Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Ўқчи” маҳалласида янги тикув цехи иш бошлади
2023-03-19 11:33:36 203
Ўзбекистон туманининг барча маҳаллаларида янги иш ўринлари яратиш, жумладан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ана шундай лойиҳалар доирасида Наврўз байрами арафасида туманнинг "Ўқчи" маҳалласида янги тикув цехи ташкил этилди.
Маҳалладаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияси ва амалий кўмагида тижорат банкининг дастлаб 30 миллион сўмлик имтиёзли кредити эвазига айни йўналишда иш бошлаган ўқчилик Махмудахон Эхсонова, кейинчалик тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришга эришади. Янги, қулай ва кенг бинода 20 нафарга яқин маҳалладош хотин-қизларни ҳам иш билан таъминлаш имконияти яратилди. Айни кунда цехда буюртма асосида аёллар кийимлари тикилмоқда. Таъкидланишича, тадбиркор аёл иш ўринлари сонини камида 50 тага етказиш ниятида.
Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Улуғбек Фозилов ҳамроҳлигида тикув цехига ташриф буюрар экан, бу ерда ишчиларга яратилган шароитлар ва иш жараёнлари билан танишиш баробарида тикувчи аёллар билан суҳбатлашди.
- "Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси амалга оширилаётган ислоҳотларда хотин-қизларимизни касб-ҳунарли қилиш, улар учун бўш иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки аёл ҳунарли бўлса, уйида ҳотиржамлик, рўзғорида барака бўлади" - дея таъкидлади туман раҳбари.
Шу куни маҳалла нуронийлари, кайвони онахонлар, ўқчиликлар билан мулоқот қилган туман раҳбари уларга Наврўз айёмининг табрик ва илиқ тилакларини билдирди. Бу каби ташаббуслар, аёллар бандлигини таъминлашга қаратилган амалий саъйи-ҳаракатлар ўз-ўзидан уларни барқарор даромад манбаи билан таъминлашга хизмат қилиши ҳақида сўз борди.