Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 96 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Мактаб битирувчиларимиз Xiamen, ISMA, Британия менежмент университетлари талабаси бўлди

×

 2020-08-15 11:42:05    82

PDF yuklash
Chop etish


2019-2020 ўқув йилида Ўзбекистон туманидаги 66 та умумтаълим мактабларини жами 2913 нафар битирувчилар тамомлаган бўлиб, уларнинг 2365 нафари (81 фоиз) ОТМларга ҳужжат топширган. Қолган битирувчилар эса техникумларда ўқишни давом эттиришни ихтиёр этган бўлса, касб-ҳунарга қизиққанларини ўзини ўзи банд қилиш чоралари кўрилмоқда.

Битирувчиларнинг орасида пухта билим олиб, тиришқоқлиги ва интилувчанлиги билан аъло баҳоларга ўқиган 23 нафари олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлган. Бу ҳақда ҳам аввал хабар берган эдик. 

Иқтидорли ёшларимизга янги билим чўққиларини забт этишга хаттоки пандемия ва карантин ҳам халал бера олмади.

Туман халқ таълими бўлимининг маълум қилишича, шу кунгача ана шундай зукко ва билимли битирувчиларимиздан 10 нафардан ортиғи муддатидан аввал олий таълим муассасалари талабалари сафига қабул қилинди.

Фото: ISMA

Етти нафар битирувчилар турли халқаро онлайн олимпиадалар, нуфузли спорт мусобақалари ва кўрик-танловларда иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллагани учун имтиёзни қўлга киритган. Натижада мамлакатимиздаги қатор нуфузли ОТМларга муддатидан аввал ўқишга кириш бахтига муяссар бўлишди.

Шунингдек, бугунги кунгача яна 8 нафар битирувчиларни бир қатор халқаро университетларга ўқишга кириш учун онлайн имтиҳонлардан ўтиб, талаба бўлиш имкониятига эга бўлганлиги тўғрисидаги маълумотга эга бўлдик.

65-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати битирувчилари Ахрорхўжа Азамхўжаев ва Акрамхон Шухратжоновлар инглиз тили ва математика каби фанларни чуқур ўзлаштириши натижасида Тошкентдаги Британия менежмент университетига ўқишга киришга муввафақ бўлдилар.

Фото: Ўзбекистон тумани 65-ИДУМИ битирувчиси Ахрорхўжа Азамхўжаев

- Ўзи, ахборот технология дастурчилигига қизиқаман. Бу соҳада кўплаб ўрганиш ва изланишлар олиб бормоқдаман. Даставвал Тошкентдаги Инҳа университетига ўқишга кириш ниятим ҳам йўқ эмас эди. Дўстим Акрамхон шу йил мамлакатимизда ташкил этилган Британия менежмент университети ҳақида, у ердаги таълим олиш шароитлари ҳақида қизиқтириб, шу танловни қабул қилишимга сабабчи бўлди. IELTS дан етарли балим борлиги учун инглиз тилидан имтиҳон топширишга хожат қолмади, - дейди ёш дастурчи Ахрорхўжа Азамхўжаев. – Хозирча тўлов-контракт асосида қабул қилинганим аниқ. Грантга ҳам онлайн имтиҳон топшириб қўйганман, тез кунда жавобини кутяпман. Муҳими, орзу-мақсадларим аниқ: албатта олий таълимда ўқишимни давом эттираман, дунёдаги энг яхши дастурчилар қаторида ҳам жой оламан, албатта.

Шу мактаб-интернатнинг яна бир битирувчиси Элёрбек Хабибуллаев ҳам хорижий давлатларнинг бира тўла 2 та нуфузли олий таълим муассасалари онлайн имтиҳонларидан муввафақиятли ўтиб, устозлари ва ота-онасининг ишончини оқлади.

Фото: Ўзбекистон тумани 65-ИДУМИ битирувчиси Элёрбек Хабибуллаев

- Малайзиянинг Xiamen университети ва Тошкентдаги Британия менежмент университетига топширган эдим имтиҳонларни. Хар иккисига ҳам қабул қилинганим тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиб олдим. Бундай натижаларга эришишимда албатта мактабдаги устозларимнинг ҳиссаси катта, - дейди Элёрбек Хабибуллаев. - Юртимиздаги яна 5 та олий таълим муассасаларига ҳам хужжат топширганман. Яқинда бўлиб ўтадиган тест имтиҳонларидан сўнг, натижаларга кўра бир қарорга келаман.

Яна бир умидли, ёш билимдонимиз Мафтунабону Қобулова туман марказидан 14 км масофадаги, тоғли ҳудудда жойлашган Шўрсув маҳалласидаги 9-умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тамомлади.

Фото: Ўзбекистон тумани 9-мактаб битирувчиси Мафтунабону Қобулова

Ўзининг тиришқоқлиги, билимга бўлган ташналиги билан тенгдошларидан ажралиб турадиган Мафтунабону ҳам карантинда бекор ўтирмади. Илм олишда, ўзинининг устида ишлашда давом этди. У ҳам Малайзиянинг Xiamen университетига имтиҳон топшириб, грант асосида ўқишга киришга эришди.

- Кенжа фарзандимиз, ёшлигидан мутолаага меҳр қўйган. Инглиз тили, тарих ва рус тили фанларини чуқур ўзлаштиришга ҳаракат қилиб келган доимо, - дейди 22 йиллик педагогик стажга эга, хозир хам шу мактабда рус тили фанидан таълим бераётган онаси Дилрабохон Қобулова. - Эришган натижасидан барча яқинлари, оиламиз билан бениҳоят қувондик. Юртимизда олган ва мустаҳкамлаган таълимнинг меваси деб ҳам биламан бу ютуғини. Бугунги пандемия ва карантин шароитларини енгиллашини кутиб турибмиз. Вазият яхши томонга ўзгариши ва сафар олди сўнгги ҳужжатлари тайёр бўлиши билан оқ фотиха бериб кузатиб қўямиз ўқишига.

Фото: Ўзбекистон тумани 22-мактаб битирувчиси Фатхулла Тожибоев

Худди шунингдек, 22-мактаб битирувчиси Фатхулла Тожибоев ҳам Малайзиянинг Xiamen университетига қабул қилинган бўлса, 7-мактаб битирувчилари Мадалихон Қосималиев ва Диёрбек Зокировлар Латвиянинг ISMA университети Фарғона филиалида, 8-мактаб битирувчиси Мукаррамхон Иброхимова эса Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида таҳсил олиш имкониятига эга бўлишди.

Юқорида маълум қилганимиздек, турли спорт мусобақаларида ғолиб бўлган 4 нафар ва онлайн тарзда ўтган турли халқаро фан олимпиадаларидаги эришган натижалари учун яна 3 нафар битирувчиларимиз ҳам муддатидан аввал республикамиздаги олий таълим муассасаларига қабул қилиндилар.

Шу ўринда, юқорида келтирилган яна бир умидбаҳш рақамни эслатиб ўтмоқчи эдикки, жорий ўқув йилида 2913 нафардан битирувчиларимиздан 2365 нафари ОТМларга онлайн хужжатлар топширган. Бу дегани эса, хали кўплаб ютуқлар ва бисёр хушхабарлар олдинда! Республикамизда сентябр ойида ўтказилиши кутилаётган кириш имтиҳонларидан сўнг бундан-да юқори кўрсаткичлар барчамизни хушнуд этишига ишонамиз, албатта. Бу борада, барча абитуриент ёшларимизга улкан омадлар, касб-ҳунарга ошно бўлган келажагимиз эгаларига эса мустақил ҳаётларида кўплаб ютуқ ва зафарлар ҳамроҳлари бўлишини тилаймиз.  

 Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати