Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бугун қилинган меҳнат эртанги мўл ҳосил гаровидир
2022-07-19 20:14:44 137
Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев ва туман прокурори Музаффаржон Абдурахманов бугун Қолгандарё мавзесида жойлашган фермер хўжаликлари майдонларидаги ғўза ривожини кўздан кечирди.
Туман миришкорлари жами 4 минг 650 гектар майдонда пахтанинг "С 82-90”, “Наманган-77” ва “Андижон-35” навларини етиштирмоқдалар. Шундан, Қолгандарё мавзесидаги 17 та фермер хўжаликларининг жами 593 гектар ер майдонида офтобга талпинган ниҳоллар гуркирамоқда.
Қолгандарё миришкорлари ҳам ғўза парваришидаги белгиланган “Зарбдор 45 кунлик”нинг ҳар бир дамини ғанимат билиб, ғўзани суғориш, культивациялаш, зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш каби тадбирларни пешма-пеш бажариб келмоқдалар. Шундай бўлсада, мўлжалдаги хирмон учун ҳали юмушлар талайгина.
Туман ҳокими мавзедаги барча фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашиб, “Наргиза Камрон”, “Насриддин ота”, “Олимжон”, “Орипов Эркин” ва “Қолгандарё файзли йўллари” фермер хўжаликлари дала майдонларида ҳам бўлди. Пахтачилик кластери вакиллари, соҳа мутахассислари, агрономлар ҳамроҳлигида ғўзаларнинг парвариши, агротехник ишловларга эътибор қаратилиб, ҳар бир майдондаги қаров юзасидан фермер ва мутасаддиларга индивидуал тарзда галдаги кечиктириб бўлмас амалий чора – тадбирлар бўйича вазифалар қўйилди.
Хусусан, айни муҳим паллада ғўзани минерал ва маҳаллий ўғит билан озиқлантириш, ўсув нуқтасини чилпиш (чеканка), зараркунанда ва касалликларга қарши самарали курашиш, сажен асосида ишлов берилиб, ҳосилга яна ҳосил қўшиш зарурлиги таъкидланди, барча амалий тавсиялар яна бир бор уқтирилди.
Ўрганишлар давомида “Механизаторлар уйлари” фаолияти, улардаги барча шароитларни яратишга ҳам эътибор қаратилиб, ҳудудда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ илғор механизаторлар рағбатлантирилди.
- Аслида, ғўза сиз азиз бободеҳқонларнинг меҳрингиздан яшнаши, сизнинг кечаю-кундуз демай тўккан пешона терингиз эвазига мўл ҳосил тўплашини жуда яхши биламиз. Бугунги муҳим паллаларда амалга ошириладиган агротехник тадбирларнинг ўзига хос жиҳатларини бекаму кўст адо этиб, ҳосилга янада ҳосил қўшиш лозим. Энди, фермерларимиз режа учун эмас, асосан манфаат учун ишлайдиган пайт келганлигини ҳам кўп такрорлаяпмиз. Дунёдаги глобал ўзгариш ва жараёнлар, кўплаб мамлакатлардаги озиқ-овқат билан боғлиқ чекловлар ва нархларнинг ўсиши ҳолатларидан, албатта бунинг бизга ҳам таъсиридан муносиб хулоса чиқаришимиз керак. Янада фаолликни ошириб, барча мавжуд ресурс ва имкониятлардан фойдаланиб, бепарволикка йўл қўймай ишласак, кўзлаган эзгу мақсадларга эришаверамиз, - деди туман ҳокими.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги