Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Ҳоким ва ёшлар” учрашувидаги очиқ мулоқот ёшлар сайлига уланди
2024-07-18 08:53:37 725
“Мўйи Муборак” зиёратгоҳида Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашев ва сектор раҳбарлари туман ёшлари билан учрашув ўтказди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган навбатдаги учрашувда ҳам ёш авлоднинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантиришга эътибор қаратилди.
Тадбирда ота-оналари ва яқинлари билан иштирок этган йигит-қизлар томонидан билдирилган таклифлар, уларни қизиқтирган масалалар ва ўйлантираётган муаммолар ечими бўйича чоралар белгиланди. Билдирилган ҳар бир масала назоратга олиниб, ўз муддатида ҳал этилиши бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
Шерзоджон Юлдашев туманда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва ёшлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган тизимли тадбирлар мунтазам давом этишини қайд этди. Бугунги ёшларнинг шижоат ва интилишлари, орзу-ҳаваслари юқори экани яна бир бор таъкидланиб, улардаги ана шу интилиш ва ғайрат ҳеч қачон сўнмаслигига, эзгу мақсадларига эришишларида омадлар ёр бўлишига тилаклар билдирилди.
Шу кунги очиқ мулоқот чинакам ёшлар сайли билан давом этди. “Ёшлар дафтари”даги 26 нафар йигит-қизларга олий таълим муассасаларидаги таҳсили учун шартнома пуллари, сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадали ва даволаниши учун тегишли миқдордаги тўловларни тасдиқловчи сертификатлар топширилди. 23 нафар ёшларни бандлигини таъминлаш учун эса зарурий меҳнат анжомлари субсидия асосида бепул тақдим этилди. “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг республика босқичида совриндор бўлган деҳқонободлик енгил атлетикачи ёшлар муносиб рағбатлантирилди.
Миллий ўйинлар, расмлар ва мушоира танловлари, мусиқий чиқишлар, "Ош мусобақаси" ҳамда бошқа турли лойиҳаларда эртамиз эгалари юқори кайфиятда фаол иштирок этдилар.