Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 98 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Якка тартибдаги меҳнат низолари, низоларни судгача ва суд тартибида кўриб чиқиш

×

 2023-11-30 10:58:32    601

PDF yuklash
Chop etish


“Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади”

Ўзбекистон Республикаси Конситуцияси, 42-модда.

Судлар томонидан фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги вақтда судларга меҳнат ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар юзасидан даъво аризалар киритиш сони бирмунча кўпайган.

2023 йилнинг 9 ойи давомида Фарғона вилоятининг фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 198 та ишга тиклашга оид фуқаролик иши кўриб чиқилган бўлиб, шундан 113 та ҳолатда даъво қаноатлантирилган бўлса, 51 та ҳолатда рад этилган. 25 та ариза кўрмасдан қолдирилган, 9 таси бўйича иш юритиш тугатилган.

Ўтган 2022 йилининг шу даврида 163 та ишга тиклашга оид фуқаролик иши кўриб чиқилган бўлиб, жорий йилда бу кўрсатгич 35 та ёки 21,5 фоизга кўпайган.

Судлар кесимида таҳлил қилинганда, кўрилган ишларнинг 138 таси ёки 69,7 фоизи Фарғона туманлараро суди, 20 таси ёки 10,1 фоизи Қўқон туманлараро суди, 12 таси ёки 6,1 фоизи Марғилон туманлараро суди, 12 таси ёки 6,1 фоизи Риштон туманлараро суди, 8 таси ёки 4 фоизи Ўзбекистон туманлараро суди, 8 таси ёки 4 фоизи Сўх туман судининг иш юритувига тўғри келганлигини кўриш мумкин.

Корхона, муассаса ва ташкилотлар кесимидаги таҳлиллар кўрилган ишларнинг 44 таси мактабагача ва мактаб таълими соҳасида, 39 таси ички ишлар органларидаги хизмат соҳасида, 9 таси соғлиқни сақлаш соҳасида,
8 таси олий таълим соҳасида, 7 таси божхона органларидаги хизмат соҳасида, 7 таси коммунал ташкилотлардаги ишлар соҳасида, 4 таси банк соҳасида фаолият кўрсатган ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини тиклашга оид ишларни ташкил этганлигини кўрсатади.

Ўтган йилининг шу даври билан солиштирилганда судлар томонидан кўрилган меҳнат низоларига оид ишлар мактабгача ва мактаб таълими тизимида 6 тага, коммунал ташкилотларида 3 тага ва ички ишлар тизимида 25 тага кўпайган.

Меҳнат низоларининг кўпайишига жойларда меҳнат қонунчилигига доим ҳам қатъий амал қилмаслик, Конституция ва қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган меҳнат ҳуқуқларининг поймол қилиниши, уларни асоссиз чеклаш ва соҳага оид қонуности ҳужжатлари талабларини лозим даражада бажармаслик каби салбий ҳолатлар сабаб бўлмоқда.

Ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг манфаатларини ифодалаш вазифаси юклатилган жамоат бирлашмалари ва бошқа вакиллик органлари аксарият ҳолларда ходимнинг эмас, балки иш берувчининг манфаатлари йўлида фаолият кўрсатиб келганлиги ҳолатлари судларда ишларни кўриш жараёнида ишга тиклашни сўраб мурожаат қилган шахсларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Даъво талаблари асосли бўлган ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ ғайриқонуний деб топилган барча ҳолатларда судлар ходимларни аввалги ишлаб турган лавозимига ишга тиклаш, мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги қарорларни қабул қилмоқда.

Ўтган вақт ичида аксарият ҳолларда, ишга тиклаш ҳақидаги талаблар суд ҳукми билан жиноий жазога тортилиб, кейинчалик реабилитация этилган шахслар томонидан илгари сурилганлигини кўришимиз мумкин.

Маълум ҳолларда, даъво асоссиз деб ҳисобланиб, ишга тиклаш ҳақидаги талабларни қаноатлантириш рад этилмоқда.       

Ишларни кўриб чиқиш якуни бўйича қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ҳолларда судлар хусусий ажрим чиқариш йўли билан, иш берувчи ва унинг юқори органларига йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш талабини қўймоқдалар.

Аниқланган ҳолатлар келгусида иш берувчилар томонидан меҳнат қонунчилиги талабларини чуқур ўрганиш, белгиланган қоида ва тартибларга сўзсиз амал қилиш, ходимлар билан ишлаш вазифаси юклатилган масъул шахсларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини доимий равишда ошириб бориш каби аниқ вазифаларни бажаришни тақозо этмоқда.         

Янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси аввалги кодексга нисбатан мукаммал ишлаб чиқилган бўлиб, унда меҳнатга оид муносабатлар ва уларнинг иштирокчилари ўртасида, хусусан, иш берувчи ва ходим ўртасида вужудга келадиган турли вазиятлар кенг ёритиб берилди, бунда асосий урғу ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилди.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси VII бўлимида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишга оид қоидалар мужассамлашган бўлиб, бу бўлим
6 параграфдан иборат.

Хусусан, бўлимда умумий қоидалар билан биргаликда якка тартибдаги меҳнат низоларини комиссияда, суд тартибида кўриб чиқиш, якка тартибдаги меҳнат низолари бўйича қарорларнинг ижро этилиш тартиби ҳамда жамоавий меҳнат низоларини ҳал этиш тартиби белгиланган (бўлим 541-581-моддаларни ўз ичига олади).

Мазкур бўлимнинг 4-параграфи якка тартибдаги меҳнат низоларини суд тартибида кўриб чиқишга бағишланган бўлиб, бу параграфда меҳнат низоларини судда кўриб чиқишга оид барча қоидалар жой олган.

Хусусан, Кодекснинг 558-моддасида бевосита судда кўриб чиқилиши лозим бўлган якка тартибдаги меҳнат низолари кўрсатилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

1) агар ходимнинг иш жойида меҳнат низолари бўйича комиссия тузилмаган бўлса;

2) меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларидан қатъи назар, ишга тиклаш тўғрисидаги, меҳнат шартномасини бекор қилиш санасини ва асослари таърифини ўзгартириш ҳақидаги, мажбурий прогул ёки кам ҳақ тўланадиган иш бажарилган вақт учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги;

3) ходимга меҳнатда майиб бўлганлиги ёки касб касаллиги туфайли етказилган зиённинг ўрнини ёхуд ходимнинг мол-мулкига етказилган моддий зарарнинг ўрнини иш берувчи томонидан қоплаш ҳақидаги;

4) иш берувчи томонидан ходимга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги;

5) ишга қабул қилиш рад этилганлиги ҳақидаги;

6) иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда олдиндан ҳал этилган масалалар юзасидан;

7) ходимлар ва иш берувчи жисмоний шахслар ўртасида юзага келадиган;

8) ўзини меҳнат қилиш ва машғулотлар соҳасида камситилишга учраган деб ҳисоблаётган шахсларнинг;

9) ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги.

Якка тартибдаги меҳнат низолари, ушбу модданинг биринчи қисмида санаб ўтилганларидан ташқари, ходимнинг хоҳишига кўра, бевосита судларда ҳам кўриб чиқилади.

Ходимнинг аризасини кўриб чиқишни якка тартибдаги низо меҳнат низолари бўйича комиссияда кўриб чиқилмаганлигига асосланган ҳолда рад этишга йўл қўйилмайди.

559-моддада якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқи кўрсатилган.

Қуйидагилар якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга:

1) ходим ёки касаба уюшмаси қўмитаси;

2) Давлат меҳнат инспекциясининг мансабдор шахслари;

3) иш берувчи, у меҳнат низолари бўйича комиссиянинг қароридан норози бўлганда, шунингдек ўзига ходим томонидан етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги низолар бўйича;

4) қонунчиликда белгиланган тартибда адлия органлари;

5) прокурор.

560-моддада якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилиш муддатлари кўрсатилган бўлиб, бу муддатлар аввалги таҳрирдаги Меҳнат кодексида белгиланган муддатлардан фарқ қилади.

Хусусан, якка тартибдаги меҳнат низосининг кўриб чиқилиши учун судга мурожаат қилишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:

ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича — ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой;

ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича — иш берувчи зарар етказилганлигини аниқлаган кундан эътиборан бир йил;

бошқа меҳнат низолари бўйича — ходим ўзининг ҳуқуқи бузилганлиги тўғрисида билган ёки билиши керак бўлган кундан эътиборан олти ой.

Ходимнинг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича, шунингдек ходимга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиш ҳақидаги низолар бўйича судга мурожаат этиш муддати белгиланмайди.

Якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқиш бўйича судга мурожаат этиш муддатининг ўтиши якка тартибдаги меҳнат низосини медиация тартибида кўриб чиқиш даврида тўхтатиб турилади.

561-моддада меҳнат шартномаси қонуний асоссиз бекор қилинган, ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган, меҳнат шартлари ўзгартирилган ёхуд ишдан четлаштирилган ҳолларда якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқувчи орган ходимни аввалги ишига тиклашлиги, шунингдек аввалги меҳнат шартларини тиклашлиги белгилаб берилди.

Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишнинг қонунийлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилаётганда суд ходим билан меҳнат муносабатларини тугатишнинг асослилигига баҳо беради.

Якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқаётган суд ходимга мажбурий прогулнинг бутун вақти учун ўртача иш ҳақини ёки кам иш ҳақи тўланадиган ишни бажарган бутун вақти учун иш ҳақидаги фарқни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ғайриқонуний равишда ҳукм қилинганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ёхуд ғайриқонуний равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги муносабати билан ишдан (лавозимидан) четлаштирилган ходимга аввалги иши (лавозими) берилиши керак, агар бунинг имкони бўлмаса (ташкилотнинг (унинг алоҳида бўлинмасининг) тугатилиши, қисқартиришга олиб келган штатлар ўзгариши ёки ишига (лавозимига) тикланишига тўсқинлик қилувчи қонунда назарда тутилган бошқа асослар мавжуд бўлган тақдирда), аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилиши керак.

Ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ҳолларда ёки ишга (лавозимга) тиклашга монелик қиладиган, қонунда назарда тутилган ўзга асослар мавжуд бўлган тақдирда, бошқа тенг иш бериш маҳаллий меҳнат органлари томонидан амалга оширилади.

Меҳнат кодексининг 562-моддасига кўра, ходимлар якка тартибдаги меҳнат муносабатларидан келиб чиқадиган талаблар бўйича судга мурожаат этганда суд харажатларидан озод қилинади.

Кодекснинг 564-моддасида меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилишда, ишдан ғайриқонуний равишда четлаштиришда ёки ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказишда айбдор бўлган мансабдор шахснинг зиммасига моддий жавобгарликни юклаш назарда тутилган бўлиб, мазкур норма иш берувчи бўлган мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши унга маънавий ва (ёки) жисмоний азоб-уқубатлар етказишга сабаб бўлган ҳолларда, суд иш берувчи томонидан ходимга етказилган маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисида ходимнинг талабига кўра қарор чиқаришга ҳақли. Маънавий зиённинг миқдори суд томонидан белгиланади.

Кодекснинг VII бўлимида якка тартибдаги меҳнат низолари бўйича қарорларнинг ижро этилиш тартиби, жамоавий меҳнат низоларини ҳал этиш (тартибга солиш)га оид қоидалар ҳам жой олган бўлиб, мазкур қоидалар меҳнат низолари бўйича қабул қилинган қарорларни ижро этиш ва бу йўналишдаги бошқа муносабатларни тартибга солиш механизмларини ўз ичига олган.

Шуни айтиб ўтмоқчи эдимки, ҳар ким меҳнат қилиш ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга экан, бу ҳуқуқлар авваламбор Конституциямизда кафолатлаб берилди, қонунчиликда меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш механизмлари аниқ кўрсатиб ўтилди.

Бу ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари юзасидан судларга киритилаётган даъволарни камайтириш учун жойларда иш берувчи ва ходимлар билан соҳага оид қонунчилик бўйича ҳуқуқий тарғибот ишларини жонлантириш, меҳнат қонунчилигидаги ўзгаришлар ва янгиликларни тушунтириш лозим бўлади.

Зеро, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият юқори бўлган жамиятда турли низолар ҳамда ўзаро муносабатлардаги тушунмовчиликлар бўлмайди.

Н.Сулаймонов

Фарғона вилоят суди судьяси