Shrift o'lchami Rang Rasm

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 69 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Тил - миллатимиз кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти

×

 2020-06-22 10:38:40    122

PDF yuklash
Chop etish


Тил-миллий қадриятларни бирлаштириб, туташтириб, намоён этиб турувчи энг мустаҳкам занжир, бой ва чексиз маънавий хазина. 

  Тил – муқаддас ва эъзозланган тушунча, ҳар бир инсон учун ўз онаси каби азиз ва мўътабар. Тил – ҳаётнинг бошланиши. Инсон ўз она тили ёрдамида янги тушунчалар ва муносабатларни англай бошлайди. Она тили бизга она сути билан сингдирилади. Инсон улғайган сайин атрофидагилар билан мулоқот қилиш, бадиий китоблар ўқиш орқали сўз бойлигини ошириб боради. Ота-боболаримиз тарихи, миллий ва маънавий қадриятларимиз бизга она тилимиз ёрдамида мерос бўлиб қолди. Халқлар тарихи-бу улар тилининг тарихи. Давлат ривожланиши билан давлат тили ҳам ривожланади. Халқ мустақиллигининг асосий белгиси-бу она тили ва миллий маданияти. Дунёнинг барча давлатлари ўз она тилларини асраб-авайлашга интилишади, шунинг учун ҳар қандай давлат ўзининг маданий мероси ва она тилини алоҳида ҳурмат қилади.

Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим. Шундагина тилнинг, миллатнинг қадри ва обрўйи, нуфузи ошади. 

Юқори ривожланган давлатлар даражасига эришиш ва рақобатдош бўлиш учун Ўзбекистон фуқаролари халқаро тилларни билишлари муҳим, албатта. Чунки биз глобал ривожланиш тенденцияларидан орқада қола олмаймиз, лекин шуни унутмаслик керакки, ўзбек тили дунёдаги барча расмий тиллар қатори суверен тил мақомини олган экан, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилини билиши шарт. Ҳеч ким ҳеч қачон ўз она тилига бўлган ҳурматни йўқотмаслиги керак. Тилга ҳурмат-бу халққа ҳурмат. Ўз она тилига эга бўлмаган халқ  мамлакат бўлолмайди. Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам миллий тил софлигига путур етади. Тил давлат тимсоли, мулки ҳисобланади. Бинобарин, ўзини ўзбек миллатининг фарзандиман, деб билган ҳар бир шахс она тилимизга эътиборли бўлиши, унинг софлигини асраб-авайлашни муқаддас бурчи деб билиши шарт.

Минг афсуски ҳали ҳам орамизда давлат тилига бўлган  эътиборсизлик ҳолатлари учраб турибди. Хусусан, баъзи муассасалар, савдо ёки маиший дўконлар пештоқларида ёки маҳаллалар, кўчалар чиройига ўзгача чирой улашиб турувчи реклама банерларида ўзбек тилига амал қилинмасдан ёзилган эътибор тортувчи афишалар ҳамда уларда битилган сўзларнинг хато ёзилганлиги кишини ранжитади. Беъэтиборлик сабаб, баъзида фуқаролар серқатнов, аҳоли гавжум бўладиган масканларда ҳам айрим ўзбекча сўзларни лотин ёзувида нотўғри ёзилганлигига гувоҳ бўламиз. Ўз ўрнида, бундай хато ва камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриб бормоқдамиз. 

Ўзбек тилининг Ватанимизда давлат тили сифатида амал қилинишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни уч тамойилга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади. Дарҳақиқат, давлат тилининг мустаҳкам ҳуқуқий мақоми белгилаб қўйилгани тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланишга етарлича замин яратиб, мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши баробарида ўзбек тилининг эркин муомалада бўлиши учун зарур шарт-шароитни яратиб берди. Дунёда таниқли мамлакат бўлиш учун биз давлат тилининг мақомини кўтаришга эришишимиз лозим.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўйи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланаётгани, хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сони кўпайиб бораётгани бунинг яққол далилидир.

Шундай экан, тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолади. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшиш ҳар биримиздан миллий тилга чуқур ҳурмат билан ёндашишни талаб этади. Зеро, тил бор экан, миллат барҳаётдир.

 Азизбек Ўринбоев,

Ўзбекистон туман хокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш,

давлат тили тўғрисидаги қонун хужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси