Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ҳоким соврини учун ўтказилаётган киберспорт мусобақаси финал босқичига старт берилди
2024-03-18 16:23:57 495
Аввал хабар берилганидек, шу кунларда Ўзбекистон тумани ёшлари ўртасида туман ҳокими соврини учун киберспорт мусобақаси ўтказилмоқда.
Туман ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, улар орасидан иқтидорлиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал киберспортга йўналтириш, ахборот технологиялари ва IT-индустрия учун салоҳиятли кадрларни тайёрлаш ва уларни соҳага жалб қилишга кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётган мазкур мусобақа туман ҳокимлиги, “Тетрис” киберспорт клуби МЧЖ ва Яйпандаги IT марказ ҳамкорлигида ташкил этилди.
Бугун туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев мусобақанинг финал босқичи иштирокчилари билан учрашди.
Туман раҳбарининг ёшлар билан суҳбатида уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, замонавий касблар ва чет тилларини ўзлаштиришга бўлган иштиёқларини ошириш, рақамли технологиялар сир-асрорларини пухта ўзлаштириш ҳамда бу билимлардан тўғри мақсадда фойдаланиш аҳамиятлари ҳақида сўз борди. Ёшларнинг бу каби спорт мусобақаларини янада кенг масштабда ташкил этиш ҳақидаги таклиф-мулоҳазалари тингланди.
Мусобақа ўтказилишига масъул вакилларга турнирни намунали ташкиллаш бўйича яна бир бор аниқ кўрсатмалар берилиб, финалчи жамоаларга омадлар тиланди.
Қайд этилишича, ҳоким соврини учун ушбу йўналишда илк бор ўтказилаётган мусобақага кўпчилик ёшлар томонидан катта қизиқиш билдирилган. Мусобақанинг саралаш босқичида рўйхатдан ўтган, 400 нафар иштирокчини қамраб олган 100 та жамоа онлайн режимда ўзаро беллашган. Финал босқичига эса киберспорт бўйича ўз маҳоратларини намойиш этиб, энг яхши жамоа номи учун кураш олиб бораётган 12 та жамоа етиб келди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари туман ҳокимлиги томонидан таъсис этилган қимматбахо совринлар билан мукофотланадилар.