Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманидаги қарийб 50 йиллик яна бир эски боғча биноси ўрнида янгисини бунёд этишга киришилди
2023-05-29 22:37:36 163
Ўзбекистон тумани “Кичик Тагоб” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 35-давлат мактабгача таълим муассасаси учун икки қаватли замонавий бино қурилишига киришилди.
Қайд этилишича, мазкур таълим муассасасининг ҳозирги бино-иншоотлари дастлаб, 1974 йилда дала шийпони сифатида барпо этилган. Кейинчалик 1984 йилда собиқ жамоа хўжалигига қарашли болалар боғчаси сифатида иш бошлаган маскан мослаштирилган бинода фаолият юритиб келган. Сўнгги вақтларда ушбу муассасадаги 5 та гуруҳда 130 нафар болалар тарбияланаётган эди.
Етарли ноқулайликлар ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган таклифларга биноан ҳукуматнинг тегишли қарорига асосан боғча учун намунавий лойиҳа асосида замонавий бино қуриш белгиланди.
Лойиҳанинг амалга оширилиши билан Кичик Тагоблик 150 нафар болажонлар замонавий мактабгача таълим ташкилотига қамраб олинади.
Айни кунларда муассасанинг эски биноларини бузиб, янги ва кўркам иншоатни барпо этиш ишларига киришилди.
Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев бугун ушбу манзилда бўлиб, бошланган хайрли тадбирнинг бориши ва амалга оширилажак бунёдкорлик лойиҳаси билан яқиндан танишди.
Соҳа мутасаддилари билан лойиҳанинг сифат ва самарадорлиги муҳокама қилиниб, масъулларга ишни ташкил этишда қурилиш меъёрий қоидалари ва сифатга жиддий эътибор қаратиш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.
Маҳалла аҳли билан суҳбатларда эса қурилиш ишларида доимий жамоатчилик назоратини олиб бориш тавсия этилиб, бошланган эзгу ташаббус ривожига барака, халқимизга фаровонлик ҳамда барча хайрли амалларга Яратгандан мадад тилаб, дуои фотиҳалар қилинди.