Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 25 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Уруш фахрийларига Президент совғалари топширилди

×

 2020-05-09 18:28:12    168

PDF yuklash
Chop etish


Инсон хотираси билан азиз саналади, миллат эса хотираси ва тарихи билан улуғланади.

1999 йилдан буён 9 май санасида нишонлаб келинаётган “Хотира ва қадрлаш куни”да халқимиз – катта-кичик, ёшу қари, жамиятимизнинг барча аъзолари томонидан ўтганларни хотирланиб, руҳи шод этиб келинмоқда.

Ҳар йили айнан шу санада Ватан тинчлиги йўлида фидойилик кўрсатган, юрт тараққиётига ҳисса қўшаётган кишилар яна бир бор қадрланиб, уларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 30 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳам бугунги тинч ва осуда кунларимиз учун курашган, фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, тинчлик-осойишталик йўлида жонини фидо қилган аждодларимиз хотирасини ёд этиш халқимизга хос азалий қадрият эканининг яна бир тасдиғи бўлди.

Мазкур фармонга кўра, бу йил Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари 10 миллион сўмлик пул мукофоти ҳамда “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги” эсдалик юбилей медали билан тақдирланмоқда. Шунингдек, уларга давлатимиз раҳбарининг махсус совғалари тантанали топширилмоқда.

Ушбу қутлуғ сана бу йил коронавирус пандемияси туфайли ҳудудларда кенг халқ оммаси иштирокида нишонланмаётган бўлса-да, ҳар бир хонадон, ҳар бир оилада уларни ёд этиш, бу оламдан ўтган яқинларимизни хотирлаш, ҳаёт бўлган нуронийларимиз, уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини эъзозлаш билан ўтказилмоқда.

Хотира ва қадрлаш куни арафасида Ўзбекистон тумани ҳокимлиги, сектор раҳбарлари ва мудофаа бўлими томонидан уруш қатнашчилари ва фронт орти фахрийларининг ҳолидан хабар олинди.

Айни кунларда Ўзбекистон туманида 3 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 207 нафар фронт орти фахрийлари умргузаронлик қилишмоқда.

“Зинаша” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Охунжон ота Мирзаев бу йил 96 ёшни қаршилади.

Айни вақтда кексалик гаштини суриб, фарзандлари, невараю, эвара, чеваралари ардоғида ҳаёт кечираётган пиру бадавлат отахон билан барча тумандошларимиз фахрланади.

Туман ҳокими Қахрамонжон Джураев Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг отахонга йўллаган байрам табрикларини ўқиб эшиттириб, Юртбошимиз совғаларини топширди. Президентимиз томонидан таъсис этилган “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги” эсдалик юбилей медали ҳамда Россия Федерацияси Президенти томонидан жўнатилган эсдалик юбилей медали Охунжон отанинг кўксига тақиб қўйилди.

– Президентимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилаётган эътибор ва эъзоздан кўнглим тоғдек кўтарилди, – дейди уруш ва меҳнат фахрийси Охунжон ота Мирзаев. – Уруш йилларининг қийинчиликларини эслаганимда тинч-осойишта, фаровон ўтаётган ҳар бир кунимизга шукроналар айтаман. Халқимизнинг, Юртбошимизнинг бу ғамхўрлиги белимга куч, кўзимга нур, ёшимга ёш қўшмоқда.

Туман ҳокими, сектор раҳбарлари ва туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи “Зиё Нурсух” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, фронт орти меҳнат фахрийси Лалихон она Мирзаева хонадонида ҳам бўлишди. Онахонни байрам билан қутлаб, байрам совғалари топширилди. Йўқловдан хурсанд бўлган 91 ёшли онахон кўзларига қувонч ёшини олиб, юртимизга тинчлик-омонлик тилаб, дуо қилди.

“Қайқуобод” маҳалласида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдупатто ота Абдурахмонов ҳам айни ёшликнинг орзу ҳаваслари қалбида жўш урган навқирон йигитлик чоғида фашистларга қарши аёвсиз жангларда курашган. Урушдан кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилиб, бугун 4 нафар фарзанди, 30 дан ортиқ набира, эвара, чеваралар ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

– Давлатимиз томонидан биз, кексаларга кўрсатилаётган эъзоз-эҳтиромдан бошимиз кўкка етмоқда, – дейди уруш ва меҳнат фахрийси, 95 ёшли Абдупатто ота. – Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шифокорлар хонадонимизга ташриф буюриб, ҳолимиздан доимо хабар олиб туради. Бу йил халқимиз бошига тушган синовли кунларда ҳам эътибордан четда қолганимиз йўқ. Буларнинг барчаси учун Президентимиз, хукуматимизга мингдан-минг ташаккур.

        Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мирзаёр ота Махкамовни нафақат Деҳқонобод қишлоғи аҳли, балки тумандошларимиз, туман фаоллари ардоқлашар эди. Афсуски, бешафқат ўлим ўз умрини юрт тинчлиги, ватан равнақи, фарзандларнинг муносиб тарбиясига бағишлаган қалби пок уруш ва меҳнат фахрийсини орамиздан олиб кетди. Ҳамиша яқинлари, маҳалла-кўй, юрт иззатида бўлган Мирзаёр ота Маҳкамов шу йилнинг 1 март куни 94 ёшида вафот этди.

Шу куни, Мирзаёр отанинг хонадонига ҳам ташриф буюрилиб, у кишининг порлоқ хотираси ёдга олинди. 

Эсдалик юбилей медаллари ва Президентимиз совғалари марҳум уруш қатнашчисининг турмуш ўртоғи Рўзихон ая Махкамовага топширилиб, иззат-икром кўрсатилди.

- Турмуш ўртоғим билан ҳар йили мазкур санани катта қувонч билан нишонлар эдик. Бу йил у кишига насиб этмаган экан. Лекин Юртбошимизнинг бундай эътибори, давлатимизнинг ғамхўрликлари у кишининг руҳини шод этади, албатта. Бунинг учун барча оила аъзоларимиз билан биргаликда бағоят миннатдормиз. Юртимиз тинч бўлсин, кексаларга эъзоз кўрсатганлар ҳамиша омон бўлсин, – дея қўлларини дуога очди Рўзихон ая Махкамова.

“Товуш” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Элаш қишлоғида яшовчи Абдуллажон ота Қодиров ҳам Иккинчи жаҳон урушидан омон қайтган юртдошларимиздан бири. Тўқсон беш ёшга кирган отахон ҳали бардам, фикри тиниқ, ўтмиш воқеаларини яхши эслайди.

Ўн олти ёшида фронтга кетган отахон, урушдан қайтгач, узоқ йиллар қўшни Қирғизистон Республикасида қўрғошин конида меҳнат қилган.

Беш ўғилни вояга етказган собиқ жангчи ҳозир 25 дан ортиқ набира ва эвараларнинг суюкли бобоси.

Абдуллажон ота ҳам Юртбошимизнинг навбатдаги совғаларини қабул қилар экан, хурсандчилигини яшира олмади.

– Шу кунларга етказганига шукр, – дейди Абдуллажон бобо. – Президентимизнинг биз, уруш қатнашчиларига кўрсатаётган ғамхўрлиги умримизга умр қўшмоқда. Илоҳим, уруш ҳеч қачон қайтмасин, биз кўрган кунларни бошқа ҳеч ким кўрмасин. Юртимиздаги тинчликка, халқимиз фаровонлигига кўз тегмасин.

Шу куни уруш қатнашчилари ва фронт орти фахрийлари хонадонларига 18 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари ҳам етказиб берилди.

Нуроний-фахрийларимизнинг барчалари кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдириб, дуога қўл очишмоқда ва бугунги шодумон кунларга шукроналар айтиб, дуолар қилишмоқда. 

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати