Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Расмий муносабат
2022-08-16 22:50:11 120
Бугун “Олимжон Ҳайдаров” телеграм каналида Ўзбекистон тумани Катта Тагоб маҳалласида жойлашган 48-давлат мактабгача таълим муассасаси инфратузилмаси билан хабар эълон қилинди.
Мазкур хабар ҳамда мавжуд ҳолат шу куннинг ўзида туман ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан ўрганилди ва ўрганишлар натижаси юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Катта Тагоб маҳалласидаги 48-давлат мактабгача таълим ташкилоти 1939 йилда қурилган собиқ мактаб биноси ўрнида жойлашган бўлиб, айни кунларда 3 та гуруҳда 75 нафар болалар тарбияланмоқда. Мазкур ДМТТда 2019 йилда 20 млн. сўмдан зиёд бюджет маблағлари ҳисобидан иссиқлик тизими янгиланиб, янги иситиш қозони ўрнатилган.
2022 йил бошида маҳаллий бюджет ҳаражатлар сметаси асосида ушбу таълим ташкилотини мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилган бўлиб, амалий ишлар жорий йилнинг 3-чораги якунига қадар бошланиши кўзда тутилган. Бунинг учун йил бошидаёқ маҳаллий бюджет параметрларидан 400 млн. сўм маблағ ҳам ажратилган. ДМТТни мукаммал таъмирлаш учун талаб этиладиган маблағнинг қолган қисми туман маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.
Шу ўринда, Ўзбекистон туманида 64 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 158 та оилавий нодавлат ва 2 та давлат-хусусий шерикчилик мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатиб, туман ҳокимлиги ҳамда мактабгача таълим бўлими томонидан мазкур соҳани қўллаб-қувватлаш, хусусан МТТлар инфратузилмасини яхшилаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Хусусан ўтган 2021 йил давомида маҳаллий бюджет параметрларидан тумандаги мавжуд давлат мактабгача таълим ташкилотлари инфратузилмасини яхшилаш, жиҳозлаш ҳамда моддий техник базасини ривожлантириш учун 2 млрд. 556 млн. сўмга яқин маблағлар, айни шу йўналишда 2022 йилнинг ўтган 7 ойи давомида эса 882 млн. сўм маблағлар манзилли сарфланган.
Бундан ташқари, 2021 йилда туман ҳокимлиги ташаббуси билан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 1 млрд. 555 млн. сўмга яқин маблағлар мактабгача таълим ташкилотларини жорий таъмирлаш ҳамда зарурий жиҳозлар сотиб олиш учун йўналтирилиб, мақсадли сарфланган.
“Обод қишлоқ” давлат дастури асосида Кичик Оқмачит маҳалласидаги 42-сонли ДМТТ да 375,9 млн. сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари бажарилиб, болалар учун қулай шароитлар яратилди. Инвестиция дастури асосида эса Қумбосди маҳалласидаги 17-ДМТТда мукаммал реконструкция ва жиҳозлаш ишларига 3,5 млрд. сўмдан зиёд маблағ сарфланиб, муассаса замонавий ва кўркам зиё масканларидан бирига айланди.
Ўтган йилнинг ўзида мактабгача таълим муассасаларида ўрин етишмаслиги муаммосини тез, ортиқча чиқимларсиз самарали ечиш имкониятидан унумли фойдаланиш, МТТларнинг турли шакллари фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида 5 та муассасанинг бўш ер майдонларида жами 480 ўринли енгил типдаги боғчалар қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди.
Жорий 2022 йилнинг шу кунига қадар эса туман ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 580 млн. сўм маблағлар мактабгача таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилиб, манзилли сарфланди.