Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Алиментларни олдиндан тўлаш ёки гаров тақдим этиш орқали Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилиш тартиби
2024-07-29 17:58:58 297
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 32-моддасига мувофиқ ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эгадир деб белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари Конституциянинг 77-моддасига кўра ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлардир деб белгиланган. Шундай экан фарзанд тарбияси ҳар бир ота-она, қолаверса, жамият зиммасидаги ўта шарафли ва айни пайтда масъулиятли вазифалардан бири саналади. Афсуски бу ҳаётда ўз фарзандини тарбиялаш ва таъминлашдан бош тортувчи ота-оналар ҳам учраб туради, ёки аксинча меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онанга ғамхўрлик қилмайдиган фарзандлар ҳам учрайди. Вояга етмаган фарзанд қачон имкони бўлса, отам ёки онам алимент тўласа, кейин еб-ичаман, деб кутиб туролмайди. Шу сабабли ўз вақтида моддий таъминлаш боланинг соғлом вояга етишида муҳим омил бўлиб ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига кўра вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота ёки онадан алимент суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан ундирилади.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда айрим фуқаролар томонидан алимент қарздорлиги сабабли, хорижга чиқа олмаётганлиги ҳақида мурожаатлар тез-тез учраб туради. Жамиятимизда оила қадриятларига юзаки ёндашиш, эр-хотиннинг ўзаро келишмовчиликлари оқибатида ажралиш ҳолатлари йилдан-йилга ўсиб, алимент ундиришга доир ижро ҳужжатлари сонини ортиб кетишига олиб келмоқда. Бу эса ўз навбатида ижро ҳужжатларини ижро қилиш имкониятининг қийинлашиши ва мураккаблашишига олиб келади.
Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида” қонунига асосан, хорижга чиқиш учун чеклов қўйиш – суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарор асосида амалга оширилади. Кўплаб қарздорлар томонидан алимент бўйича қарздорлигини бартараф этилган бўлса ҳам давлат ижрочиси томонидан Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарорини бекор қилмаётганлигидан норози бўлмоқдалар.
Бугунги кунда амалдаги қонунчилигимизга кўра чекловни ечиш учун етарлича имкониятлар яратилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 808-сонли Қарорига асосан тасдиқланган низомда алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш асослари белгилаб берилган. Ушбу низомга кўра чекловни ечишни икки хил усули мавжуд , биринчи усул вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментларни олдиндан тўлаш, ҳамда иккинчи усул вояга етмаган болалар, эр (хотин), собиқ хотин (собиқ эр) ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз шахслар таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров шартномасини тузиш.
Биринчи усул яъни вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментларни олдиндан тўлаш орқали. Бунда қарздор томонидан ундирувчига алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашё тақдим этилиши мумкин. Алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланади. Алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилади. Бироқ алиментларни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади. Алиментларни тўлаш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш масаласида, қарздор ижро ҳужжатини берган судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Ушбу аризада қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатларни кўрсатади масалан бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва бошқа шунга ўҳшаш ҳолатлар. Шу билан бирга аризага Мажбурий ижро бюроси томонидан тақдим қилинган алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори, аризага қўшимча равишда баҳолаш ташкилотининг алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган мол-мулкни баҳолаш хулосаси, шунингдек қарздорнинг мазкур мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари илова қилинади. Суд аризани кўриб тамомлаш якуни бўйича ажрим қабул қилади. Агар ариза ажрим билан қаноатлантирилган тақдирда ажримни ижро қилиш учун тегишли ҳудуддаги Мажбурий ижро бюросига юборилади ҳамда давлат ижрочиси алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримни қабул қилиб олади, шунингдек, мазкур ажримда кўрсатилган алиментлар суммаси тўлиқ тўлангандан сўнг, қарздор ва унинг мол-мулкига белгиланган барча чекловларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади.
Иккинчи усул алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров шартномасини тузиш. Бу усулда ҳам юқорида келтириб ўтилган ҳолатга ўхшаб қарздор тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда ижро ҳужжатини берган судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади. Фақатгина бу ҳолатда тузилган гаров шартномаси, шунингдек, Бюро томонидан алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома илова қилиниши шарт. Гаров шартномаси қарздор ва ундирувчи ўртасида алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш ва алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда ундирувчига ундирувни гаров предметига қаратиш ҳуқуқини бериш учун тузилади. Бунда, гаров шартномасида қарздорнинг амалга оширган алимент тўловлари бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ҳар ойда давлат ижрочисини хабардор қилиш мажбурияти кўрсатилиши шарт.
Ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров предмети бўлиши мумкин, муомаладан чиқарилган мол-мулк, кредиторнинг шахси билан узвий боғлиқ бўлган талаблар, хусусан, ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблар, алиментлар тўғрисидаги талаблар ҳамда бошқа шахсга берилиши қонун билан ман этилган бошқа талаблар бундан мустасно. Алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тўғрисидаги гаров шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши ва тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим. (Бугунги кунда базавий ҳисоблаш миқдори бўйича ҳисобланганда гаров қиймати 340.000х250=850.000.000 сўмни ташкил этади).
Гаров предмети қиймати тарафлар келишувига биноан аниқланади. Тарафлар келишувига асосан гаров предмети қийматини баҳолаш тегишли баҳолаш ташкилоти томонидан амалга оширилиши мумкин.
Бу ҳолатда ҳам агар ариза суднинг ажрими билан қаноатлантирилган тақдирда тегишли ҳудуддаги Мажбурий ижро бюросига юборилади. Давлат ижрочиси ажримни олгандан сўнг, қарздорга нисбатан қўлланилган барча чекловларни, шу жумладан қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади. Қарздор томонидан кетма-кет икки ой давомида алимент тўловлари тўланмаган тақдирда, давлат ижрочиси ундирувни гаров предметига қаратиш чораларини кўради. Ундирувни гаров предметига қаратиш натижасида келиб тушган маблағлар, Бюронинг тегишли туман (шаҳар) бўлими депозит ҳисобрақамига ўтказилади, мазкур маблағ ҳисобидан ойма-ой алимент тўловлари амалга оширилади.
Хулоса ўрнида шу айтиб ўтиш лозимки мамлакатимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Вояга етмаганларга ўз вақтида таълим тарбия бериш шахснинг тўғри ўсиб-улғайишини таъминлайди, бунинг учун моддий ёрдам муҳим ҳисобланади. Болаларга тарбия бериш бироз қийин ва айни пайтда масъулиятли вазифа ҳамдир. Амалга оширилаётган бу турдаги чекловлар ўз навбатида суд ҳужжатларини ижросини таъминлаш ҳамда манашу вояга етмаган фарзандларнинг моддий таъминоти учун тўланаётган алиментларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлаш учун жорий қилинган. Шу билан бирга қарздор шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний мафаатларини ҳимоя қилган холда уларга юқоридаги каби чекловларни қонуний ечиш бўйича имкониятлар берилмоқда. Бу каби яратилаётган имкониятлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислохатларнинг махсули бўлиб ҳисобланади.
Э.Исмоилов
Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг раиси