Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Туманда 600 дан зиёд аҳоли томорқаларида лимончилик ривожланмоқда
2020-06-22 18:20:13 162
Бугун томорқаси бор инсон учун ўз ери-хазинаси, мазкур хазинанинг калити эса-меҳнат эканлиги хеч кимга сир эмас.
Чўп суқсак ҳам униб чиқадиган унумдор ерларимиз, меҳнатсевар халқимиз бор. Коронавирус пандемияси сабаб жорий этилган карантин шароитида ана шу ерларимизнинг бирор бир қисми экин экилмасдан қолиб кетмаслиги кераклиги тўғрисида ҳам кўп ва хўп гапирилмоқда.
Бирор қишлоқ хўжалиги маҳсулотига муҳтож бўлмаслигимиз ёки хориждан олиб келишга эҳтиёж қолдирмаслик, фаровон яшашимиз учун Президентимиз таъкидлаганидек, бугун пойдевор қўйишимиз лозим. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, даромадларини ошириш, одамларимизнинг бугунидан рози бўлиб ҳаёт кечиришлари учун деҳқончилик ишларини янада юқори даражага кўтаришимиз, айниқса, бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Бу борада, туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда деҳқонларимизга, томорқа ер эгаларига қандай ёрдам керак бўлса, имкон қадар ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бундан ташқари, аҳоли ўртасида томорқадан унумли фойдаланиш, карантин шароитида фойдали меҳнат билан шуғулланиш, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш бўйича тарғибот-тушунтиришлар тўхтагани йўқ.
Тумандаги барча ҳудудлар, маҳалла ва кўчаларда бўлиб, аҳоли хонадонларидаги мавжуд томорқалардан унумли фойдаланишда амалий ёрдам ишларини ташкил этишда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг саъйи-ҳаракатларини алоҳида эътироф этиш лозим.
Шу ўринда, бирламчи озиқ-овқат маҳсулоти ҳисобланган экинларни экиб, ҳам турмуш эҳтиёжини қондириш, ҳам ички бозорни тўлдириш билан биргаликда, сўнгги йилларда Ўзбекистон туманида лимончилик ҳам жадал ривожланиб, шунинг баробарида лимон кўчатлари етиштириш ва ички бозорда сотиш соҳасида улкан ютуқларга эришилмоқда.
Туман аҳолиси томорқаларида лимон парваришлаш мақсадида бундан 15-20 йиллар олдин тажриба сифатида бошланган ишлар бугун кенг қулоч ёзган.
Нафақат қишлоқларимизда, балки Яйпан шаҳрида ҳам лимон етиштириш борасида катта тажрибага эга уста деҳқонлар, миришкор оилалар сони кўпаймоқда.
Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига кўра, туманимиз бўйича 600 дан зиёд аҳоли томорқаларида иссиқхоналарда лимон етиштирилмоқда.
- Ўтказган мониторингларимизга кўра, бугунги кунда айнан лимон етиштирадиган хонадонларимиз сони 600 дан зиёдни ташкил этади. Мазкур иссиқхоналардаги 1,6 гектарга яқин ер майдонида 18600 дан ошиқ лимон кўчатлари етиштирилмоқда. Ўтган 2019 йилда айнан мазкур хонадонлар 33,5 тонна лимон ҳосили олиб, 2 млрд. 18 млн. сўмлик даромад олишган, - дейди туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари гуруҳи раҳбари Мансуржон Маҳкамов. - Аксарият иссиқхоналардаги парваришланган лимонларнинг ҳар тупидан 100-150 килограмм мева олинган. Бошқача айтганда, бир туп лимон дарахти оила бюджетига 500-600 минг сўм атрофида даромад келтирмоқда. Шу рақамларнинг ўзи яққол далил эмасми, томорқанинг тайёр хазина эканлигига?
Шу ўринда, Мансуржон акани “Тижорат банкларининг имтиёзли кредитларидан фойдаланган ҳолда лимон етиштириб, юқори даромад олиш мумкинми?” дея яна саволга тутдик.
- Нега мумкин эмас экан, албатта мумкин. Ихчам иссиқхоналар қуриш, лимон кўчатларини сотиб олиш ҳамда агротехник тадбирларни амалга ошириш учун тумандаги тижорат банклари томонидан “Ҳар бир оила - тадбиркор” давлат дастури бўйича 3 йил муддатга 6 ойгача имтиёзли давр билан жисмоний шахсларга, оилавий тадбиркорларга ҳамда кичик тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредит ажратилмоқда, - дейди суҳбатдошимиз.
Соҳа мутахассислари, яъни тумандаги тижорат банкларидан кредит бўйича олган аниқ маълумотларига кўра ҳисоб-китобга тушиб кетди.
Демак, 1 сотихли иссиқхонада лимон етиштириш учун фуқарога 16 дона лимон кўчати керак бўлади. Унинг баҳоси 400 000 сўм, иссиқхона жиҳозлари учун 5 500 000 сўм, минерал ўғит ва агротехник хизматлар учун 200 000 сўм сарфлайди. Жами 6 100 000 сўм. Ҳар бир 3 ёшли лимон кўчати ўртача 10 килограмм ҳосил беришини ҳамда йилдан йилга ҳосил ошиб боришини ҳисобга олсак, экилган йилдан бошлаб ҳар бир кўчатдан 80 000 сўмдан даромад олиш мумкин. Шунда 1-йил 1 280 000 сўм, 2 ва 3-йилларда ҳосилдорлик 1 туп лимон кўчатидан ўртача 25-30 килограммга ошишини ҳисобга олсак, 1 туп лимондан олинадиган даромад 250-300 минг сўмгачага етиб боради. Биринчи уч йилда лимон мевасидан даромад ўртача 10-12 млн. сўмни ташкил қилади. Агар хўжалик эгаси бир йилда дарахтга шакл бериш орқали ҳар бир тупдан 40 донадан қаламча кесиб олса ва қатор ораларига қадаб қўйса 800 дона кўчат етиштириб олиш имконига эга бўлади. Ҳар бир кўчатни энг камида 5 000 сўмдан сотиш орқали эса 4 000 000 сўм даромад олиши мумкин. Демак, фуқарода уч йил давомида лимон ҳосилидан ва кўчат етиштириб сотишдан ўртача 18-22 млн. сўм даромад олиш имконияти пайдо бўлмоқда. Ушбу даромад учун сарфланадиган харажат 6,5-7 млн. сўмлигини ҳисобга олсак, хўжаликнинг соф фойдаси 14-18 млн. сўмни ташкил этади. Шунингдек, мазкур иссиқхонада лимон қаторлари орасидан 3 йил давомида сабзавот экинларини етиштириб, қўшимча даромад олиш имкони ҳам бўлади. Агарда лимон дарахти 30 йил ҳосил беришини ҳисобга олсак харажатлар 3 йилда қопланади, қолган 27 йил эса фақат фойда кўрилади.
Ана, ҳисоб-китоб ҳам тайёр. Юқорида таъкидланганидек, бу ёғига озгина қунт қилиб, она ерга пешона терини тўкишгина кифоя.
Меҳнатда эса гап кўп. Боз устига яна бу меҳнат қўллаб-қувватлаб, рағбатлантириб турилса, ишда унум, даромадда барака бўлади.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати