Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Очиқ мулоқот: Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тумандаги ижроси кенг муҳокама қилинди
2023-07-14 15:39:19 166
Бугун Ўзбекистон туман ҳокимлиги мажлислар залида ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва туманда ёшлар билан ишлаш самарадорлиги таҳлили бўйича навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев раислик қилган йиғилишда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими масъуллари, тумандаги мавжуд 73 та маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳамда дахлдор ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни сифатли таълим билан қамраб олиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган манзилли чора-тадбирлар ижроси ҳамда самарадорлиги муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг шу кунига қадар айни йўналишда амалга оширилган ишлар тўғрисида Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбарининг ҳисоботи тингланди.
Қайд этилдики, туманда ёшлар билан ишлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича белгиланган қатор вазифалар уддаланиб, ижобий натижадорликка эришилаётган бўлсада, ишни тўлиқ тизимли ташкил этишда баъзи камчилик ва хатолар ҳам йўқ эмас.
Хусусан, баъзи маҳаллаларда “Ёшлар дафтари”ни юритиш, ёшлар бандлиги таъминлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш, “қизил тоифа”га киритилган ёшлар билан ишлашда етарли даражада иш ташкил этилмаётганлиги танқидий кўриб чиқилди.
Тизимда самарали иш ташкил этаётган ёшлар етакчиларининг фаолиятлари эътироф этилиши билан биргаликда, фаолиятларида камчиликларга йўл қўйган масъулларга огоҳлантиришлар берилди ва келгусида бундай камчиликларга йўл қўймаслик қатъий топширилди.
Ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятларини юритиш учун имтиёзли банк кредитларини ажратиш, мавжуд муаммоли масалаларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарларига ҳам аниқ вазифалар юклатилиб, ижроси назоратга олинди.