Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 37 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Ўзбекистон тумани миришкорлари далаларида оқсилга бой экин парваришланмоқда

×

 2022-06-20 19:59:55    166

PDF yuklash
Chop etish


Сўнгги йилларда юртимизда соячиликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки зироатчиликнинг мазкур турини ривожлантириш ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан ўта фойдалидир. Бу, аввало, аҳоли демографияси туфайли кундалик истеъмол товарларига ортиб бораётган эҳтиёжни кафолатли қондириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда қўл келиши таъкидланмоқда.

Соя донининг таркибида 50 фоиз оқсил, 28 фоизгача мой бўлиб, озиқ-овқат саноатида муҳим хом ашё ҳисобланади. Бундан ташқари, соянинг саноат, техника, чорвачиликни ривожлантиришда ҳам роли катта. Қимматли озуқа эканлиги эса унинг аҳамиятини янада оширади. Қайд этилишича, соядан 400 дан ортиқ хилдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Улар орасида энг қимматлиси оқсилдир. Дунё бўйича оқсил манбаининг 32 фоизи чорва моллари улушига тўғри келса, қолган 68 фоизи ўсимликлардан, шу жумладан, 55 фоизи соядан олиниши кўрсатиб ўтилган. Шу сабабдан ҳозирги кунда оқсил танқислигини бартараф этишда соя катта аҳамият касб этмоқда.

Баҳор мавсумида Ўзбекистон туманидаги 210 дан зиёд фермер хўжаликларининг 600 гектардан ортиқ ер майдонига ушбу дуккакли ўсимлик экилган. Бугун улар зарурий агротехник тадбирлар билан парваришланмоқда.

Айни кунларда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида яна 200 гектар ерга соя экишга ҳозирлик кўрилмоқда. 

Дастурхончи қишлоғида жойлашган “Полвон Нодирбек” фермер хўжалиги миришкорлари ҳам 17 гектар ер майдонида экилган соя ўсимлигидан юқори ҳосил олишни мақсад қилишган. Бунинг учун ўғитини вақтида солиб, зараркунандасига қарши курашиб, парваришига эътибор қаратишмоқда.

“Баҳорнинг апрелида яхши ниятда далага уруғ қадаган эдик. Серҳосил навни танлаш, уни экиш ва парваришни тўғри ташкил этиш бўйича турк мутахассисларининг тавсия ва кўрсатмалари қўл келди. Бу борада катта тажрибага эга бўлишгани учун, кўп нарсани ўргатишди. Тўғрисини айтиш керак, парвариши бошқа ўсимликларга қараганда унчалик қийин эмас экан, фойдаси эса юқори эканлигини барчага маълум. Бунга тез орада мўл ҳосилни йиғиштириб олганимизда яна бир бор амин бўламиз”, дейди фермер хўжалик раҳбари Одилжон Шарипов.

Ўзбекистон тумани ҳокимлиги