Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида ёшларга деҳқончилик қилиш учун ер майдонлари ажратиб берилмоқда
2024-04-09 18:45:58 591
Юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 5 апрелда қабул қилинган "Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори бу борада янги имконият эшикларини очди.
Мазкур қарорга кўра, туман ҳокимликлари захирасидаги 60 минг гектар ер майдони электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун ёшларга ижарага берилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олувчи янги тизим жорий этилади. Ер майдонини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали “маҳалла еттилиги”нинг тавсияси билан шакллантириладиган рўйхатга киритилган ёшлар ўртасида ўтказилади.
Ўзбекистон туманида ҳам мазкур қарор ижроси доирасида амалий жараёнларга киришилди. Шу кунларда сектор раҳбарлари иштирокида ёшларга деҳқончилик қилиб, даромад топишлари учун ўзлари яшаётган ҳудудлардаги унумдор ва суғоришда муаммо бўлмайдиган майдонлардан ер ажратиб берилмоқда.
Бугун “Қудаш” маҳалла фуқаролар йиғинида деҳқончилик қиладиган “Ўткир Рашид Зиё” фермер хўжалигида ўтказилган кўргазмали семинар давомида шу тоифадаги бир гуруҳ ёшларга айни хўжалик дала майдонидан 15 сотихдан ер берилди.
Семинарда иштирок этган туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев ёшлар ўзларига берилган бундай имкониятлардан фақат унумли фойдаланиб, мўл ҳосил олиш ва даромадга эга бўлишда фаолликни бой бермасликлари лозимлигини таъкидлади. Ажратиб берилган ер майдонлари нафақат ёшлар бандлигини, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мўл-кўллигини таъминлашга хам хизмат қилиши қайд этилди.
Семинар давомида соҳа мутахассислари томонидан ёшларга “Бир контур-бир маҳсулот” тамойилининг афзалликлари, эртанги экинлар турлари, уларни экиш ва парваришлаш агротехникаси ҳақида тушунчалар берилди.