Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 33 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

“MY5” телеканалида 2019 йил 23 октябр куни эфирга узатилган репортажи юзасидан Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ҳокимлигининг БИЛДИРИШИ

×

 2019-10-25 18:43:10    245

PDF yuklash
Chop etish


“MY5” телеканалида 2019 йил 23 октябр куни эфирга узатилган репортажи юзасидан Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ҳокимлигининг БИЛДИРИШИ

2019 йил 23 октябр куни “MY5” телеканалининг соат 21.20 да эфирга узатилган “Марказий студия” кўрсатуви орқали Ўзбекистон туманидаги Шакаробод маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг телеканалга мурожаати юзасидан тайёрланган репортаж намойиш этилган.

Кўрсатувда маҳалла фуқароларининг 2018 йилда ҳудудда “Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида амалга оширилган ишлар хусусида ва айнан дастур доирасида ҳудуд кўчаларини асфальтлаш ишлари тўғрисидаги мурожаатга урғу берилган. Яъни ҳудуддаги айрим фуқаролар тасдиқланмаган хабарларга асосланиб, дастур доирасида асфальтланиши лозим бўлган кўчалар масофасини кўпроқ деб ўйлаб, бу борадаги ўзларининг мурожаатларини баён қилишган.

Шу муносабат билан Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати қуйидагиларни билдиради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги фармонига ҳамда шу кунги “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3630-сонли қарорларига мувофиқ 2018 йилда тумандаги Шакаробод маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Хусусан, дастур асосида ушбу аҳоли пунктида якка тартибдаги уй-жойларни таъмирлаш, электр, ичимлик суви тармоқларини тортиш, йўлларни ва ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш ишлари тўла-тўкис амалга оширилган.

Белгиланган режа асосида фуқаролар йиғинининг айнан қайси ҳудуд ва кўчаларини Давлат дастурига тушириш юзасидан ҳам айнан маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари ва маҳалла фаолларининг ўзлари берган таклифлари инобатга олинган.

Тасдиқланган манзилли рўйхатга асосан МФЙ ҳудудида 4,0 км йўллар асфальт қилиниши режалаштирилган бўлиб, режадаги йўллар яъни Мустақиллик кўчаси 0,178 км, Навбахор кўчаси 0,920 км, Ёшлик кўчаси 0,878 км, Тинчлик кўчаси 0,863 км, Маънавият кўчаси 0,920 км ва Шодлик кўчаси 0,285 км, жами 4,0 км йўллар тўлиқ асфальт қилинган.

Электр таъминотини янада яхшилаш мақсадида, МФЙ ҳудудида 1 та трансформатор пункти ва 1,9 хаво тармоғи янги қурилиб, 7 та трансформатор пункти ва 3,7 км электр тармоғи мукаммал таъмирланди.

Дастурга кўра, режадаги 2,0 км ичимлик суви тармоғи тўлиқ тортилди. Бундан ташқари маҳалла аҳолиси ва хомийлар томонидан қўшимча 2,423 км ичимлик суви тармоғи тортилган.

Фуқаролар йиғини ҳудудидаги 10-умумтаълим мактаби ҳамда 34-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси тўлиқ жорий таъмирланиб, бино ва иншоотлари замонавий қиёфа касб этди.

Ҳудудни тунги қиёфасини ҳам янада нурафшон гўшага айлантириш мақсадида Гулзор кўчасига 12 та, Мустақиллик кўчасига 25 та, Обод кўчасига 13 та, жами 50 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.

Маҳаллий аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қаноатлантириш мақсадида, муқобил ёнилғи-суюлтирилган газга мослаштирилган 40 та хонадон дастур доирасида туман ҳокимининг фармойишига асосан тўлиқ қайта табиий газ тармоғига уланди.

Бундан ташқари, давлат дастурига киритилган мазкур қишлоқда аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларини бунёд этиш, новвойхона, тикувчилик цехи, қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ва умумий овқатланиш шахобчаси барпо этиш каби долзарб лойиҳаларни амалга оширилишига эришилди.

Худудда олиб борилган қурилиш-таъмирлаш ишлари ваколатли ташкилот ва муассасалар томонидан мунтазам равишда мониторинги юритилиб, амалга оширилаётган ишларнинг шаффофлиги ҳамда сифати доимий равишда назорат қилиб борилган.

Дастур доирасида кўзда тутилган барча ишлар ҳудудда тўлиқ адо этилиб, қишлоқ инфратузилмаси қайта шакллантирилишига ҳамда уларда истиқомат қилаётган аҳоли учун зарур шарт-шароит яратишга эътибор қаратилди.

Мурожаат юзасидан туманга ташриф буюрган телеканал мухбирлари айнан шу ҳудудда дастур доирасида бажарилган ишларнинг манзилли рўйхатлари ҳамда амалга оширилган ободонлаштириш ишлари билан бевосита танишдилар. Тегишли мутахассислар билан келгусидаги режа ва мақсадлар, мурожаат ечими юзасидан фикр ўртоқлашилди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтмоқчимизки, нафақат ушбу ҳудудни, балки бутун туманни янада обод ва кўркам қилиш борасидаги амалий ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.

Аввал ҳам таъкидлаб ўтганимиздек, туман ҳокимлиги мухтарам юртбошимиз томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсатини, мустаҳкам асосга эга фикр эркинлигини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, айнан холис ва конструктив танқид орқали мавжуд муаммоларни ҳал этишга кўмаклашадиган барча оммавий ахборот воситалари билан келажакда ҳам мустаҳкам ҳамкорликда иш юритишга тайёрлигини маълум қилади.

 

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати