Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида ғалла ўрим-йиғими мавсумига қандай ҳозирлик кўрилди?
2020-05-25 19:02:04 149
Бугун, 25 май куни Ўзбекистон туманидаги “Янгиобод маштехсервис” масъулияти чекланган жамиятида ғалла ўрим-йиғимига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда ғалла отрядлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, комбайн бош операторлари ва ёрдамчи операторлар, дон ташиш техникалари ҳайдовчилари ҳамда тегишли соҳа мутахассислари иштирок этди.
Амалий семинарда етиштирилган мўл ҳосилни қисқа муддатда, сифатли ва исрофгарчиликларсиз ўриб-йиғиб олиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан эканлиги таъкидланди.
Ғалла ўрим-йиғимига оид юмушларни бажариш юзасидан тегишли тавсиялар берилиб, транспорт воситаларининг техник тайёргарлиги кўрикдан ўтказилди.
Туманда 141 нафар фермер хўжаликларининг 5960 гектар майдонларида ғалла етиштирилмоқда.
Ғалла ўрим-йиғим мавсумини тизимли ва уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида 19 та отряд ташкил этилиб, уларга 19 та юқори унумли дон ўриш комбайнлари, 120 та дон ташиш (юк автомобиллари), 10 та кўчма устахоналар ва 5 та ёқилғи ташиш техникалари бириктирилган.
Шунингдек, отрядлар таркибига 38 нафар операторлар ва оператор ёрдамчилари, 19 нафар таъмирловчи усталар ҳамда 133 нафар масъул ходимлар, шундан 19 нафар ички ишлар ва 19 фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари бириктирилган.
Тадбирда мавсумни муваффақиятли ўтказиш учун ўрим комбайнлари, дон ташувчи ва бошқа транспорт воситаларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, зарур эҳтиёт қисмлари захирасини яратиш, кўчма хизмат кўрсатиш устахоналари ҳамда ёнилғи қуйиш хизматлари фаолиятини ташкил этиш, ишчи-хизматчиларга етарли шарт-шароит яратиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Белгиланган вазифаларни тизимли ташкил этиш юзасидан тегишли ташкилот ва корхоналар раҳбарларига зарур кўрсатмалар берилди.
- Туманда ғалла ўриш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, мавжуд техника ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳисоб-китоб ишларини ўз муддатида юритиш мақсадида туман штабини ҳам ташкил этганмиз, - дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Дилмуроджон Қодиров. - Штаб аъзоларининг мавсум давомидаги вазифалари белгилаб берилган.
Учрашувда ўрим отрядлари раҳбарларига, дон ўриш комбайнлари операторларига ва ёрдамчи операторларга, дон ташиш техникалари ҳайдовчиларига жами 225 млн. сўм миқдоридаги иш ҳақлари олдиндан тарқатиб берилди.
Семинарда Фарғона вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Х.Умаров ва вилоят прокурорининг ўринбосари Ф.Исмоиловлар иштирок этиб, сўзга чиқдилар.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати