Shrift o'lchami Rang Rasm

<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 13 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Ўзбекистон туманидаги деҳқон ва фермер хўжаликлари сувни тежашнинг самарали усулларидан кенг фойдаланишмоқда

×

 2020-06-11 12:15:32    93

PDF yuklash
Chop etish


Экспертларнинг таъкидлашича, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигининг пасайиши, баъзи ҳолларда эса бой берилиши сув тақчиллиги муаммоси билан ҳам боғлиқ экан. Бу вазиятни юмшатиш учун суғориш тизимида тежамкор технологияларни жорий этиш, томчиси тиллога тенг оби-ҳаётни беҳуда исроф бўлишининг олдини олиш талаб этилади.

Дунё аҳолиси сони тобора ортиб, сув захиралари камайиб бораётганлигини инобатга олинса, мавжуд ресурслардан тежаб-тергаб, самарали фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Қолаверса, сувни эъзозлаш, уни увол қилмаслик халқимизнинг азалий қадриятларидан биридир.

Ана шундай кўплаб жиҳатлар инобатга олиниб, Ўзбекистон туманидаги “Алиакбар Азиз файз” фермер хўжалигининг 20 гектар ғўза майдонида томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилди.

 

“Томоша агро экспорт” МЧЖ билан билан тузилган шартнома асосида Туркиядан келтирилган янги технология кўмагида хўжаликда сувдан фойдаланиш самарадорлигини ва ҳосилдорликни ошириш кўзда тутилган.

- Юртбошимиз 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида сув тежовчи янги технологияларни ҳеч иккиланмасдан ўрнатиш даври келганлигини алоҳида таъкидладилар, – дейди фермер хўжалиги раҳбари Ҳасанбой Раҳимов. – Бу йил қарийб эллик гектар майдонга пахта экканмиз. 20 гектар майдондаги ғўзаларимизни томчилатиб суғораётганимизга ҳам бугун беш кун бўлди. Дастлабки натижалар чакки эмас.

Фермер хўжалик раҳбари томчилатиб суғоришнинг афзалликлари ҳақида сўзлар экан, “Анъанавий усулда суғорилганда ўртадан ўқариқлар қазилиши туфайли ғўза ниҳоллари нобуд бўларди. Мазкур томчилатиб суғориш технологиясидан фойдаланганда эса, ўқариқларга ҳожат қолмади. Ҳисоб-китобларга кўра, шу ҳолатда ариқлар олинмаслиги туфайли 0,50 гектар майдондаги ғўза нобуд бўлишидан сақлаб қолинди. Бундан ташқари, илгари  4 нафар сувчи бажарган ишни энди бир киши уддалаяпти”, - дея фикрини давом эттирди.

Фермер хўжалигининг жами 121 гектар ери бўлиб, 70,3 гектарида ғалла, 13,3 гектарида анор, 1,4 гектарида сабзавот экинлари экилган.

Мазкур сувни тежайдиган технологиянинг афзаллиги жуда юқори эканини тўлиқ англаб етган фермер, келгусида қолган майдонларга ҳам ушбу усулни жорий этишни режалаштирмоқда.

- Томчилатиб суғориш усули ўзининг юқори самарадорлиги, яъни сув ресурслари чекланганлик шароитида кам сув сарфлаб барқарор юқори ҳосил олиш имконини бериши билан ажралиб туради. Деҳқон ва фермер хўжаликлари учун фойда ва афзаллик томонлари жуда кўп. Хусусан, томчилатиб суғорилганлиги сабабли ер қотиб қолмайди, ерга солинадиган минерал ўғитлар эса эллик фоизга тежалади, - дейди “Томоша агро экспорт” МЧЖ раҳбари Элдоржон Сотиболдиев. - Ҳозирда Ўзбекистон туманидаги кўплаб фермер хўжаликлари худди шундай лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида пудратчи корхонамиз билан шартномалар имзоламоқда.

Дарҳақиқат, деҳқон ва фермерларимиз томчилатиб суғоришнинг афзал жиҳатларини аллақачон англаб етганлиги боис бу усул тобора оммалашиб, нафақат интенсив боғларда, балки пахтачилик, сабзавотчилик ва полизчилик тармоқларида, шунингдек, иссиқхоналарда ҳам кенг жорий этилмоқда. Пировардида, табиий ва моддий ресурслар тежалиши билан бирга, ҳосилдорлик муттасил ошиб бормоқда. Бу эса ўз ўрнида, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини узлуксиз ва арзон нархларда етказиб беришга имконият яратаётгани билан янада аҳамиятлидир.

 Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати