Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 6 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Собиқ болалар боғчаси биносидаги мослаштирилган мактаб тўлиқ реконструкция қилинди ва қўшимча янги ўқув биноси ҳам қурилди

×

 2020-07-27 21:54:53    178

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон тумани Дўнгсарой қишлоғидаги бўш турган, собиқ болалар боғчаси биноси 2008 йилда жорий таъмирланиб, мактабга мослаштирилган ва шундан буён мазкур масканда 39-мактаб ўқувчилари таълим олишаётган эди. Мактабнинг шу қишлоқда жойлашган 2 та бинодан иборат филиалида эса 85 нафар бошланғич синф ўқувчилари таҳсил олишарди. Лекин, бири 1961 йилда, иккинчиси эса 1985 йилда қурилган мазкур филиал бинолари ҳам етарлича талабга жавоб бермас эди.

Аслида бошиданоқ мактаб учун мўлжаллаб қурилмаган муассаса биноси вақт ўтиши билан анча таъмирга муҳтож бўлиб қолганди.

Бунинг устига 160 ўқувчи ўрнига мослаштирилган мактаб ва мавжуд 85 ўринли филиалдаги ўқувчилар сони 2019-2020 ўқув йилига келиб 416 нафарга етди. Яъни белгиланган меъёрдан қарийб 2 карра ортиқ ўқувчи мазкур масканда таълим ва тарбия олишди.

       Бу эса табиийки, синф хоналарининг ва ўқув жиҳозларининг етишмаслиги билан боғлиқ талайгина муаммоларни юзага чиқарди.

Албатта, мактабдаги мавжуд шароитни яхшилаш, уларни санитар-гигиена талабларига тўла мослаштириш ва қўшимча ўқув биноларини қуриш туман ҳокимлиги ҳамда халқ таълими бўлими мутасаддиларининг доимий эътиборида бўлди.

Ва ниҳоят, 2020 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури асосида ушбу таълим масканини реконструкция қилиш ва қўшимча 180 та ўқувчи ўрнига мўлжалланган янги ўқув биноси қуриш режалаштирилди.

       Мазкур реконструкция ва янги ўқув биносини қуриш ишлари учун Дастур асосида 2 млрд. 725 млн. сўм миқдорида маблағ ажратилди.

      - Мактаб эски биноси ҳақиқатда анча таъмирга муҳтож бўлиб қолганди. Ўқув ва бошқа хоналарда хаво алиштиргичлар ҳам йўқ эди. Филиалимизда ҳам қишли-қировли ва ёмғирли кунлардаги бирмунча қийинчиликлар ҳам ўқувчиларимиз ва педагогик жамоамизга ноқулайликлар туғдирар эди, - дейди мактаб директори Мархабохон Асқарова. -  Таълим даргоҳимиздаги реконструкция ишлари билан барча муаммоларга барҳам берилди. Эски филиалга қатнаган бошланғич синф ўқувчиларимиз ҳам энди ака ва опалари билан биргаликда янги ўқув биносида, кенг ва ёруғ синфларда таҳсил олишади. Бундан нафақат педагогик жамоамиз ва келажагимиз эгалари, балки уларнинг ота-оналари ҳам бениҳоят хурсандлар.

        - Шу йил 18 апрелда таъмирлаш ишларини бошлаган эдик, - дейди “Отабек имконияти” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Аброржон Мухиддинов. - Корхонамиз шу пайтга қадар 25 дан ортиқ ишчи билан фаолият олиб борар эди. Карантин даврида маҳалланинг яна 30 нафар ёшларини қурилиш ишларига жалб қилдик. Қурилиш-таъмирлаш ишлари карантин талабларига тўлиқ амал қилинган ҳолда олиб бориляпти. Ҳар бир қурувчимизнинг соғлиги мунтазам равишда тиббиёт ходимларининг назоратида.

    Қурилиш-монтаж ишлари ўз якунига етган мактабда шу кунгача мавжуд 160 ўқувчи ўрнига мослаштирилган эски бинонинг ҳар бир хоналари замон талабларига мос равишда тўлиқ замонавий реконструкция қилинди. Иситиш тизимлари ҳам қайта ўрнатилди. Эшик ва дераза-ромлари замонавийлаштирилди.

        2 қаватли, жами 11 та ўқув ва лаборатория хоналаридан иборат қўшимча янги бинода ҳам таълим олувчи ёшлар учун барча шароитлар яратилган.

        Мактаб ҳудуди 213 паггонометр замонавий девор, 50 паггонометр шлакоблокли девор ва 72 метр янги темир панжаралар билан ўралди.

        100 метр куб ҳажмдаги ёнғин ҳолатини олдини олишга қаратилган ҳовуз барпо этилиб, 120 метр масофада тоза ичимлик суви қувури тортилди.

        Ўқув хоналари, йўлаклар ва бошқа биноларга замонавий ёруғлик тизимлари ўрнатилди. Бунинг учун мактабнинг ўзига хизмат қиладиган янги 40 кВА трасформатор пункти ўрнатилди.

        Мактаб ҳовлиси сатҳига 640 кв.м. брусчатка ва 320 кв.м. бетон қоплама тўшалган, тез фурсатда яна 700 кв.м. асфальт ётқизиш ишларига барча нарса шай ҳолатда.

- Қурилиш ишларининг сифати юзасидан ва қурувчиларга яратилган шароитлар билан иш бошлангандан буён бохабар бўлиб турибмиз. Ҳар қандай кўмак ва масалаларга биргаликда ечим топиб, ўқувчи ёшларнинг сифатли таълим тарбияси учун зарур шарт-шароитларни яратиш йўлида барча имконият ва кучларимизни сафарбар этганмиз, - дейди туман ҳокимининг соҳага масъул ўринбосари Иқболжон Нажмиддинов. - Энди Дўнгсаройлик ўқувчи-ёшлар навбатдаги ўқув йилини замонавий кўриниш ва шароитларга эга бўлган мактаб биносида бошлайди.

Айни кунларда сўнгги пардозлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган мактаб биноси август ойида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.

Мақоламизда баён этилган 39-мактабдаги қурилиш ишларидаги қизғин жараёнлар юзасидан туман ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан тасвирга олинган фотолавҳалар билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати