Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Пандемия вундеркиндларимизнинг ўз иқтидорларини халқаро миқёсда кўрсатишга ҳалақит бермади
2020-06-19 12:13:26 171
Бугунги пандемия ва карантин даврида ўқувчилар бўш вақтларини мазмунли ташкиллаш, билим салоҳиятини, фикрлаш тезлигини ошириш мақсадида дунё миқёсида турли онлайн машғулотлар, олимпиадалар ташкилланмоқда.
Мана шундай халқаро онлайн олимпиадалардан бири жорий йилнинг 6 июнь куни Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида ўтказилди.
Шаҳарнинг “Буюк авлод” мактаби томонидан “Ақлий арифметика 5 йиллиги”га бағишлаб ташкил этилган халқаро онлайн ментал арифметика олимпиадасида Қозоғистон, Ўзбекистон, Россия, Украина, Белоруссия, Қирғизистон, Арманистон, Озарбайжон, Жанубий Корея, Япония ва Швецария давлатларидан 200 нафардан ортиқ иштирокчилар иштирок этди.
Қувонарлиси, ушбу халқаро онлайн олимпиадада тумандошимиз, 18-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Дилнозахон Хайитованинг 5 нафар ўқувчиси ҳам иштирок этиб, уларнинг барчаси икки юздан ортиқ иштирокчилар орасида кучли ўнталикка кирдилар.
Танловда 5 ёшдан 15 ёшгача бўлган ёш иқтидор соҳиблари беллашдилар.
Тумандаги “Intellekt kids” ментал арифметика бўйича ўқув курсининг ўқувчилари ҳисобланган 18-мактабнинг 4-синф ўқувчиси Мухлисахон Муродалиева, 3-мактабнинг 2-синф ўқувчиси Бехрузбек Қурбонов, Фурқат туманидан 6 ёшли Сабинахон Садиралиева, Андижон вилоятидан ҳар иккиси ҳам 9 ёшли Баходиржон Давлатов ва Бехрузбек Султонов каби ёш билимдонларимиз халқаро миқёсда Ўзбекистон ёшларининг нималарга қодир эканини яна бир бор намойиш этди.
- Бу каби халқаро олимпиадаларда иштирок этиш бўйича ўзига яраша тажрибамиз бор. Ўтган 2019 йилда Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказилган “ISMA plus FRIENDS” халқаро ментал арифметика мусобақасида қатнашганмиз, уч нафар ўқувчимиз ўз ёш тоифаларида ғолибликни қўлга киритган. Лекин, бу каби катта миқёсдаги онлайн танловда биринчи бор иштирок этдик. Шундай бўлсада, ўқувчиларимиз ўзларини йўқотиб қўйишмади. Диққатларини жамлаб, бор билим ва маҳоратларини намоён этиб, мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишди, - дейди нодир интеллект соҳибларининг устози Дилнозахон Хайитова. - Олимпиада барча халқаро меъёрий қоидаларга қатъий амал қилинган ҳолда ташкил этилди. Электрон дастур ва манзил орқали барча жараён ва жавоблар ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди. Мусобақанинг онлайн тарзда ташкил этилганлигининг қулайлиги ҳам бўлдики, бунда ортиқча маблағ ёки вақт сарфлашга асло хожат бўлмади.
Асосий мақсади, дунё миқёсида иқтидорли болаларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ақлий арифметикани янада ривожлантиришга бағишланган мусобақада иштирокчилар халқаро сертификатлар билан тақдирландилар.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати