Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Давлат тили байрами туманда кенг нишонланди
2019-10-22 17:23:08 261
Шу кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига 30 йил тўлганлиги катта қувонч ва миллатимизнинг гўзал байрамларидан бири сифатида кенг нишонланмоқда.
Бундан роса ўттиз йил муқаддам, Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида кун тартибига қўйилган муҳим масала - давлат тилига ҳуқуқий мақом бериш масаласи ижобий ҳал этилиб, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги алоҳида қонун қабул қилинган эди.
Қабул қилинган мазкур қонунга асосан энг муҳим қадриятларимиздан бири ҳисобланган тил қонун даражасида ҳуқуқий асосга эга бўлди.
Дарҳақиқат, тил - миллатни миллат, давлатни давлат мақомига кўтарадиган, миллатнинг маънавиятини, руҳиятини, қадрини кўрсатадиган асос ва омиллардан бири ҳисобланади. Тилнинг софлиги миллатнинг софлиги ҳам демакдир.
Она тилимиз - хар биримизнинг улкан маънавий бойлигимиз, беназир қадриятимиз ва бебаҳо мулкимиз ҳисобланади деб хеч бир муболағасиз айта оламиз.
Она тилига бағишланган шодиёналар туманимизда ҳам кўтаринки руҳда нишонланди.
Байрамнинг асосий тадбирлари “Она тилим, сарчашмангдан яйрар дилим!” шиори остида Яйпан шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида ташкил этилди. Боғ ҳудудида катта байрам сайри ташкил этилди.
Туман ҳокимлиги, ҳалқ таълими, мактабгача таълим ва маданият бўлимлари томонидан ташкил этилган адабий, маърифий ва бадиий тадбирларда ташкилот ва корхоналар, таълим муассасалари, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
Асрлар давомида ўзбек тили ва унинг ривожига баракали ҳисса қўшган сиймолар, улар амалга оширган эзгу ишлар ёдга олиниб, бугунги кунда ҳам ўзбек адабий тилини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар таъкидлаб ўтилди.
Байрам арафасида туман ҳокимлиги томонидан тумандаги умумтаълим мактаблари ўртасида “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим” мавзусида иншолар танлови ўтказилган эди. Бугунги байрам тадбирида мазкур танловнинг ғолиб ва совриндорларига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбек тилини мадҳ этувчи шеърлар, қўшиқлар, саҳна асарлари намойиш этилиб, барчага завқ бағишлади.
Тумандаги 13-умумий ўрта таълим мактабида давом этган байрам тадбирида мактаб ҳудудида жойлашган ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк мутаффакир шоир Алишер Навоийнинг ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Мактаб ўқувчилар томонидан она тилимизга бағишланган шеърлар равон ўқилиб, барча тадбир иштирокчилари тилимизнинг жозибаси ва сеҳрига яна бир бор ошно бўлишди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати