни олдиндан онлайн патронаж қилиш орқали кунлик хатловдан ўтқазилмоқда.

Шунингдек, фуқароларга қулайлик яратиш, шунингдек, уларга малакали тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатишни таъминлаш мақсадида туманда “Махсус поликлиника” фаолияти ҳам ташкил этилиб, мазкур муассаса коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахсларни амбулатор даволаш йўлида туну кун фаолият кўрсатмоқда. (Телефон рақамлари: (95) 400-60-03 ва (95) 400-65-03)

Ушбу поликлиникамизга 7 нафар шифокор, 14 нафар ҳамширадан иборат 7 та махсус мобиль бригадалар бириктирилган. Шунингдек, мазкур бригадаларда доимий равишда ишловчи лаборант, рентгенолог шифокор ва рентген лаборант каби мутахассислар фаолият олиб боради. Поликлиникада барча зарурий дори-дармонлар, шахсий химоя кийимлари, тиббий қўлқоп ва ниқоблар захираси яратилган.

Таъкидлаш жоизки, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида “Махсус поликлиника”мизда таҳлил учун намуналар олишга мўлжалланган лаборатория мавжуд бўлиб, олинган намуналарни зудлик билан Қўқон шаҳар ва вилоят марказидаги коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларига белгиланган тартибда жўнатиш амалиёти йўлга қўйилган. Шунингдек, мурожаат қилган шахслар учун муассасада кундузги стационар хам ташкил этилган.

Тумандаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари, Чернобил ҳалокатини бартараф этишда иштирок этган шахслар, Афғон уруши иштирокчилари, якка-ёлғизлар, эҳтиёжманд оилаларга 254.8 млн. сўм маблағ ҳисобидан 1093 дона 21 турдаги дори воситалари ва ҳимоя воситаларидан иборат аптечкалар етказиб берилди.

Туман юқумли касалликлар шифохонасида тўлиқ каронавирус инфекциясига шубҳа қилинган фуқаролар учун бугунги кунда 100 та ўрин жой тайёрланган.

Шунингдек, ушбу офатни жиловлаш ва талофатларнинг олдини олиш мақсадида туманда яна қўшимча 500 ўринга мўлжалланган махсус карантинда сақлаш жойлари ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

Туман тиббиёт бирлашмасига 5 та янги сунъий нафас бериш аппаратлари олиб келинди.

Туман юқумли касалликлар шифохонасидаги мавжуд шарт-шароитлар ва муассаса моддий техник базасини янада яхшиланиб, узлуксиз икки томонлама электр энергияси ҳамда кислород тизими билан таъминланди. Бунинг учун туман маҳаллий бюджетидан 110  млн. сўм ажратилди.

Шунингдек, туман ҳокимлигининг ташаббуси ва амалий ёрдами билан туман тез тиббий ёрдам бўлими ва унинг Шакаробод, Бегобод ва Шўрсув шахобчаларида кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Туман аҳолисига тезкор хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида туман ҳокимлигида ташкил этилган штаб ва унинг (73) 539-12-81 рақамли, туман санитария-эпидемиология осойишталик марказида ташкил этилган хизмат кўрсатиш гуруҳи ва унинг (73) 539-12-06 рақамли телефонлари ҳамда тиббиёт бирлашмасида қошида ташкил этилган (73) 539-22-91 телефон рақамли “кол марказ” орқали инфекцияга қарши курашиш бўйича барча мурожаат ва масалалар хал этилмоқда.

Туманимизда аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун 17 та тиббиёт автомобил мобил гуруҳлари ҳамда пандемия даврида туманда касалликни аҳоли орасида олдини олиш, ушбу инфекция билан касалланган, лекин аломатсиз кечаётган беморларни уй шароитида даволанишини назорат қилиш ва уларга кўмак бериш мақсадида тиббиёт ходимлари, вирусолог ва эпидемиолог мутахассислардан иборат 2 та тиббий гуруҳлар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Туман юқумли касалликлар шифохонаси тиббиёт ходимлари, эпидемиологлари амбулатор поликлиникаларда ташкил этилган 10 та мобил бригада аъзолари жами 16 нафар мутахассислар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган янги вақтинчалик протоколлар билан онлайн усулда ўқитилди.

Қадрли тумандошлар, азиз нуронийларимиз ва ёшлар!

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларга мурожаат қилмоқчимиз.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, мамлакатимизда 15 августдан бошлаб карантин қоидаларини юмшатиш дегани – бу унинг буткул бекор қилинганлигини англатмайди, албатта.

Минг афсуслар бўлсинки, шу кунларда айрим фуқароларимиз карантин тартиблари ва шахсий гигиена қоидаларига амал қилмасдан, хатто ниқоб тақмасдан юриш ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз, баъзида. “Касаллик бизга юқмайди, биз карантин қоидаларига амал қилишимиз шарт эмас”, деган инсон жуда қаттиқ адашади.

Бу каби салбий ҳолатлар туманимиз ҳудудида касаллик яна қайд этилиши ёки бундан ҳам оғирроғи, унинг авж олишига сабаб бўлиши мумкин.

Ёдингизда бўлса, асосан, мамлакатимизда жорий йилнинг июль ойидан бошлаб касалланиш кўрсаткичлари кескин кўтарилди. Шу боис Президентимиз инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш ва беморларни даволашда янги тизимни йўлга қўйиш юзасидан аниқ топшириқлар берди. Бинобарин, пандемия жараёни ўзгарди. Вирус нафақат касаллик ўчоғида бўлган фуқаролар ҳамда беморлар билан мулоқотга киришган инсонлар ўртасида, балки аҳоли орасида ҳам кенг тарқалди. Шу сабабдан ҳам 10 июлдан 1 августгача қатъий карантин тикланганди, сўнг яна 15 августгача узайтирилган эди.

Юмшатилган карантин қоидалари даврида эса муносиб хулоса чиқаришимиз, соғлиғимиз ўз қўлимизда эканини яна бир бор теран англашимиз шарт.

Синовли кунлардан тезроқ ва имкон қадар беталофат ўтиш, тождор вирусни буткул даф этишда ҳар биримизнинг юксак ҳиссамиз борлигини унутмаслигимиз лозим.

Бугун халқимиз саломатлигини асраш учун сидқидилдан меҳнат қилаётган соҳа вакиллари номидан барчани қуйидаги тавсияларга қатъий амал қилишга чақирамиз.

Биринчидан, агар зарурат бўлмаса, уйингиздан ташқарига чиқманг. Зарурат юзасидан кўчага чиққанингизда эса, албатта, тиббий ниқоб тақишингиз ва одамлар билан 2 метрдан кам бўлмаган масофада мулоқот қилишингиз лозим. Тиббий ниқоб ва оралиқ масофа сизни вирусдан зарарланишдан асрайди.

Иккинчидан, қаерда бўлишингиздан қатъий назар, юз ва қўлларингизни тез-тез ва оқар сувда совунлаб ювинг, зарарсизлантирувчи суюқликлардан фойдаланинг, кўзингизни қўлингиз билан асло ишқаламанг.

-Йўталсангиз, аксирсангиз оғизни дастрўмол ёки салфетка билан ёпинг.

-Шамоллаш ёки грипп аломатлари бор инсонлардан энг камида 2 метргача яқинлашманг, ижтимоий масофани сақланг, улар билан бир хонада бўлманг.

-Овқатланиш рационига амал қилинг. Янги узилган сабзавотлар, кўкатлар, меваларни ювиб, кўпроқ истеъмол қилинг. Бу сизнинг иммун тизимингизни мустаҳкамлайди.

Учинчидан, синалмаган дорилар, турли-туман воситаларни ўзбошимчалик билан қабул қилманг. Шифокор маслаҳатисиз ўз-ўзингизни даволаманг!

Тўртинчидан, агар ўзингизда қуруқ йўтал, томоқ оғриғи, нафас қисиши ва иситма кузатилса, ўтиб кетади, деб бепарво бўлмай, зудлик билан шифокорга, тез ёрдамга ёки САLL марказларига мурожаат қилинг!

Бешинчидан, патронаж ҳамширалар телефон орқали мурожаат қилганда оила аъзоларинг соғлиғи ҳақида тўғри маълумот беринг!

Коронавирус инфекцияси даволаса бўладиган касаллик, фақат ўз вақтида тиббиёт ходимига мурожаат қилиш зарурлигини унутманг.

Бу каби карантин қоидаларига ҳар бир оила, энг аввало, ўзи қатъий амал қилиш орқали барчага шахсий намуна бўлиши мумкин.

Айни жараёнда нафақат тиббиёт ходимлари, давлат идоралари, шу билан бирга фаол жамоатчилик назорати ўрнатиш натижасида тушунтириш-тарғибот ишлари самарадорлигини янада ошириш имконияти яратилади.

Муштарак мақсад йўлида барчамиз жипслашсак, ҳар бир инсон ва оила, халқимизни кўринмас ушбу балодан ишончли ҳимоя қилган бўламиз, албатта.

Биз тумандаги тиббиёт ходимлари халқимизни коронавирус пандемиясидан асрашда билим-тафаккуримиз, ҳаётий тажриба, соҳанинг моддий-техника базасидан унумли фойдаланган ҳолда барча имкониятларимизни тўлиқ сафарбар этамиз.

Бу борада белгиланган тартиб-тамойилларга қатъий риоя этсак, миллий қадриятларимизга уйғун бўлган тиббий маданиятимизни намоён қилсак, юртимиз тез орада коронавирусдан холи ҳудудга айланади. Акс ҳолда касаллик яна авж олиб, карантин тартиблари кучайтирилиши ҳеч гап эмас.

Бугунги синовли кунларда шахсий жавобгарлик, масъулият ва дахлдорлик туйғуси ҳар биримизнинг юрт олдидаги шарафли бурчимиздир!    

Обиджон ТУСМАТОВ,

туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи

Акмалжон СУЛАЙМОНОВ,

туман санитария эпидемиология осойишталиги маркази бош врачи

Шахобиддин НАСРИДДИНОВ,

туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими  мудири

Абдувахоб КАРАМАТУЛЛАЕВ

туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси мудири

Иномали АХМЕДОВ

туман тиббиёт бирлашмаси координатори

Сохибжон МАВЛОНОВ

туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлими мудири