Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Маҳалла-куйнинг ёрдами билан ҳам эҳтиёжманд оилаларнинг томорқаларида иссиқхоналар қуриб берилмоқда. Мақсад аниқ: томорқадан унумли фойдаланишга кўмаклашиш орқали камбағалликни камайтиришга эришиш
2020-05-14 12:26:16 169
Ота-боболаримиз бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланишга, боғ-роғлар яратишга алоҳида эътибор қаратишган.
Ўтган бир ярим ойдан ошиқ вақт давомида коронавирус пандемиясига қарши курашиш давомида, ҳудудларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд томорқадан унумли фойдаланиш нечоғлиқ фойда ва долзарб эканлигини яна бир бор намоён бўлиб улгурди.
Аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантириш барча масъул раҳбарлардан тортиб, томорқа эгасининг ҳам муҳим вазифалардан бирига айланди.
Мавжуд аҳоли томорқалари ер майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон туманида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Фуқароларга ўзлари эгаллаб турган томорқалардан самарали фойдаланиш ва бу орқали даромад топиши, томорқадан етиштирган ҳосилни аввало ўз оиласи, ундан кейин эса бозорларимизга арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тўғрисида туманда тузилган ишчи гуруҳлари томонидан мунтазам тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.
Ерга таёқ қадасанг кўкарадиган серҳосил заминимизнинг қулайликларидан ўз вақтида унумли фойдаланишга кўмаклашиш мақсадида туманда яна бир эзгу ташаббусга қўл урилган.
Тумандаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга ҳудудлардаги саховатпеша ҳомийлар, фермер хўжаликларини жалб этган холда, уларнинг томорқаларига 1-2 сотихли, ёғочдан иссиқхона қуриб бериш ишлари амалга оширилмоқда.
Бу иссиқхоналар, пандемия даврида вақтинча ишсизларга томорқадан фойдаланиш учун давлат томонидан ажратиладиган субсидиялар асосида қурилаётган иссиқхоналардан фарқли равишда, маҳалла-куй, сахий инсонларнинг беминнат кўмаги билан ташкил этилмоқда.
Қиммат хомашё, кўп маблағ талаб этмайдиган бундай иссиқхоналарни ёғоч иши, дурадгорликдан хабари бор маҳаллий усталар пишшиқ ва мустаҳкам қилиб қуриб бермоқдалар.
Бугунги кунгача туманимизнинг турли ҳудудларидаги 60 га яқин эҳтиёжманд оилаларнинг томорқаларига шундай иссиқхоналар қуриб берилди.
73 ёшни қоралаган Турғунбой ота Шаробиддинов Яйпаннинг Пасткиқўриғидан. Ёшлигида ўзи мохир ёғоч устаси бўлган. 4 нафар фарзанднинг отаси, 13 набира ва 1 та чеваранинг суюкли бобоси хозир хам томорқадан чиқмайди. Ховли ортидаги томорқада пиёз, картошка, бодрингдан тортиб, ошқовоқ ва шолғомгача экилган. Бу йилги мавсум ҳисобидан хонадондаги биринчи ҳосиллар-кўкпиёз ва кўкатлар аллақачон бозорда сотилиб, ўрнига бошқа экин уруғлари ерга қадалиб бўлинган.
Ховлимиздаги эски токнинг ҳосили, негадир ўтган йили биз кутган натижани бермади. Бу йил баҳорининг бошида хам қариган токдан яхши хосил олишга кўзим етмади. Токнинг 2 та хонасини шартта бузиб, ундан чиққан ёғочлардан томорқамга иссиқхона қуришга аҳд қилдим. Лекин, соғлиқ қургур қани энди бемалол меҳнат қилишга йўл қўйса. Шижоатим бору, ёш ҳам ўз гапини айтиб қўяркан-да. Ана шунда, ниятимдан бохабар, харакатларимни кўриб юрган маҳалла-куй жонимга оро кирди. Барака топишсин, маҳалла раисимиз бошчилигидаги қўни-қўшниларим ёғоч иссиқхонамни дарров кўтариб беришди, – дея ҳикоясини давом эттиради Турғунбой ота Шаробиддинов. – Узумнинг ҳам янги навлари ярми ёғоч, ярми бамбукдан қайта ясалган токимизда кўпаймоқда.
Бурхонжон Боймуродов Даханақақир маҳалласида истиқомат қилади. Тақдир тақозоси билан бир йил олдин турмуш ўртоғи вафот этган. Минг афсуски, хозиргача пешонасига фарзанд ҳам битмаган. Расман якка-ёлғизлар рўйхатида турсада, Бурхонжон акани маҳалла-кўй хеч қачон ёлғизлатиб қўймайди. Ўзи ҳам доимо маҳалланинг ижтимоий ҳаётида фаол, жамоат ишлари ва ҳашарларда хизматда.
- Маҳалладошларимга, қўни-қўшниларимга минг раҳмат, доимо холинг қандай деб сўраб, йўқлаб туришади. Карантин бошлангандан буён 1-секторданмиз, “Саҳоват ва кўмак” ҳаракатидан деб, озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келиб беришяпти. Раисимиз бошчилигида маҳалладошларим ҳашар қилиб, ховлимга 1 сотихли иссиқхона қуриб беришди. Бу ерда кўп фойдали нарсалар етиштираман энди, барча яхши одамларга мингдан-минг раҳмат, - дейди самимият билан Бурхонжон Боймуродов.
Манзилли рўйхат асосида маҳаллаларда бу ишларни давом эттириш орқали, ҳам эхтиёжманд оилаларни томорқасидан фойдаланишга кўмаклашиш, ҳам пировардида бу каби оилаларни камбағалликдан чиқариш каби эзгу мақсадлар кўзда тутилган.
- Бу ташаббусни илгари суриш, ўз-ўзидан вужудга келиб қолмади. Туманимиз бўйича, секторларимиз кесимида барча хонадонларни, оилаларни яна бир бор ўрганиб чиқдик. Камбағал ким бўлиши мумкин? Иш жойи ва томорқаси бўлмаган киши ҳам шундай вазиятга тушиши мумкинми, деган саволга мулоҳаза билан жавоб қидирдик, - дейди туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Махмудахон Камолова. - Бундай оилалар, кишиларга бир марта, икки марта ёрдам берармиз. Президентимиз, давлатимизнинг оқилона ислоҳотлари, ғамхўрликлари билан ёрдам бериб ҳам келмоқдамиз. Лекин, қўлдан берганга қуш тўймас деган гап бор. Шу боис камбағал, кам таъминланган оилага пул эмас, пул топишга имконият яратиб берилса, бу ўша фуқаро учун ҳам, давлат ва жамият учун ҳам фойдали бўлади. Бугун давлатимиз ана шундай йўл тутаётгани ҳам сир эмас. Хусусан, туманимизда ҳам бундай оилаларни камбағалликдан чиқариш, уларни ўз томорқасидан унумли фойдаланишга кўмаклашиш мақсадида ана шундай чораларни ҳам кўряпмиз.
Дарҳақиқат, бугунги қалтис вазиятда томорқадан унумли фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини барча ер эгалари тўғри англай билиши лозим.
Томорқа иши-жисмоний фаоллик, томорқанинг обод бўлиши эса - қўшимча даромад, камбағаллик деган сўзга ўрин йўқ деган оддий ва ўринли тушунчаларни ҳаётга тўлиқ тадбиқ эта олсак, кўзланган кўплаб эзгу мақсадларга эришилади.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати