Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Хусусий тиббиёт муассасаларида ҳам коронавирусга таҳлил топшириш мумкин
2020-06-23 15:59:48 165
Бу хақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Ҳозирги кунда шифохоналардаги беморлар, уй ва стационар карантинда тиббий кузатувда бўлган барча фуқаролар тиббий кўрсатмага мувофиқ, мунтазам лаборатор текширувлардан ўтказиб келинмоқда.
Бундан ташқари, мамлакатимизда бошқа фуқаролар учун ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги вирусологик лабораторияларда “Covid-19” инфекциясига бепул таҳлилдан ўтиш имконияти яратилган. Кечанинг ўзида 16 897 та, эпид мавсум давомида эса 1 055472 та тест синови бепул ўтказилди.
Мамлакатимизда коронавирус инфекциясини эрта аниқлаш кўламини кенгайтириш ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, қатор ташкилот ва фуқароларнинг бу ҳақдаги мурожаатларини эътиборга олиб, жорий йил 24 июндан бошлаб давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари ҳамда фуқаролар учун ушбу инфекцияга таҳлил топширишда ихтиёрий, пуллик асосда нодавлат тиббиёт ташкилотлари хизматларидан ҳам фойдаланиш имконияти яратилди.
Эндиликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказлари билан тегишли тартибдаги шартномани имзолаган ҳамда лабораторияси талабга жавоб бериши тўғрисидаги хулосани олган барча нодавлат тиббиёт ташкилотлари коронавирус инфекциясини фақат полимер занжирли реакция (ПЗР) усулида текширишлари мумкин.
– Ўз лабораториясида коронавирус инфекциясини занжирли полимер реакция усулида, пуллик асосда текширишни ташкил этмоқчи бўлган нодавлат тиббиёт ташкилоти, аввало, бу борада белгиланган барча санитария-эпидемиология талабларига риоя қилиши лозим, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лицензиялаш ва аккредитациялаш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Раҳимқулов. – Текширувда қўлланиладиган тест-синама (диагностикум)лар ҳудудий санитария осойишталиги марказлари билан келишилади. Коронавирус инфекциясини лаборатор шароитида аниқлаш нархини нодавлат тиббиёт ташкилоти мустақил белгилайди. Лаборатор таҳлил учун намуна (суртмалар) нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўзида, шу билан биргаликда, сўровга кўра, мурожаат қилувчининг ташкилотида, фуқароларнинг яшаш манзилида ҳамда махсус автотранспортларда олинишига рухсат берилди.
Шунингдек, нодавлат тиббиёт ташкилоти ҳудудий санитария осойишталиги марказларига кунлик умумий маълумотларни ҳамда коронавирус инфекциясига ижобий натижа берган суртмаларни етказиб беради.Коронавирус инфекциясини полимер занжирли реакция усулида пуллик текширишларни ташкил этишни хоҳловчи нодавлат тиббиёт ташкилотлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларига шартнома тузиш учун мурожаат қилишлари мумкин.