Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 248 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Такрорий экин қўшимча даромад ва озуқа манбаидир

×

 2024-06-25 15:40:45    675

PDF yuklash
Chop etish


Бугун Ўзбекистон туманида ғалладан ва эртаки экинлардан бўшаган майдонларда такрорий экинлар экиш бўйича кўргазмали амалий семинар бўлиб ўтди. 

“Олмазор” маҳалласидаги “Истиқлол саховати” фермер хўжалиги дала майдонида ташкилланган семинарда туман сектор раҳбарлари, вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Мирзобедил Назаров, тегишли муассасалар ҳамда экспортёр корхоналар раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.  

Семинар давомида мутасаддилар томонидан ҳозирги иқлим ўзгариши ва бошқа бир қатор таъсирлар сабаб аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш асосий вазифа эканлигини таъкидланиб, такрорий экинларни экиш орқали аҳоли, айниқса эҳтиёжманд оилалар бандлигини таъминлаш бугуннинг муҳим вазифаларидан эканлигига тўхталинди. 

Аҳолига ва ишсиз ёшларга деҳқончилик қилиши учун ўз яшаш ҳудудларига яқин бўлган фермер хўжаликларидан такрорий экинлар экиш учун ҳар бир фуқарога ўртача 10-20 сотихдан ер майдонлари ажратиб берилиши белгиланди.

Қайд этилишича, тумандаги 5 минг 700 гектар ғалладан бўшаган майдонга такрорий экин экилади. Хусусан, 660 гектардан зиёд майдон фермер хўжаликларининг 2640 нафардан ортиқ аъзоларига, 300 гектарга яқин майдон эса ижтимоий дафтарлардаги 1150 нафардан ортиқ фуқарога (шундан 250 нафари ишсиз ёшлар) ажратиб берилади. Натижада кўплаб аҳолининг мавсумий бандлиги таъминланишига эришилади. Айниқса, бунда маҳаллалардаги кам таъминланган, эҳтиёжманд аҳоли, ишсиз ёшлар ҳамда деҳқончилик қилиш истагида бўлган фуқароларнинг рўйхатларини шакллантириш, четдан қайтган ишсиз фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Семинарда мазкур саъй-ҳаракатларни тизимли ташкил этишга масъул бўлганларга жойларда амалга оширилаётган ишларни кунлик таҳлил қилиб, муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан қатор топшириқлар берилди. Такрорий экин экишда “Бир контур-бир маҳсулот” тамойилига амал қилиш, етиштирилган ҳосилни, аввало, аҳолининг ички истеъмоли, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаларига чиқариш, шунингдек маълум фоизини экспортга йўналтиришни таъминлаш юзасидан ҳам вазифалар белгилаб олинди.

Шу куннинг ўзида “дафтарлар” рўйхатига киритилган 10 нафар олмазорликнинг бандлиги таъминланиб, ҳар бирига айни фермер хўжалигидан 20 сотихдан ер майдони ажратилди.