Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманидаги 71-умумтаълим мактабида ташаббус самарасида бунёд этилган янги ўқув биноси оқёзибоболик ўқувчиларга муносиб туҳфа бўлди
2023-10-20 23:10:09 405
Ўзбекистон тумани Оқёзибобо қишлоғидаги 71-умумтаълим мактабининг “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида қуриб битказилган янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда туман ҳокими ўринбосари Шерзоджон Исмоилов, Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси, туман ички ишлар бўлими мутасаддилари, жамоатчилик фаоллари, қишлоқ аҳли, ота-оналар, мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этдилар.
1992 йилда барпо этилган ушбу мактабда 120 нафар ўқувчига мўлжалланган ўқув блоки мавжуд бўлиб, ўқувчилар сони кўплиги, синфхоналар етишмаслиги шу вақтгача қатор ноқулайлик туғдириб келган эди.
“Ташаббусли бюджет” дастурининг жорий йилги биринчи мавсумида таълим муассасаси учун қўшимча янги ўқув биносини қуриш юзасидан таклиф киритилиб, қишлоқ аҳли ва мактабнинг аҳил жамоаси фаоллигида ушбу ташаббус 9 минг 600 тадан кўп овоз тўплади.
Давлат бюджетидан йўналтирилган 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига “Фарғона мегастрой сервис” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан билим маскани учун 2 қаватли, 120 ўринли замонавий янги ўқув биноси қуриб битказилди. Манзилли дастури асосида эса унинг синф хоналари замон талаблари асосида жиҳозланди.
Маросимда сўз олганлар юртбошимиз ташаббуси билан бугун мамлакатимизда халқ таълими тизимини ривожлантириш борасида илгари сурилаётган изчил ислоҳотлар ва уларнинг самараси, “Ташаббусли бюджет” каби лойиҳаларнинг ижтимоий аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтишди.
Тадбирда иштирок этган юртимиз ифтихори, профессионал боксчи Бектемир Мелиқўзиевнинг ҳам барча оқёзибоболикларга изҳор этган қутловлари, айниқса ёшларга билдирган фикрлари ўзига хос мотивация бағишлади.
Мухтасар айтганда, ташаббус натижасида янги барпо этилган ушбу таълим маскани биноси ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ва устозлар учун ўзига хос совға бўлди.