Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Йирик инвестиция лойиҳалари ҳудуд равнақи, аҳоли фаровонлигига хизмат қилади (+видео)
2023-08-16 17:43:14 141
Президент ташрифидан сўнг...
Навбатдаги манзил – қоп ишлаб чиқарадиган корхона. Ҳокимиятдан бириктирилган масъулнинг шу мазмундаги гапини эшитдиму хаёлдан бир ўй ўтди.
Очиғроқ айтганда Ўзбекистон туманининг четроғидаги Кичик Тагоб маҳалласи ҳудудида жойлашган ўша корхонани арзимасдай деб ўйлаганим рост. Олис йўлни босиб бориш, кичкинагина цехчани кўриш шунчаки ташвишдай туюлди.
Аслида ўша хаёл бекорга келмади. Чунки унгача олти-еттита жуда катта саноат ва текстиль корхоналари, кластерлар фаолияти билан танишган эдик. Бир неча юзлаб одамларни доимий иш билан таъминлаган корхоналарнинг ҳайбати, у ерлардаги иш кўламидан олган ҳайрат каминани ҳали тарк этмаган эди.
Фарғона шаҳридан йўлга чиққан уловимиз обод манзиллар, боғ-роғлар оралаб қоп ишлаб чиқарадиган корхонага етиб келди. Корхона аҳоли яшаш манзилларидан сал четроқда, тошлоқ тепаликлар бағрида жойлашган эди.
Тадбиркорлик субъекти масъуллари ҳамроҳлигида 3 минг квадрат метр майдонни эгаллаган ишлаб чиқариш иншоотига кирдик. Полипропилен конверт қоп ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу замонавий корхонадаги иш жараёни ҳам кишини ҳайратга солади. Бу жойда кўп турдаги катта-кичик ускуналар гувиллаганча бир меъёрда ишлаб турибди. Мустаҳкам полипропилен хомашёси ва иплардан материал тайёрлаш, уларга белгиланган тасвирларни тушириш ва саноат қадоқлари – қоп тикиш “занжири” изчил ишлаб турибди. Бу ҳажм “кичкинагина цехча” эмас эди. Аввал бошда кўрмай-билмай корхона ҳақида фикр қилганимдан, рости, ўзимдан ранжидим.
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи доирасида 27 июль куни ҳудуддаги ўнта янги мажмуани ишга тушириш маросимида иштирок этди. Бу корхоналар қаторида ушбу “Цемент хомашё савдоси” масъулияти чекланган жамияти ҳам бор эди.
Президент ташрифидан сўнг ушбу ишлаб чиқариш субъекти фаолияти билан яқиндан танишдик.
– Корхонамиз йилига 80 миллиард сўмлик 40 миллион дона полипропилен қоп тайёрлаш қувватига эга, – дейди иш бошқарувчи Мавлонхон Носров. – Бундай қоплардан мустаҳкам саноат қадоғи сифатида фойдаланилади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга ички бозорда ҳам талаб юқори. Лекин келгусида қўшни давлатларга ҳам катта ҳажмда экспорт қилиниши мўлжалланмоқда.
Корхонага зарур асбоб-ускуналар Хитойдан келтирилган. Бу лойиҳа ишга тушиши билан юз нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди. Корхонанинг кейинги босқичида яна юз киши иш билан таъминланади.
Вилоятда бу каби лойиҳалар сонининг ортиб бораётгани ҳудуд равнақи, аҳоли фаровонлигига хизмат қилиши шубҳасиз.
Президентнинг вилоятга ташрифи давомида видеоалоқа орқали ўтказилган йиғилишда инвестицияларни жалб этиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш лозим.
Қайд этилганидек, Фарғонанинг ишга солинмаган имкониятларини аниқлаш ва уларни рўёбга чиқариш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарга республикадан масъуллар бириктирилган. Улар томонидан икки миллиард долларлик қўшимча захиралар аниқланган. Тадбиркорлар билан учрашиб, лойиҳалар шакллантирилган.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА.