Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси: қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари
2023-09-25 17:59:33 425
Яқинда давлатимиз раҳбарининг махсус фармони билан “Ўзбекистон –2030” стратегияси тасдиқланди. Мазкур стратегиядан кўзланган асосий мақсад-ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, давлат ва жамиятнинг жадал ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳоли фаровонлигига эришишдир.
Мазкур Фармон ва қарорга кўра суд–ҳуқуқ тўғрисида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифалар белгиланди.
1. Жумладан, жамиятда Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш белгиланди.
2. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш.
3. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш. Маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш. Судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш ва судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш.
4. Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизини электрон шаклда келиб тушишига эришиш. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш. Жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича 0,64 баллни тўплашга эришиш. Бошқарув сифати индикаторларининг Ҳуқуқ устуворлиги йўналиши бўйича 61,5 баллни тўплашга эришиш.
5. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини инсон манфаатлари, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтириш.
6. Ягона электрон реестр яратиш орқали жиноят иши қўзғатилишидан тортиб иш юзасидан ҳукм чиқарилгунига қадар бўлган жараённи индивидуал рақам ва QR коди орқали кузатиб бориш имкониятини жорий қилиш. Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлаш фаолиятини замонавий технологиялар ва сўнгги илмий ютуқларни жорий қилиш орқали тўлиқ рақамлаштириш. Суд ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини таъминлаш бўйича ишлар тоифасининг камида 30 фоизини хусусий сектор ёрдамида ижро этишни йўлга қўйиш.
7. Адвокатура институтини ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ҳамда унинг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан чинакам мустақиллигини таъминлаш. Адвокатлар малакасини оширишнинг замонавий ва халқаро стандартларга мос келувчи ва муқобиллик тамойилига асосланган тизимини жорий этиш. Адвокатлар сонини камида 2000 нафарга кўпайтириш. Фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича адвокатлар ҳамда судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон ҳужжатлар алмашинуви даражасини камида 50 фоизга етказиш.
8. Коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш. Халқаро ташкилот томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида камида 50 поғонага кўтарилишга эришиш. 100 фоиз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг «коррупциядан холи қонунчилик» тамойили асосида ишлаб чиқилишини таъминлаш.
9. Тергов ҳибсхоналарини айбланувчи ва судланувчини тўлиқ кузатиш имконини берувчи видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш ва Видеокузатув тизимлари билан жиҳозланмаган тергов ҳибсхоналарида айбланувчи ва судланувчиларни ушлаб туришни тақиқлаш.
10. Низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини ривожлантириш орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини соддалаштирилган тартибда ҳимоя қилиш.
Д.Мадаминов
Наманган вилоят маъмурий судининг судьяси