Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 43 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Ўзбекистон тумани ҳокимининг тадбиркорларга мурожаати қабул қилинди

×

 2019-11-18 09:55:47    190

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон туманида тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда қулайликлар яратиш мақсадида мулкчилик шаклидан қатъий назар барча тадбиркорлар ва ишбилармонларга туман ҳокимининг

МУРОЖААТИ

Қадрли дўстлар ва азиз ишбилармонлар!

Бугунги кунда муҳтарам юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш” бўйича мамлакатимизда кенг қамровли ишлар олиб борилаётгани барчамиз маълум.

Буни, сўнгги йилларнинг ўзида тадбиркорлик йўналишида Давлатимиз раҳбари томонидан 50 дан ортиқ Фармон ва қарорлар қабул қилинганлиги, мавжуд қонунчиликка кўплаб ўзгартиришлар киритилди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базалари янгидан шакллантирилаётганлигида ҳам кўришимиз мумкин.

Мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бугунги кунда том маънода давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Муҳтарам Президентимизнинг ҳар бир ҳудудларга ташрифларида, мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришга бағишланган ҳар бир йиғилишларида тадбиркорни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, пировардида янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетга тушумлар ҳажмини кўпайтириш ҳисобига халқимизнинг турмуш тарзини янада яхшилаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, шунингдек аҳолининг муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича кўрсатма ва топшириқлар берилмоқда. 

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва бизнес муҳитини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида, Жахон банкининг ''Бизнес юритиш-2020” ҳисоботида Ўзбекистон 7 поғонага кўтарилиб, 69-ўринни эгаллади ва дунёнинг энг яхши 20 та ислоҳотчи давлати қаторидан жой олди. Янги корхона очиш қулайлиги бўйича юртимиз илк бор дунёда саккизинчи ўринга кўтарилди.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликни давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланиши, кундалик фаолиятида учраётган муаммоларни Ҳукумат даражасида ҳал этилиши мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхоналари ташкил этилганлиги ҳам бунинг яққол исботидир.

Оддий қилиб айтганда бугун ҳар бир тадбиркор давлат ҳимоясида эканлигини англаб етмоқда.

Мунтазам равишда “Иккита иш жойи яратган одамни елкамда кўтараман! Агар тадбиркорга шароит яратмасак натижа бўлмайди“ деган устувор ғояни илгари сураётган юртбошимиз, жорий йилнинг 7 ноябр куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам “бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб қувватлаш орқали эришиш мумкин”лиги ҳамда “энди, ҳокимлар 50 фоиз иш вақтини янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ва тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда уларни ҳал этишга сарфлаши лозимлиги”ни таъкидлаб ўтди.

Азиз тумандошлар!

Аҳолиси деярли 237 минг нафарга етаётган, мамлакатимизда Ўзбекистон дея ягона номланадиган туманимиз ҳам ўзининг унумдор ерлари, саноат салоҳияти, қулай тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳити билан нафақат вилоятда, балки республикамиз миқёсида ҳам муносиб ўринга эга. Биргина тадбиркорлик субъектларининг туман саноат маҳсулотларидаги улуши 68 фоиздан ошди.

Сиз тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг хилма-хил ғоя ва лойиҳаларингиз орқали туманимиз, жамиятимиз кундан-кун ривожланиб, халқимиз баҳраманд бўлмоқда.

Бугун, туманимизда самарали фаолият кўрсатаётган 10 дан ортиқ корхоналарни, ўзларининг сифатли маҳсулотлари билан бутун мамлакатимиз ва қўшни давлатлар бозорларида ҳам танилиб улгурганлигини эътироф этамиз.

Лекин ҳали жамиятимизда фаол тадбиркорлик маданиятини шакллантириш, туманимизнинг барча ҳудудларида юксак маънавиятли, тадбирли, мустақил фикрлайдиган, юртимиз тақдири ва истиқболига бефарқ бўлмаган, замонавий ва фаол тадбиркорлар сафини кенгайтиришимиз зарур.

Зеро, тадбиркорлар ва ишбилармонлар, булар-бугунги ҳаётимизнинг мард ва олижаноб, изланувчан, яратувчанлик, бунёдкорлик ва инновацион ғоялар соҳиби ҳисобланган замонамиз қаҳрамонларидир.

Қадрли дўстлар!

Тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар 2019 йилнинг ўтган даврида туманда 332 та кичик бизнес субъектларини ташкил этиш имконини берди ва жами кичик бизнес корхоналари сони 3093 тадан оширилди.

Барчамизга маълумки, ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда.

Хусусан, бугунги кунда туманимизда жами 18 та қўшма ва хорижий корхоналар фаолият юритиб, дунёнинг етакчи мамлакатларидан Қозоғистон, Россия, Белоруссия, Хитой, Болгария, Бирлашган Араб Амирлиги, Туркия, Эрон ва Германия каби давлатлар билан мустаҳкам иқтисодий ва ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини янада кенгайтиришга эришдик.

Жорий йилнинг ўзида ўзлаштирилган хорижий инвестиция қиймати 63 млн. 700 минг АҚШ долларини ташкил этди.

Тадбиркорлик қобилиятини ривожлантиришда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури асосида жорий йилнинг январь-октябрь ойларида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида тумандаги 1143 нафар фуқароларга 18,6 млрд. сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

  Хурматли тадбиркорлар ва ишбилармонлар !

Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига туманимизда бюджет даромадлари 105,4  млрд. сўмни ташкил этиб, уларнинг 75,8 млрд. сўми ёки 72 фоизи айнан хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Маҳаллий бюджет харажатларини таҳлил қиладиган бўлсак, 178 млрд. сўм ёки 90 фоиз харажатлар айнан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ соҳаларга йўналтирилмоқда.

Шу жумладан, таълим соҳасига 133 млрд. сўм, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳасига 41 млрд. сўм, маданият ва фан соҳасига 1 млрд. сўм, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар учун 17 млрд. сўм маблағлар ажратилган.

Шунингдек, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида туманимиздаги  3 та қишлоқ ва маҳаллаларда ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик сув объектлари, ички йўлларни қуриш ва ҳудудларни ободонлаштириш ишларига 7,5 млрд. сўм маблағ сарфланди.

Албатта, бугунги кунда жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларида Сиз азиз тадбиркорларимизнинг муносиб ҳиссангиз бор.

Сизнинг фаолиятингизни келгусида ҳам янада ривожлантириш, самарадорликни ошириш, янги ишчи ўринлар яратиш борасидаги ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлаш учун туманимиздаги 4 та сектор раҳбарлари ҳамда барча даражадаги раҳбарларнинг кичик бизнес соҳасини ривожлантириш борасидаги иш услуби тубдан ўзгартирилмоқда.

Юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига бевосита дахлдор бўлган сиз тадбиркорларга, бугун хукумат даражасида катта имконият ва имтиёзлар яратилаётганлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

Хусусан, энг биринчи навбатда, ер ажратиш масаласида, бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ва бўш бино-иншоотларни ажратиб бериш очиқ-ошкор равишда, барча учун тенг шароитда, электрон аукцион орқали амалга оширилади.

Муҳтарам юртбошимиз видеоселектор йиғилишида таъкидлаганларидек, кредит бериш тизими ҳам энди анча соддалаштирилиб, ортиқча қоғозбозлик ва сансалорликка барҳам берилади. Сабаби, шаҳар ва туманлар банк филиалларининг кредит ажратишда мустақил қарор қабул қилиш бўйича ҳуқуқлари кенгайтирилиб, улар вилоят ва Республика Бош банкига хужжат юбормасдан кредит ажратиш ваколатига эга бўлди.

Муҳтарам тадбиркорлар!

Агарда Сизда туманимиз истиқболи йўлида хизмат қиладиган турли янги тадбиркорлик ғояларингиз, режа ва мақсадларингиз бўлса, марҳамат, биз Сизни ва ташаббусларингизни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Сизнинг лойиҳангиз туманимизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир.

Сизларни барчангизни муҳтарам юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун сидқидилдан ҳалол ва фидокорона меҳнат қилишга, янги жамиятни шакллантириш даврида фаоллик кўрсатишга чақираман.

Юқорида таъкидлаганимдек, туманнинг барча бошқарув идоралари масъуллари билан биргаликда, мен-туман ҳокими сизларга яқиндан кўмакчи бўлишга кафолат бераман.

Ҳамиша ва ҳар доим сизлар билан ҳамнафас, ҳамкор, ҳамфикр ва баҳамжиҳатликда ишлаб, олдимизда турган улкан вазифаларни амалга оширамиз.   

Керак бўлса хар кунги иш вақтимни, тегишли ўринбосарларим билан биргаликда, сизлар билан бирга янги кичик бизнес субъектлари ташкил этишга, фаолиятингизда бирон бир муаммо ёки таклиф туғилганида уларни бажонидил, биргаликда аниқлаш ҳамда ҳал этишга сарфлайман.

Юрт равнақи ҳамда халқимиз фаровонлиги йўлидаги эзгу ишларингизда барчангизга куч-қувват ва ғайрат-шижоатлар тилайман!

Тадбиркорларнинг мурожаатлари учун телефонлар:

Ўзбекистон тумани ҳокими:

Қахрамонжон Джураев +998 90 565 53 24

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари:

Мамадолим Сатторов +998 91 111 75 00

Туман ҳокимининг ўринбосари:

Муроджон Мансуров +998 91 155 59 00