Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида илк бор каминвазив усулда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди
2022-09-12 12:47:34 224
Бугунги кунда замонавий тиббиёт ютуқларидан самарали фойдаланиб, бемор танасига тиғ теккизмасдан ёки кичик кесмалар орқали бажариладиган операциялар, жарроҳликнинг каминвазив усуллари амалиётда кенг қўлланиляпти.
Бундай ноёб операцияларни амалга ошириш орқали беморлар дардига малҳам бўлиш учун Ўзбекистон тумани тиббиёт бирлашмасига ҳам баҳоси 650 миллион сўмга тенг бўлган лапороскопия аппарати ўрнатилди.
Ушбу аппарат ёрдамида куни-кеча туманда илк бор бирлашманинг режали жарроҳлик бўлимида маҳаллий шифокорлар томонидан юқори технологик жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.
Марказий шифохонага туманнинг Даштчўлпон маҳалласида яшовчи 52 ёшли Шахзода Фармонова мурожаат қилган. Уни бир неча йилдан буён буйрак ва ўт қопидаги тошлар оғриғи қийнаб келаётган эди.
Жарроҳ Қахрамонжон Деҳқоновнинг айтишича, текширувлардан сўнг беморга ўт тоши касаллиги, сурункали калькулезли холецистит ташхиси қўйилган.
Бундай ташхис бўйича беморда лапароскопик холецистэктомия билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Таъкидланишича, операция вақтида ва ундан сўнг ҳеч қандай асоратлар кузатилмаган.
Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев тиббиёт бирлашмасида бўлиб, амалиётдан сўнг дарддан фориғ бўлган беморнинг ҳолидан хабар олди. Унга тезроқ тўлиқ соғайиб кетишига тилак билдирди.
“Узоқ йил қийнади, бу ўт пуфагимда "кўтариб юрган” тошлар. Операция қилдиришга эса қўрқардим. Шундай янгиликлар ўзимизни туманда ҳам қўлланиляпти экан, шукр. Энди ўзимни анча яхши хис қиляпман, қўли енгил шифокорларимизга кўп раҳмат. Операциядан кейин уч кунда уйимга жавоб берамиз дейишяпти. Кутилмаган йўқловдан ҳам хурсанд бўлдим”, дейди Шахзода Фармонова.
– Илгарилари бу каби жарроҳлик амалиётлари вилоят марказидаги тиббиёт муассасаларида ёки қўшни Қўқон шаҳридаги хусусий тиббиёт клиникаларида ўтказилар эди, – дейди Ўзбекистон туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Хамдамжон Қурбонов. – Энди туман аҳолиси ушбу турдаги касалликлар учун даво истаб, вақт ва маблағ йўқотиб узоққа боришга мажбур эмас. Ушбу юқори технологик жарроҳлик амалиёти устоз-шогирд анъанасини сақлаб қолган ҳолда туман тиббиёт бирлашмасининг жарроҳлари, операция ҳамшира ва анестезиологлари томонидан ўтказилиши йўлга қўйилди.
Туман раҳбари ташриф давомида марказий шифохонанинг бошқа бўлимларида ҳам аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати билан ҳам яқиндан танишиб, масъулларга фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишда белгиланган барча вазифаларни сидқидилдан амалга ошириш бўйича зарурий кўрсатмалар берди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги