Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Нурсухнинг “Қақир2” маҳалласини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган 2,5 млрд сўмлик лойиҳага киришилди
2024-07-25 23:52:19 218
Ўзбекистон тумани “Нурсух” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Қақир2” маҳалласи аҳлини кўпдан буён тоза ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммо қийнаб келарди. Бир муддат аввал бу ҳақда аҳоли вакиллари туман ҳокимининг ҳудудда ўтказган сайёр қабулида ҳам мурожаат этишган эди.
Олиб борилган саъйи-ҳаракатлар натижасида, мазкур лойиҳа манзилли дастурга киритилиб, аҳолининг узоқ йиллик муаммоси бартараф этиладиган бўлди.
Бугун туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев ва туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари Улуғбек Фозилов иштирокида маҳаллада ўтказилган навбатдаги учрашувда ана шу хайрли лойиҳанинг тақдимоти қилинди. Лойиҳачи (пудрат) ташкилот, "Фарғона сув таъминоти” МЧЖ тумани филиали вакиллари ва соҳа масъуллари қатнашган учрашувда амалга ошириладиган вазифалар маҳалла аҳлига маълум қилинди.
Лойиҳага кўра, ҳудудда битта ичимлик суви қудуғи қазилиб, янги сув минораси ўрнатилади ва 4 минг 500 метр тармоқ тортилади. Бунинг учун манзилли дастур доирасида 2,5 млрд сўм маблағ сарфланади ва натижада 350 га яқин хонадоннинг тоза ичимлик суви таъминоти яхшиланади.
Туман ҳокими соҳа масъулларига лойиҳани белгиланган муддатларда ва сифатли амалга ошириш юзасидан зарурий кўрсатмалар берди.
Ўз маҳаллалари инфратузилмасини яхшиланиши билан боғлиқ навбатдаги эзгу ташаббусга оид хушхабарни нурсухликлар катта қувонч ва шукроналик билан қабул қилдилар.
Қайд этиш жоиз, бир муддат аввал айни ҳудудда электр таъминотини яхшилаш мақсадида 70 дона янги таянч устунлари ва қўшимча 63 кВА қувватли трансформатор пункти ўрнатилиб, 1,3 км ҳаво тармоқлари тортилди. Натижада эса 60 дан зиёд аҳоли хонадонларига электр энергияси етказиб бериш сифати яхшиланишига ҳам эришилди.