Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимининг МУРОЖААТНОМАСИ
2022-11-04 10:45:41 149
Азиз фуқаролар!
Табийки, ҳаво ҳароратининг пасайиши натижасида электр, газ ёки бошқа турдаги ёқилғилар воситасида ишлайдиган иситиш мосламаларидан фойдаланишга эҳтиёж ортади. Улардан фойдаланишда эътиборсизлик туфайли ёки носоз, ностандарт иситиш мосламаларини ишлатиш оқибатида ис газидан заҳарланиш, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ва ёнғинлар содир бўлиши мумкин.
Бундай кўнгилсиз ҳолатлар рўй бермаслиги учун уй-жой секторлари, ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларидаги газ, электр ва бошқа турдаги иситиш мосламаларини соз ҳамда шай ҳолатга келтириш чораларини мавсум бошланишидан аввал амалга ошириш зарур. Акс ҳолда, иситиш мосламалари билан боғлиқ турли нохуш вазиятлар юзага келиши мумкин.
Мамлакатимизда мавсум давомида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш лозимлиги муносабати билан Сизлардан қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғин, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида, қуйидагиларга риоя қилишингизни сўраймиз:
- ташқи ҳимоя қобиғи шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланманг;
- электр хўжалигида ортиқча юкланиш ва электр симларнинг қисқа туташувидан содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш лозимлиги сабабли сифат сертификатига эга бўлган ҳимоя сақлагичларидан (автоматлардан) фойдаланинг;
- иситиш мавсуми бошланишидан аввал, иситиш печлари ва улар дудбўронларининг созлиги, қувурларнинг ҳар хил маҳсулотлар билан беркилиб қолмаганини кўздан кечиринг ва дудбўрон орқали ҳаво тортиш кучига алоҳида аҳамият қаратинг;
- иситиш печларининг дудбўронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришинг;
- носоз, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланманг, стандарт талабларига жавоб берадиган иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг йўриқномасидан фойдаланинг;
- иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юборманг;
- газ ва электр истиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширманг;
- газ таъминоти идоралари мутахассисларини жалб этган ҳолда газ жиҳозларини тафтишдан ўтказиб, уларга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этинг;
- газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилинг;
- ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритманг;
- газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланинг ва уларнинг доимий созлигига эътибор беринг;
- агар хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўринг. Бу ҳақда “104” рақами орқали газ хизматига, ёнғин содир бўлган тақдирда, ёнғин-қутқарув хизматининг “101” ёки “1050” телефон рақамига хабар беринг.
Ушбу қоидаларга риоя этиш билан Сиз ўзингиз ва яқинларингизни ҳамда уй-жойингизни турли бахтсиз ҳодисалар ва ёнғиндан асраб қолган бўласиз.