Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 70 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Одил судловга ишончни ошириш-муҳим масала

×

 2020-07-29 22:17:59    166

PDF yuklash
Chop etish


2020 йил 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судловни самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармони эълон қилинди.

Фармон суд-ҳуқуқ ислоҳотларни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш ва мавжуд муаммолар ечимига қаратилган.

Маълумки, ҳозирга қадар вилоят даражасида фуқаролик, маъмурий, жиноят ва иқтисодий судлар мавжуд эди. Бу эса, ўз навбатида, турли харажат ва штатларни талаб этар эди. Лекин энг асосийси бу эмас. Ҳар бир судья кўрадиган ишлар сони қайсидир судларда кўп ва қайсиларидадир кам эди. Фармон билан мазкур судлар бирлаштирилиб, судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари буйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш орқали мазкур масалага ечим топилишига эришилади.

Фармон билан маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилмокда. Шунингдек,  маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш белгиланмоқда. Ҳозирга қадар мавжуд бўлган 199 туман (шаҳар) маъмурий судларининг ўрнига туманлараро маъмурий судлари ташкил этилишининг асосий сабаби шундаки, бугунгача маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган ишларнинг ўрта ҳисобда 90 фоизни маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар ташкил этган. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларнинг жиноят ишлари бўйича судларга қайтарилиши маъмурий судларнинг маълум маънода оптималлаштирилишини тақозо қилмоқда, шунингдек, маъмурий судлар ривожланган давлатлар илғор тажрибасида мавжуд бўлгани каби оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқаётган ишларни кўришда янада ихтисослашишига имкон бўлади. Бу эса маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишига янада катта эътибор қаратилишини англатади.

Прокурор томонидан суднинг тегишли қарор қабул қилиб бўлинган ишларини ўз ташаббусига кўра чақириб олиб, ўрганиш амалиёти қайсидир маънода суд устидан назорат маъносини ҳам англатар ва турли халқаро мутахассисларнинг хақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди. Фармон билан прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш тизими жорий қилинмоқда. Бу эса прокурорнинг ўз ташаббусига кўра суд ишларини ўрганиш амалиётига барҳам беради. Фармон билан қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш назарда тутилган. Бунга сабаб прокурор қайсидир тарафнинг фойдасига фикр билдириши унинг холислигига таъсир қилаётган эди. Шунинг учун ҳам кўпгина ривожланган давлатларда прокурорнинг фуқаролик, иқтисодий ишлар ва  ҳаттоки маъмурий низолар кўрилишида судда иштироки айрим истисноли ҳоллардан ташқари умуман мавжуд эмас. Мазкур ривожланган хорижий давлатларда прокурор асосан жиноят ишлари юзасидан судда иштирок этиши ва дастлабки терговни мувофиқлаштириши назарда тутилган.

Шунингдек, Фармон билан судьялар мақомини кучайтиришга қаратилган бир қанча янгиликлар назарда тутилган. Жумладан, барча судьялар ва суд аппарати ходимларининг иш ҳақи ва қўшимча тўловлари тўлиқлигича давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга ўтказилмоқда. Шунингдек, судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилиши назарда тутган ҳолда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзтатиш ва кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилмоқда ҳамда судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби янада аниқлаштирилмоқда.

Фармонда назарда тутилган янгиликларнинг амалиётга жорий этилиши билан судьялар мустақиллиги янада кучаяди. Одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ошади, пировардида, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, тадбиркорлик субьектлари ҳимояси янада мустаҳкамланади.

О.Мирсадиков 

Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг раиси