Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Омбудсман вакили Ўзбекистон туманидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида мониторинг ўтказди
2023-09-28 21:04:34 175
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон хуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Фарғона вилояти минтақавий вакили Алишер Камилов Ўзбекистон тумани ички ишлар бўлимидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида мониторинг ташрифи амалга ошириб, у ерда сақланаётган шахсларнинг шароитлари билан танишди.
Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ва вилоят ИИБ ҳузуридаги ситуацион марказ билан тўғридан-тўғри онлайн тартибда алоқа ўрнатилган.
Аниқланишича, мазкур вақтинча саклаш ҳибсхонасида 12 нафар шахсларни сақлаш учун 3 та камералар мавжуд бўлиб, мониторинг кунида жами 11 нафар шахслар бу ерда сақланаётганлиги маълум бўлди. Сақланаётганлар орасида аёллар хамда вояга етмаганлар мавжуд эмас.
Мониторинг ташрифида вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган 9 нафар шахслар билан оммавий, 2 нафар шахслар билан яккама-якка суҳбатлар ўтказилди. Суҳбат давомида маҳбуслар ҳибсхонадаги шароитлардан ва озиқ-овқат таъминотидан шикоятлари йўқлиги, уларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар ёки қийноқлар бўлмаганлигини билдиришган.
Тергов ҳаракатларини ўтказиш учун мўлжалланган хоналарни кўздан кечириш жараёнида, бу тоифадаги хоналар видеокузатув воситалари билан жиҳозлангани ва адвокатлар исталган вақтда адвокатлик сўровномаси билан тергов жараёнларида тасвирга олинган видеоматериалларни талаб қилиб олиши мумкинлиги маълум қилинди.
Ҳибсхонадаги адвокат билан учрашув хоналари камерадан ҳоли бўлиб, адвокатлар бугунги кунда муассасада сақланаётганлар билан монеликсиз учрашаётганлиги аниқланди.
Шунингдек, муқаддам Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси билан судланган, хозирда ЖКнинг 226-моддасида кўзда тутилган маъмурий назорат қоидаларини бузиш бўйича айбланаётган фуқаро О.Ж. билан яккама-якка суҳбат жараёнида у фарзандлари унинг қарамоғида эканлиги, доимий иш билан таъминланганлиги ва оилавий шароитини эътиборга олган ҳолда енгиллик берилишида амалий ёрдам сўради. Унга ишни судда кўрилиш жараёнида ўз важларини келтириши, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 46-моддасида кўзда тутилган хуқуқларидан фойдаланишга хақли эканлиги тушунтирилди.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш кўрсатиб ўтилди.
Алишер Камилов
Омбудсманнинг Фарғона вилояти минтақавий вакили