Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 38 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Кексаликни тан олмаган отахон

×

 2023-11-25 20:17:25    519

PDF yuklash
Chop etish


ФОТОРЕПОРТАЖ

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Яйпан Гузар маҳалласининг энг ёши улуғ нуронийларидан бири, 82 ёшли Сирожиддин ота Далиев айни кунларда ҳам бадантарбия билан шуғулланиб, тенгқурлари ва ёшларга ибрат бўлмоқда.

Аввало, таъкидлаш керак, Сирожиддин ота Далиев коллеж ва туман мактабларида оддий муаллимликдан тортиб, директорликкача бўлган кўп йиллик самарали меҳнат фаолияти давомида минглаб шогирдлар етиштирган. Маълум вақт туманнинг Яйпан шаҳарчасига ҳокимлик қилиб, ушбу ҳудуд ободлигига ҳисса қўшган. Муаммоларга тўғри ечим топган раҳбар сифатида кўплаб фуқароларнинг қувончу ташвишига шерик бўлган. Шу сабаб, айни кунларда ҳам у кишини яйпанликлар жуда ҳурмат қилади.

Сирожиддин ота баъзи нуронийларга ўхшаб, фаолликни сусайтириб, кексаликни тан олгани йўқ. Бўш вақти бўлиши билан томорқасига ошиқади. Шу мўъжазгина жойга 60 тупдан зиёд мевали кўчат эккан.

– Юртимизнинг иқлими бебаҳо, – дейди отахон. – Инсон саломатлиги учун фойдали бўлган меваларнинг аксариятини ҳар бир оила ўз томорқасида етиштириш имконияти бор. Олма, шафтоли, узум, анор, бодом, ҳатто, пистани ҳам ўзимиз етиштирамиз. Мева-чеваларни доимий равишда истеъмол қилиш, деярли ҳар қандай касалликнинг олдини олади. Томорқаси ташландиқ ҳолга келган, кичик бўлса-да, уйида мевали боғ яратмаган кишиларни кўрсам, жаҳлим чиқади. Уларни ҳам боғ яратишга даъват қиламан.

Отахонни биринчи бор кўрган одам унинг саксондан ошганини тасаввур ҳам қилмайди. Нари борса, 60 ёш беради. Отахон эса, ўзининг саксон ёшида ҳам тетиклигини, мунтазам равишда бадантарбия билан шуғулланаётганлигига боғлайди.

– Кексаликни кечиктиришнинг фақат бир йўли бор, - дейди Сирожиддин ота. – Мунтазам равишда бадантарбия билан шуғулланган одам жисмоний жиҳатдан қаримайди. Бу – исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Тиб илмининг султони Ибн Сино бобомиз ҳам бежизга “Ўз вақтида, меъёри билан бадантарбия қилган одамга дард яқин йўламайди”, демаган. Рости, мендан ҳар куни, турли ёш тоифадаги кишилар: “Саксондан ошган бўлсангиз ҳам ёш кўринасиз? Бунинг сири нимада”, деб сўрайди. Табиийки, мен уларга “қаримаслик сиримни” – бадантарбия билан ҳар куни эринмай шуғулланишимни айтаман. 

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА