Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Полипропилен қоп ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхонада 100 нафар янги иш ўрни яратилди, ой якунига қадар уларнинг сони 200 тага етказилади
2023-03-17 00:03:38 151
Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон туманида полипропилен конверт қоп ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги корхона иш бошлади.
Кичик Тагоб маҳалласида жойлашган корхона фаолият бошлаши муносабати билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Авазбек Ўринбоев, туман секторлари раҳбарлари, нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
“Цемент хомашё савдоси” МЧЖ қошида ташкил этилган мазкур корхона йилига 60 миллиард сўмлик 36 миллион 500 дона замонавий полипропилен қоп тайёрлаш қувватига эга. Лойиҳани амалиётга жорий этиш учун 3 миллион долларга тенг инвестиция йўналтирилди. Унинг 1,6 миллион доллари “Алоқабанк” акциядорлик тижорат банки кредити ҳисобидан қопланди.
- Полипропилен қоплар ишлаб чиқариш бугунги кунда даромадли, шу билан бир вақтда долзарб тадбиркорлик турларидандир. Полипропилен қоплардан асосан мустаҳкам саноат қадоқлари сифатида фойдаланилади. Бундай қоплар мустаҳкам полипропилен хомашёси ва иплардан тайёрланади, - дейди янги корхонанинг 23 ёшли раҳбари Орифхон Маҳмудов. - Корхонамиз айни кунда тест режимида иш бошлаб, шу ой якунига қадар тўла қувватда фаолият кўрсатиши устида иш олиб бормоқдамиз. Лойиҳа учун зарур бўлган 2,5 миллион долларлик асбоб-ускуналар Хитойдан келтирилиб, айни хитойлик мутахассислар иштирокида шу ерда ўрнатиб берилди.
Қайд этилишича, корхона ишга тушиши билан 100 нафар маҳаллий аҳолининг бандлиги таъминланди, уларнинг аксарияти ёшлар ва хотин-қизлардан иборат. Таъкидланганидек, корхонанинг тўла қувват билан ишга тушиши натижасида ишчилар сони 200 нафарга етказилади.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 30 фоизи яқин келажакда МДҲ давлатларига экспорт қилиниши ҳам маълум қилинди.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари бошчилигидаги меҳмонлар янги корхонанинг имкониятлари билан танишди. Корхона раҳбарлари-ёш ташаббускорларнинг саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилиб, хитойлик мутахассислар билан суҳбатлашилди.