Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Катта Тагобда аҳоли томорқаларининг 30 гектардан зиёд майдонида сарҳил гилос навлари етиштирилмоқда. Ушбу меваларга жаҳон бозорида ҳам талаб юқори
2023-05-04 15:08:48 183
Юртимизда пишиқчилик мавсуми бошланмоқда. Бугун бозорга борган киши табаррук заминимизда пишиб етилган қулупнай, гилос, тут ва сабзавот маҳсулотларини кўриб кўзи қувнайди. Бозорга чиққани - дастурхонга тушгани, деҳқону боғбоннинг чўнтаги даромадга тўлгани. Меҳнат қилган киши бугун ҳосилни, демакки даромадни йиғиштириб олмоқда.
Ўзбекистон туманининг Катта Тагоб маҳалласидан кўплаб зиёли инсонлар етишиб чиққан. Шунингдек, маҳалла аҳолисининг асосий даромади боғдорчилик ва томорқа ишидан ҳам. Маҳалла ўрамидаги мингдан ортиқ хўжаликда 4 минг 600 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Қайд этилишича, маҳалладаги мавжуд аҳоли томорқаларининг жами майдони 60 гектардан кўпни ташкил этади. Катта Тагобликлар шундан 30 гектардан зиёдида гилоснинг “Самарқанд”, “Баҳор”, “Тошкент” каби сарҳил навларини етиштириб, мавсумда муносиб даромад топишади. Аҳамиятли томони эса, маҳаллада етиштирилаётган гилосга жаҳон бозорида ҳам талаб юқори.
Маҳаллада ҳар йили апрел ойининг сўнгги ўн кунлигида бошланадиган гилос сайли июн ойининг иккинчи ярмигача давом этади.
Ана шундай миришкор томорқа эгаларидан бири Дилмуроджон Қодировнинг хонадонидаги 50 сотихли томорқасида 200 тупдан зиёд гилос кўчатлари бор.
– Маҳалламизда томорқасида гилосзори бўлмаган хонадонлар деярли йўқ. Азалдан шу ишнинг ҳадисини олганмиз. Сўнгги йилларда гилосдан ташқари бодом етиштиришни ҳам кенг йўлга қўйганмиз. Меваларимизни аксарияти чет давлатларга экспортга йўналтирилади. Бу йилги мавсум бошида “Самарқанд” гилосини 1 килограммини 100 минг сўмдан сотишни бошладик. Айни кунларда эса энг 30 минг сўмдан 80 минг сўмгача топширяпмиз. Харидорларнинг ўзлари келиб олиб кетишади, - дейди миришкор боғбон Дилмуроджон Қодиров. - Гилосни ўзидан ўтган йилги даромадим, барча харажатлардан ташқари 60 миллион сўмни ташкил этди. Кўз тегмасин, бу йил ҳам ҳосил сероб. Яхши меҳнат қилган киши ҳеч қачон кам бўлмайди.
Катта Тагобнинг ҳар бир хўжалигида ҳозир айни иш қизғин пайт. Ҳосил териб олиниб, сараланмоқда. Қутиларга жойланган гилос бозорга пешма-пеш чиқарилмоқда. Сара, нави анвойи гилослар эса қимматроқ нархда хориж мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Боғдорчилик ва томорқачиликдан унумли фойдаланаётган соҳибкор қишлоқ аҳли меҳнатлари роҳатини ҳам кўрмоқда.