Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида ғалладан бўшаган ер майдонлари эҳтиёжманд оилалар ва вақтинча ишсиз қолганларга фойдаланиш учун бўлиб берилмоқда
2020-06-15 15:08:00 169
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 24 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида аҳоли бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолиятларини тиклаш масалалари кенг муҳокама қилинган эди. Унда давлатимиз раҳбари томонидан ғалладан бўшаган майдонларни фермерлар ўзи ишчилари билан такрорий экин экишидан ташқари, қолган қисмини карантин шароитида вақтинча ишсиз қолган ва кўмакка муҳтож аҳолига бўлиб беришни ташкил этиш вазифаси юклатилган эди.
Шу йилнинг 5-6 июнь кунлари давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан бўлган йиғилишда ҳам камбағалликни қисқартириш, одамларни иш билан таъминлаш, даромадини ошириш бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиниб, бу борада юртбошимиз томонидан қўшимча кўрсатмалар берилди.
Туман ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги 3-сектор ҳудудига қарашли “Назиржон улкан хирмони” фермер хўжалиги ана шундай муҳим ташаббусни туманда биринчилардан бўлиб амалга оширди.
“Хайдаробод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилалар ва ишсиз фуқаролардан 24 нафарининг бандлигини таъминлаш мақсадида хўжаликнинг ғалладан бўшаган ер майдонининг 5 гектари фойдаланиш учун ажратиб берилди.
- Ғалладан бўшаган ер майдонларининг 50-60 фоизига ўз ишчиларимиз билан экин экаётган бўлсак, қолган қисмини ҳудуддаги ишсиз қолган ва кўмакка муҳтож аҳолига фойдаланиш учун бўлиб беришни бугунги синовли кунлардаги шарафли бурчимиз деб билдик, - дейди фермер хўжалик раҳбари, туман фермер, туман дехқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши раиси Назиржон Мамадалиев.
Шу билан бирга, бугунги вазиятни, масъулиятни чуқур хис қилган фермер ва Кенгаш раиси Н.Мамадалиев “Оилаларга бўлиб берилган барча ерларни фермер хўжалигимиз ҳисобидан шудгорлаб, экишга тайёр қилиб берамиз. Биринчи сувини қўйиб ҳам берамиз. Ижтимоий аҳволи қолганларга нисбатан ночор бўлган 6 та оилани уруғлик ва минерал ўғит билан беминнат таъминлашга аҳд қилдик”, дея ўз фикрини давом эттирди.
Бошқа фермерлар билан ҳам мазкур жараённи изчил давом эттиришга келишиб олинганлигини маълум қилди.
- Маҳалламизда 580 та хонадон, 620 та оилалар мавжуд. Шундан, камбағал оилалар сони 4 та, кам таъминланган оилалар сони эса 18 тани ташкил этади. Уларни камбағалликдан чиқариш, турмуш тарзини яхшилаш учун тумандаги мутасадди раҳбарларимиз бошчилигида қатор амалий ишларни бажармоқдамиз. Бугунги хайрли ташаббус ҳам эҳтиёжманд оилаларимиз учун айни муддао бўлди, - дейди “Хайдаробод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Хабибулло Туронов. - Улар бу ерларга асосан дон ва дуккакли экинларни экиб, рўзғорларини бутлаб олишни режалаштирганлар.
Ер майдонларини ажратиб берилиши жараёнида иштирок этиш учун ташриф буюрган 3-сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи Абдувахоб Темирзақов фуқаролар билан мулоқотда бўлиб, туманда, хусусан сектор ҳудудида камбағалликни қисқартириш бўйича олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, пандемия ва карантин даврида ишсиз қолган ва эҳтиёжманд оилалар бандлигини таъминлаш каби масалалар хақида суҳбатлашди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати