Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Эски Яйпан маҳалласидаги хонадонда 90 хилга яқин ноёб турдаги ўсимликлар етиштирилмоқда
2022-07-18 15:17:39 303
Ўзбекистон туманидаги Эски Яйпан маҳалласида яшовчи Бахтиёржон Сулаймоновнинг 7 сотихли томорқасида бир қарич бўш ер тополмайсиз. Бу томорқани Бахтиёржон аканинг омилкорликдаги узоқ йиллик қизиқишлари ва меҳнатлари маҳсули, ўзига хос тажриба майдончаси, десак хато бўлмайди.
Сабаби, шу мўъжазгина ҳовлида 90 хилга яқин турдаги ноёб ва камёб ўсимликлар етиштирилмоқда. Улар орасида шифобахш ўсимликлар ҳам талайгина.
Томорқадаги фундук (ўрмон ёнғоғи), годжи (“Тибет барбариси”), пекан ёнғоғи, сумах (сирка дарахти), оқ қайин, бамбук, манго, киви, лонган, личи, бергамот, папая, апельсин, мандарин, ананас, голубика, қорағат (смородина), чаканда (облепиха), жасмин, магнолия каби ноёб ва манзарали дарахтлар, экзотик мевалар, гул кўчатлари ҳамда доривор ўсимликлар яшилликка бурканган.
Шимолий Америка, Италия, Хитой ва бошқа кўплаб чет давлатлардан келтирилган кўчатлар ўзимизнинг иқлимга мослаштирилган.
Зиёлилар оиласидан бўлган уста омилкорнинг таъкидлашича томорқачилик ҳадисини аслида раҳматли отасидан ўрганган. Кўпдан буён томорқасидаги ноёб доривор ва зировор ўсимликлар ёрдамида шифоталаб ҳамюртларнинг дардига ҳам малҳам бўлиб келмоқда.
“Ўтган йили етилган бамбук кўчатини ҳар 4-5 тасини 500 минг сўмдан, 4 йиллик пекан ёнғоғи кўчатини эса 170 минг сўмдан харидорларга етказиб бердик. Самарқанд, Тошкент вилоятларидан эшитиб, қизиқиб, олиб кетишди. Бундан ташқари бошқа кўплаб ноёб гул ва дарахт кўчатларига юртдошларимизнинг қизиқиши катта. Ҳозирда фундукнинг 500 тупини палғари усулида кўпайтириб қўйдим. Бир дона кўчати олтмиш минг сўмдан туради. Эндиликда, томорқанинг ўзида мазкур ўсимликларни янада кўпайтиришга мўлжалланган махсус лаборатория ҳам ташкил этмоқчиман”, дейди 57 ёшли хонадон эгаси.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги