Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Ҳоким ва ёшлар учрашуви”: келажакни ёшлар билан бирга қуриш йўлида
2020-02-07 23:05:47 152
Ўзбекистон тумани Охта Тагоб қишлоғида жойлашган Педагогика коллежида “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида икки юздан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Туман ҳокими Қахрамонжон Джураевнинг ҳудуд ёшлари билан навбатдаги ўзаро мулоқоти ҳам самимий ва очиқ руҳда ўтди.
Учрашувда туман ҳокими ўринбосарлари, ташкилот ва корхоналар раҳбарлари иштирок этдилар.
Туман ҳокими учрашув аввалида, ўтган ўн кунликда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари учун ташкил этилган малака ошириш ўқув-семинарида ҳам ёшларга оид давлат сиёсати юзасидан кўплаб мавзулар, вазифа-топшириқлар бўлганлиги, мазкур кўрсатма ва топшириқларни ижросини туманда амалга ошириш чоралари хақида сўзлаб берди.
Шу йилнинг 23-24 январь кунлари Тошкент шаҳрига саёҳат қилган, хусусан пойтахтдаги Президент мактабида ва бошқа диққатга сазовор масканларда бўлиб қайтишган олтмиш нафар фаол ёшлар номидан туман ҳокимига самимий миннатдорчилик билдирилди.
- Тошкентдаги малака ошириш ўқув-семинари давомида биз ҳам Президент мактабида бўлдик. У ерда ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдик, - дейди туман ҳокими Қахрамонжон Джураев. - Президент мактабини кузатар эканман, ишонинглар, қалбимда қанийди туманимизнинг кўплаб ёшларига ҳам шундай мактабларда ўқиш насиб этса деган ўй-хаёллар, тилаклар ўтди. Сизлар бунга лойиқсизлар ва астойдил ҳаракат қилсанглар қодирсизлар ҳам. Тез орада вилоятимизда хам Президент мактаби очилиши чоралари белгиланган. Фақат ва фақат ўқинглар, изланинглар, маррани катта олинглар, Ватанга муносиб фарзанд бўлинглар, сизлардан ягона илтимосим шу.
Шундан сўнг, туман ҳокими ёшларнинг бандлиги, бўш вақтини мазмунли ўтказиши, таълим олиш, касб ўрганишга бўлган талаби билан боғлиқ муаммоларни ўрганишга киришиб кетди.
Учрашувда бирин-кетин сўзга чиққан ёшларнинг савол, таклиф ва истаклари эшитилди.
Тадбирда ёшларнинг аксарият мурожаатлари иш билан таъминлаш, мактаб моддий техника базасини янада яхшилаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, имтиёзли кредитлар олиш масалаларида бўлди.
Тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёки мавжуд тадбиркорлигини ривожлантиришни истаган ёшлар учун АТ “Агробанк” туман филиали вакили имтиёзли кредитлар тўғрисида, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Савол-жавоблар давомида туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Махмудахон Камолова тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёш аёл ва қизлар учун туман хотин-қизлар қўмитасининг эшиги доимо очиқлигини, таклиф ва лойиҳаларни амалга оширишда қўмита яқиндан кўмакчи бўлишини таъкидлаб ўтди.
Туман халқ таълими бўлими мудираси Нафисахон Нишонова айнан шу йили ва келгусида тумандаги қайси мактабларда Давлат дастури асосида капитал қурилишлар режалаштирилганлиги, мактабларни моддий-техник базасини яхшилаш борасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
- Ўзим мазкур коллежни мактабгача таълим йўналиши бўйича тамомлаганман, мени муносиб иш билан таъминлашда амалий ёрдам бера оласизми, - дея ҳокимга мурожаат этди Катта Тагоб қишлоғида яшовчи Зарнигор Саидова.
Зарнигордан унинг оиласи, ота-онасининг бандлиги ҳақида ҳам сўраган туман ҳокими тадбирда иштирок этаётган туман Мактабгача таълим бўлими вакилига коллеж битирувчисини, туман Бандликка кўмаклашиш маркази раҳбарининг ўринбосарига эса унинг ота-онасига ҳам муносиб бўш иш ўринларини тавсия этиш ва бандлигини таъминлаш бўйича топшириқ бериб, ижро муддати туман ҳокимлиги томонидан назоратга олинишини маълум қилди.
Ҳудуддаги 48-умумтаълим мактабидаги мавжуд ичимлик суви босими “Сувоқава” давлат унитар корхонаси тумани филиали томонидан яхшиланадиган бўлди.
Тумандаги Иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини комьпютер операторлиги мутахассислиги йўналиши бўйича битирган Нурсух қишлоғилик Шахзода Хўжаеванинг иш билан таъминлаш борасидаги мурожаати ҳам туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ижобий ҳал этиладиган бўлди.
Шу каби, ёшларнинг йигирма яқин таклиф ва муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилди, ўрганиш вақт талаб қиладиган мурожаатларни амалий ҳал этиш юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларига аниқ топшириқлар берилиб, тегишли тартибда назоратга олинди.
Тадбир сўнгида туман ҳокими ёшларга китоблар совға қилиб, уларнинг келгусидаги ўқиш ва ишларида улкан зафарлар тилади.
Учрашув доирасида ёшлар учун меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилиб, ташриф буюрган ёшларга бўш иш ўринлари тақдим этилди.
Бундай эътибордан ёшларнинг кўнгли кўтарилди, улар қалбида ҳаракат қилиш, ишлаш, оиласига, жамиятга фойда келтиришга бўлган шижоати янада юксалди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати