Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ерга оид муносабатларда тенглик ва шаффофлик кафолатланади
2024-12-06 13:49:22 256
Кейинги йилларда мамлакатимизда ерга оид муносабатларда тенглик ва шаффофликни, ер ресурсларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини таъминлашга ҳамда ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишининг олдини олишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга ерга оид ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш ҳамда мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш зарурияти юзага келмоқда.
Ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига, Жиноят-процессуал кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, давлат мулкида бўлган ер участкасини қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиб ташлаш тўғрисидаги ишлар бўйича алоҳида иш юритилишини назарда тутувчи қоидалар билан тўлдирилмоқда.
«Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича давлат божини тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Ушбу Қонун ер участкаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга, уларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва ўзбошимчалик билан иморатлар қуриш ҳолатларининг камайишига, ер тўғрисидаги қонунчилик бузилиши билан боғлиқ қилмишларни содир этганлик учун қўлланиладиган таъсир чораларининг мутаносиблиги ва етарлилиги принципларини таъминлашга хизмат қилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди. Ҳусусан 2291-модда биринчи қисмининг санкциясидаги «бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш» деган сўзлар «беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш» деган сўзлар билан алмаштирилди. Иккинчи қисмининг санкциясидаги «икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш» деган сўзлар «беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш» деган сўзлар билан алмаштирилди. Шунингдек, 2294-модда биринчи қисмининг санкциясидаги «бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш» деган сўзлар «бир йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш» деган сўзлар билан алмаштирилди. Иккинчи қисмининг диспозицияси қуйидаги мазмундаги «в» банд билан тўлдирилди, яъни «в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса», санкциясидаги «уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш» деган сўзлар «беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш» деган сўзлар билан алмаштирилди.
Шуҳрат Мирзакиров
Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг раиси