Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 17 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

КОНСТИТУЦИЯ – Янги Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат барпо этишига хизмат қилади

×

 2023-12-06 09:09:51    733

PDF yuklash
Chop etish


Янгиланган Конституция Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлади. Айниқса, унда фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси кучайтирилди.

Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди. Ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар янада мустаҳкамланди.  

Аввалги Конституцияда “давлат – жамият – инсон” тамойили устувор тамойил сифатида белгиланган эди. Янгиланган Конституцияда эса давлатимизда инсон манфаатлари устуворлигини ўзида ифода этадиган  “инсон – жамият – давлат” принципи мустаҳкамланди.  

Бу ҳар қандай масалада, аввало, инсон манфаати таъминланиши зарурлигини англатади. Қолаверса, янги таҳрирдаги Қомусимизда инсон ҳуқуқлари устуворлиги кафолатини берувчи моддалар уч баробар кўпайтирилди.  

Хусусан, Конституцияда эътироф этилганидек, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир. Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.  

Конституция мамлакат ҳудудида тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши белгиланди.  

Шу пайтга қадар Конституция нормалари тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлари орқали ҳаётга татбиқ қилинар, бу эса ҳуқуқни қўллаш амалиётида айрим бўшлиқларга сабаб бўлаётган эди. Юқоридаги норма, бир томондан, шахс ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият эканини амалда таъминласа, иккинчидан, халқимизнинг мавжуд ҳуқуқий тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.  

Инсон ҳуқуқлари ҳақида сўз борар экан, бу ҳуқуқнинг амалда қандай таъминланиши жуда муҳим. Бунинг учун ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатлаб қўйилган.  

Конституцияда назарда тутилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид янги нормалар, ўз навбатида, судлар зиммасига ниҳоятда катта масъулият юклади.  

Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддият ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгилаб қўйилди.  

Бу эса инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид масалаларда ҳуқуқни қўллаш амалиётига янгича ёндашувлар жорий қилишни долзарб заруратга айлантирди.  

Бош қомусимизда белгилаб берилган, инсон ҳуқуқлари ҳимоясига, унинг манфаатларига қаратилган юксак тамойиллар амалда рўёбга чиққандагина аҳамияти ошади.  

Шу боис ҳам 2023 йил 8 майда давлатимиз раҳбарининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.  

Мазкур ҳужжатда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш назарда тутилган.  

Шу мақсадда янги таҳрирдаги Конституцияни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси этиб белгиланди.  

Давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ижросини ўз вақтида таъминлаш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.  

Янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади.  

Янги таҳрирдаги Конституция нормаларини уларни амалга ошириш учун бошқа қонунчилик ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги ёки қонунчиликка Конституцияга мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмагани важи билан қўллашни рад этиш қатъиян тақиқланади.  

Шу асосда Конституциянинг устувор ғояларини рўёбга чиқариш ва нормаларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича юртимизда изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ҳуқуқ бўйича таълим олаётган талабаларга Конституция мазмун-моҳияти тушунтирилибгина қолмай, амалда қўлланилиши бўйича ҳам зарур тушунчалар берилмоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасида ҳар кимга уз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш, бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш учун унинг иши қонунда белгиланган муддатларда ваколатли, мустақил ҳамда холис суд томонидан кўриб чиқилиши ҳуқуқи кафолатланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2023 йил 23 июнда “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғриси”даги 16-сонли қарор қабул қилинди.

Мазкур Пленум қарорининг 5-бандига кўра, Конституциянинг 20-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилиши, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини ташкил этиши лозимлиги белгиланган. Шунга кура, судлар давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари билан муносабатларда инсон ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида мазкур органлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда Конституцияда белгиланган мутаносиблик принципига риоя қилинганлигини текширишлари лозим. Бунда инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Шунингдек, Конституциянинг 55-моддасида давлат органлари ёхуд улар мансабдор шахсларининг қонунга ҳилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида етказилган зарар ихтиёрий равишда қопланмаган тақдирда, унинг ўрни манфаатдор шахснинг аризасига асосан суд тартибида давлат томонидан қопланиши кафолатланганлиги инобатга олиниши лозимлиги белгиланган.

Мазкур Пленум қарорнинг 10-бандига кўра,  Конституциянинг 29-моддасига мувофиқ ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган бўлиб, қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилиши лозим. Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Судларнинг эътибори шахсга адвокат ёрдамидан фойдаланиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқи тушунтирилмасдан ёки унинг бундай ҳуқуқларидан амалда фойдаланиши учун реал шароит яратиб берилмасдан туриб, унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилиши натижасида олинган далилларнинг мақбул эмас (яроқсиз) деб топилишига ва бундай далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмаслигига белгиланди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конститутцияси мамлакатимизни янги тараққиёт босқичларига олиб чиқади ва барча ислоҳотларга ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.

У.Хўжақулов 

Фарғона вилоят суди судьяси