Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 24 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ЎЗБЕКИСТОН ТУМАНИ ҲОКИМИ ТУМАНИМИЗ АҲЛИНИ НАВРЎЗ УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ БИЛАН ҚУТЛАДИ

×

 2020-03-20 23:18:51    156

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон тумани ҳокими Қахрамонжон Джураев Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ўзининг самимий ва эзгу тилаклари ифодаланган байрам табригини йўллади. Табрикномада, жумладан, шундай дейилади:

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Қадрли тумандошлар!

Жонажон юртимиз - Ўзбекистонимизга яшариш, баҳор ва гўзаллик байрами - Наврўзи олам кириб келмоқда.

Ана шу қутлуғ айём - Шарқона янги йил билан туманимизнинг барча аҳлини чин юракдан самимий муборакбод этаман.

Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ташаббуслари ва ташкилотчиликлари билан мамлакатимизда халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган бунёдкорликлар Наврўзи олам улуғ анъаналарига янгича руҳ ҳамда кўтаринкилик бағишламоқда.

Наврўз миллатлар ва элатлар ҳамкорлигида чегара билмайди. Бугун мамлакатимизда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандидек аҳил-иноқ яшамоқда, яқин ва узоқ қўшнилар билан қардошлик муносабатлари беқиёс мустаҳкамланмоқда. Шу билан бирга, халқаро миқёсда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори ошганидан энг тараққий этган мамлакатлар билан ҳамкорлик ришталари тобора чуқурроқ илдиз отмоқда.

Олиб борилаётган халқона ислоҳотлар оқибатида она Ўзбекистонимизда бўлганидек, айнан Республикамиз номи билан аталувчи туманимизда ҳам ҳар бир оила, ҳар бир инсон ўзини давлат ҳимоясида, унинг эътиборида деб билганидан бугунги ҳаётдан розилиги, келгуси кунларига ишонч туйғуси билан яшамоқда.

Ўтаётган ҳар бир дақиқанинг қадри баландлиги, орзу-умидлар рўёбига ишончнинг бисёрлиги, бунёдкорлик йўлидаги меҳнатнинг шижоати, байрам шодиёналарининг шукуҳи шундан.

Юртимизнинг табаррук заминига, она диёримизга меҳр-муҳаббат, ўзаро аҳиллик фазилатлари янада яққол намоён бўлмоқда.

Ана шунинг учун ҳам шу дилбар фаслда табиатдаги ўзгаришларга уйғун бўлиб, жамиятимиз, ҳаётимиз ҳам ўзгариб, янгиланиб бормоқда.

Янги-янги уй-жойлар, таълим, тиббиёт ва маданият масканлари, замонавий корхоналар, обод қишлоқлар туманимиз чиройига чирой қўшмоқда.

Туманимизнинг ҳар бир хонадони, ҳар бир жамоаси, дала-қирларида янгиланишлар тобора қулоч очаётгани ҳам шундан.

Тумандошларимизнинг 2020 йилдаги орзу-умидлари ҳар қачонгидан юксак.

Бу йил халқ фаровонлиги йўлида ғоят катта тадбирларни амалга оширишни, мамлакатимиз иқтисодий қувватини оширишга ҳар қачонгидан кўпроқ ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз.

2020 йилда туманимиз аҳолисини тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида "Ҳар бир оила – тадбиркор" дастури асосида 14 миллиард 495 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.

Туманда 2020 йилда умумий қиймати 383 миллиард сўмлик 22 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади ва 652 та иш ўринлари яратилади. Унинг 12 миллион АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бўлиб, 14,4 миллион АҚШ долларлик халқаро молия институтлари маблағлари ўзлаштирилади.

Жорий йилда Агросаноат мажмуи бўйича 1 триллион 304 миллиард сўмлик маҳсулот етиштиришни режалаштирдик.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 486,6 миллиард сўмга етади. 110 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилади. Савдо-сотиқ, аҳолига замонавий хизмат кўрсатиш сифати ва кўлами янада ортади.

Туманда жорий йилда жами 19 млн. 377 минг АҚШ доллар; шундан 16 млн. 955 минг АҚШ доллар мева-сабзавот маҳсулотлари ва 2 млн. 422 минг АҚШ доллар саноат маҳсулотлари экспорти амалга оширилади.

Шунингдек, "Обод қишлоқ" дастурига асосан 6,5 минг аҳоли яшайдиган, Кичик Оқмачит ва Хотамтой қишлоқларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари бажарилади. Натижада мазкур ҳудудларда маълум миқдордаги ҳовли жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик сув ва электр тармоқлари, сув иншоотлари ва йўллар таъмирланиши, реконструкция қилиниши ва қурилиши туманимизга янада янги қиёфа, янги гўзаллик бахш этади.

Мактабгача таълим муассасалари сони кескин оширилиши билан қамровни кўпайтириш имкониятларимиз кенгаяди. Мактабгача ва умумий ўрта таълим ҳамда тиббий хизмат сифати янада яхшиланади.

Қадрли тумандошлар!

Бу йилги байрам халқимиз бошига тушган синовли кунларга тўғри келмоқда. Бутун халқларни ташвишга солаётган коронавирус пандемияси минг афсуски юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Лекин, мухтарам юртбошимиз топшириғига асосан, хукуматимиз томонидан касалликни оммавий кириб келиши ва кенг тарқалишини олдини олиш, унга қарши курашишда аниқ ва зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда.  

Давлатимиз, ҳукуматимиз халқимизнинг соғлиги, осойишталиги учун бетиним иш юритяпти. Бундай вазиятда ваҳимага берилмаслигимиз керак.

Касалликнинг олдини олиш, етарли озиқ-овқат ва дори-дармонлар нархларининг сунъий ўсишининг олдини олиш бўйича халқимиз бир ёқадан бош чиқариб курашаётганлигига ҳам гувоҳ бўлмоқдасизлар.

Бундай ҳамжиҳатлик фуқароларимиз орасида ватанпарварлик туйғуси нақадар юксак эканини яна бир карра исботлади.

Шу ўринда, хавфни енгиш, уни олдини олиш йўлида жонбозлик кўрсатаётган шифокорлар, одамларга далда бўлиш учун қўлдан келгунча ҳаракат қилаётган тадбиркорлар ва кўплаб ёш авлод вакилларининг хайрли ишларини алоҳида эътироф этишимиз жоиз.

Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади”.

Дарҳақиқат, азиз тумандошлар, бу синовлар эл-юртимизни янада бирлаштирди, олий жаноб ва мард халқимизнинг матонати, иродаси эвазига биз бу синовлардан ҳам албатта муносиб ўтамиз.

Сиз эса, касаллик билан боғлиқ турли шов-шувлар, тахмин ва фаразлар, ёлғон асосига қурилган, ваҳима кўтаришга мўлжалланган ахборотларга ишонмай, ваҳимага тушмасдан, жараённи тўғрилигича қабул қилинг. Инфекциянинг олдини олиш учун шифокорлар тавсияларига албатта амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига риоя қилинг.

Кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб, қатъий тартиб-интизом билан ҳаракат қилсак, бу вирусни батамом чекинишига эришамиз.

  Азиз юртдошлар!   

  Юртимизда рўй бераётган бугунги кенг кўламли бунёдкорлик ишларини, халқимизнинг келажакка бўлган ишончини кўриб, осуда ҳаётимизнинг қадрига етишимиз, шукроналик ҳисси билан яшаш кераклигини яна бир бор англаймиз. Юртимизда рўй бераётган ўзгаришу янгиликлар Кўклам, Наврўз каби ҳаётимизга, кўнглимизга илиқлик бахш этмоқда. Азиз ватандошлар, ҳар кунимиз ана шундай тафтли, ютуқ ва эзгу ниятлар рўёбига уйғун бўлсин!

Мен фурсатдан фойдаланиб, туманимизнинг барча фаоллари номидан Сиз, азиз юртдошларимизни яна бир бор Наврўзи олам билан қутлаб, табаррук отахон ва оналаримизнинг умрлари узоқ бўлсин, ака-укаларимиз, опа-сингилларимизнинг кўнглидаги пок ниятлари ижобат бўлсин, дейман!

Хонадонларимиздан меҳр-оқибат, файзу барака аримасин!

  Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!