Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Яна бир ҳоким ёрдамчиси эзгу ташаббусга бош бўлиб, ибрат кўрсатди
2022-06-03 22:30:03 149
Ўзбекистон туманидаги маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари ўз маҳаллаларида ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қатор амалий ва янги ташаббусларни илгари суриб, амалий натижаларга ҳам эришмоқдалар.
Ана шундай ташаббускор ҳоким ёрдамчиларидан бири, “Нурсух” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Рақибахон Тожиматованинг фаол сайъи ҳаракатлари билан ҳудудда аёллар учун ўқув маркази ва тикувчилик цехи ташкил этилди.
Маҳалла аҳли, айниқса кекса нуронийлар, кайвони онахонларнинг қўллаб-қувватлови ҳамда оқ фотиҳаси, маҳалла раиси, хотин-қизлар фаоли ва бандликка кўмаклашиш маркази ҳудуд инспекторининг фаол ҳамкорлиги билан билан ушбу эзгу мақсадга эришилди.
Маҳалланинг ишсиз аёлларини бир жойга жамлаб, ҳам ўқув маркази, ҳам тикувчилик цехини юритиш учун ушбу марказга қишлоқнинг энг олди ва моҳир чевари Матлубахон Рахимова жалб этилди.
“Тўғриси, холис ва эзгу ниятимизга етишимиз учун бор имконият ва тажрибамизни ишга солдик. Қўллаб-қувватлаб турган, барча маҳалламиз фаолларига, маслакдошларимизга раҳмат. Нурсухнинг “Юқори” маҳалласидан бўлган Матлубахон Рахимова қўли гул чевар. Турли пардалари, эркаклар, аёллар ва болалар кийимларини тиктириш учун туманнинг кўплаб жойларидан мижозлари талайгина. Бир неча йил Фарғона ва Қўқон шаҳарларидаги ўқув марказларида ҳам ўз касбининг устаси бўлиб фаолият юритган. Эндиликда, моҳир чеваримиз билан ўз маҳалладошларимиз, хотин-қизларимизга кўпроқ кўмагимиз тегади. Марказ фаолиятини кенгайтириш, кўпроқ аёл-қизларимизни қамраб олиш бўйича ҳам аниқ режаларимиз бор”, дейди ҳоким ёрдамчиси.
Таъкидланишича, ушбу масканни очилганини эшитиб, бугуннинг ўзида нафақат нурсухлик опа-сингиллар, балки қўшни Қўрғонча, Катта ва Кичик Тагоб қишлоқлари каби бошқа ҳудудлардан ҳам 20 дан зиёд хотин-қизлар шу ерда таҳсил олиб, фаолият юритишни истаб келишган. Асосий мақсад қилиб эса кўпроқ “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни бу жойга жалб этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлашга эришиш белгилаб олинган.
Марказнинг бугунги очилиш тадбирида иштирок этган туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев ушбу эзгу ташаббусни эътироф этиб, унинг фаолларига ўз миннатдорчилигини билдирди. Қишлоқ аҳли билан аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги вазифалар юзасидан суҳбатлар қурилиб, барчани бугунги хайрли амал натижаси билан қутлади.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги