Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида 2025 йил ҳосили учун кузги шудгорлаш мавсумига киришилди
2024-11-25 17:15:27 90
Қишлоқ хўжалигида мўл ҳосил олиш учун кузги шудгорлаш тадбирларининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон туманида ташкил этилган кўргазмали семинарда мазкур муҳим агротехник жараённи сифатли ва самарали ташкил этиш борасида келишиб олинди. Унда туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев бошчилигидаги сектор раҳбарлари, шудгорлаш отряд раҳбарлари, механизаторлар, пахта-тўқимачилик кластери ва қишлоқ хўжалиги ходимлари иштирок этди.
Туманда келгуси йил ҳосили учун кузги шудгорлаш ишлари 6 минг 393 гектар ер майдонда (шундан 4 минг 400 гектар пахта майдонлари) майдонда амалга оширилиши белгиланган.
Ерларни сифатли ва юқори унум билан шудгорлашга эришиш учун трактор ва плугларни марказлашган ҳолда пухта созлаш ва ишга шай ҳолга келтириш ишлари олиб борилди. Агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли якунлаш учун 9 та отряд тузилиб, уларга 25 та юқори унумли ҳайдов техникалари бириктирилди.
Отрядларга бириктирилган механизаторларнинг тунги шудгор ишларини самарали ташкил қилишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, улар учун кўчма дам олиш хоналари тайёрланди. Отряд раҳбарлари ва механизаторларни рағбатлантириш ҳамда иш унумдорлигини ошириш мақсадида уларнинг ҳар бирига олдиндан иш ҳақи ва озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Семинар давомида туман ҳокими келгуси йил режаларининг самараси бугунги ҳаракатга боғлиқлиги, агротехник тадбирларни ўз вақтида ташкил этишда барча имкониятларни ишга солиш кераклигини билдирди. Белгиланган вазифаларни уюшқоқлик билан бажариш юзасидан мутасаддиларга зарурий кўрсатмалар берилди.
Шай ҳолатга келтирилган техникалар, механизаторлар учун тайёрланган ҳар бир кўчма дам олиш хоналари, улардаги яратилган шароитлар билан танишилди.