Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Расмий баёнот
2022-04-08 14:53:06 160
Бугун ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон туманидаги 4 нафар фермер хўжаликлари билан боғлиқ видеомурожаат тарқалди. Видеомурожаатда гўёки, мазкур фермерларнинг ер майдонлари туман ҳокимининг қарори билан олиб қўйилганлиги, бироқ суд томонидан мазкур қарорлар бекор қилинган бўлсада, ер майдонлари фермер хўжаликларига қайтариб берилмаётганлиги иддао қилинади.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ушбу видеомурожаат ва унда иддао қилинган ҳолатлар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.06.2019 йилдаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5742-сонли Фармони талабларига риоя қилиниши юзасидан туман ҳокимининг 16.02.2021 йилдаги 21-ф-сонли фармойиши қабул қилинган. Мазкур фармойиш асосида ишчи гуруҳ тузилиб, туманнинг барча ҳудудлари бўйлаб тегишли тартибда ўрганишлар олиб борилган.
Ўрганишлар давомида тумандаги “А.Ниёзов” ММТП ҳудудида фаолият юритган “Эсохон Одилов”, “Муҳаммадкамолхон Гулхаёхон Одилбек”, “Оқ олтин Дашт Хасан” ҳамда “Дашт чўлпон келажаги” пахтачилик-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари томонидан ер майдонларидан мақсадсиз ҳамда ноқонуний фойдаланилаётганлиги аниқланди.
Хусусан, “Эсахон Одилов” фермер хўжалиги томонидан хўжаликка тегишли худуд қишлоқ хўжалиги харитасининг 1241, 1242, 1240, 1244, 1245, 1246, 1252-сонли дала контурларида ўзбошимчалик тегишли органларнинг рухсатисиз 39,6 гектар боғ барпо қилиб олинганлиги, “Мухаммадкамолхон Гулхаёхон Одилбек” фермер хўжалиги 1126, 1136, 1137-сонли дала контурларида тегишли органларнинг рухсатисиз ўзбошимчалик жами 15,20 гектар боғ барпо қилиб олинганлиги, “Дашт чўлпон келажаги” фермер хўжалиги томонидан 364 ва 474- контурдаги 9.0 га ер майдонларига ўзбошимчалик билан рухсатсиз анор ва шафтолидан иборат боғ ташкил қилганлиги ва “Оқ олтин Дашт хасан” фермер хўжалигида 492 ва 424 контурлардаги 10.3 гектар ер майдонига рухсатсиз анор боғ ташкил қилинганлиги маълум бўлган ва белгиланган тартибда Халқ депутатлари туман Кенгашининг сессияси кун тартибида кўриб чиқилиб, тегишлича қарор билан мазкур фермер хўжаликларининг ер участкалари туман заҳирасига олинган.
Мазкур ҳолат аниқлангани заҳоти ишчи гуруҳ аъзолари ва фермер хўжалиги вакиллари иштирокида далолатнома тузилиб, ушбу ўзбошимчалик қилинган боғларни ихтиёрий равишда бартараф этиш юзасидан огоҳлантирилган. Бундан ташқари, тўпланган хужжатлар Ўзбекистон туман ИИБга юборилган. Туман ИИБ томонидан тўпланган ҳужжатлар ЖИБ Ўзбекистон туман судига тақдим этилган бўлиб, суднинг қарори билан ҳуқуқбузарлар ўзбошимчалик билан содир қилган харакати учун МЖтКнинг 200-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, фермер хўжаликлари ўзига қонун билан юклатилган мажбуриятларини бажармасдан ўзбошимчалик билан ердан мақсадсиз фойдаланаётганлиги маълум бўлган.
Энг ачинарлиси, муқаддам ушбу фермер хўжаликлари яъни, “Эсахон Одилов” фермер хўжалиги раҳбари хўжаликка ажратилган экин ер майдонларидан бир неча фуқароларга уй-жой учун сотиб юборганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилиб суд ҳукми билан жазо тайинланганлидан хулоса чиқармасдан такроран, рухсатсиз 39.6 гектар ер майдонига ўзбошимчалик билан боғ барпо қилган бўлса, “Муҳаммадкамолхон Гулхаёхон Одилбек” фермер хўжалиги раҳбари ҳам муқаддам ушбу фермер хўжалигига ажратилган ер майдонларидан бир қисмини фуқароларга алдов йўлиб билан уй-жой қуриш ва боғ ташкил қилиш учун сотиб юборганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган бўлсада, такроран фермер хўжалиги ер майдонларига ўзбошимчалик билан 15.20 гектар қисмига боғ барпо қилган.
Амалдаги қонун талабларига кўра, фермер хўжалиги ердан мақсадсиз фойдаланганда у билан тузилган ер ижара шартномаси суд орқали бекор қилиниши белгилаб қўйилган бўлиб, ўрганиш давомида хўжаликлар билан туман ҳокимлиги ўртасида ер ижара шартномаси тузилмаганлиги ва давлат рўйҳатидан ўтказилмаганлиги маълум бўлди.
Шу сабабли, фермер хўжалиги ер майдонларини туман захирасига қайтариш масаласи Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритилиб, депутатлар томонидан ҳам фермер хўжалиги фаолияти ўрганиб чиқилган. 25.03.2021 йил кунги Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида юқорида қайд этилган фермер хўжаликларининг ер майдонлари туман заҳирасига қайтариш масаласи кўриб чиқилиб, сессия томонидан фермер хўжалиги ер майдонлари туман заҳирасига қайтарилиши тўғрисида қарор қабул қилинган.
2021 йил 26 ноябрь куни Фарғона туманлараро маъмурий суди юқоридаги фермерларнинг, жавобгар Ўзбекистон туман ҳокимлигига нисбатан “ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида”ги шикоят аризаси бўйича маъмурий ишни кўриб чиқиб, шикоят аризасини қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарган.
Ўзбекистон туманидаги “Булут текстил” МЧЖ, низонинг предметига мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида мазкур ҳал қилув қароридан норози бўлиб, 24.12.2021 йил куни Фарғона вилоят Маъмурий судига апелляция шикояти киритган. Апелляция шикояти туман ҳокимлиги вакилларининг иштирокисиз кўриб чиқилиб, 18.01.2022 йил куни ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Фарғона туманлараро Маъмурий судининг 26.11.2021 йилдаги Ўзбекистон туман ҳокимининг 31.03.2021 йилдаги 221-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори 18.01.2022 йил кунидан қонуний кучга кирган ва қарор талабига кўра туман ҳокимлигига юқорида таъкидланган фермер хўжаликларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузилишини бартараф этиш, ҳал қилув қарорининг ижроси тўғрисида мазкур санадан бошлаб бир ойлик муддатда Фарғона туманлараро маъмурий судига равишда хабардор қилиш мажбурияти юклатилган.
Зеро, муқаддам худди шу мазмундаги ушбу фермер хўжаликлари билан айни ушбу низо бўйича ишларни кўриш жараёнида 08.06.2021 йил куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сонли Фармони қабул қилинганлиги, мазкур Фармонга кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид бир қатор ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинганлиги, хусусан туман ҳокимининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш билан боғлиқ ваколатлари бекор қилинганлиги, фармон нусхаси суд мажлиси давомида тақдим қилинган бўлсада, суд ўзининг ҳал қилув қарорида туман ҳокимининг ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаганлиги масаласи кўтарилган бўлсада, апелляция инстанцияси қарорида ҳам ушбу масала очиқ қолдирилган.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бундай ҳолатда суднинг ҳал қилув қарорини ижро қилиш учун туман ҳокимлигида қонун хужжатларига асосланган ваколат мавжуд эмас.
Бундан ташқари, аризачилар “Оқ Олтин Дашт Хасан” фермер хўжалиги ва бошқалардан туман захирасига қайтарилган ер майдонлари, “Булут текстил” МЧЖга пахтачилик йўналишида туман ҳокимининг 31.03.2021 йилдаги 221-сонли қарори билан бириктириб берилгани ҳолда, туман ҳокимининг 06.05.2021 йилдаги 332-сонли қарори билан ушбу МЧЖга С.Азизов ММТП худудидан қўшимча ер майдонлари ажратилиб, “Булут текстил” МЧЖнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари ушбу қарор асосида давлат рўйҳатидан ўтказилиб, ушбу қарор асосида ижара шартномаси расмийлаштирилган.
Айни кунда, туман ҳокимининг 06.05.2021 йилдаги 332-сонли қарори ва ушбу қарор асосида тузилган ижара шартномаси ҳамда ер участкасини давлат рўйҳатидан ўтказилганлик гувоҳномалари қонуний кучда.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Фарғона туманлараро маъмурий суди ҳам, Фарғона вилоят Маъмурий суди ҳам “Булут текстил” МЧЖнинг ерга бўлган ҳуқуқлари давлат рўйҳатидан ўтказилган туман ҳокимининг қарорига баҳо бермасдан, масалани очиқ қолдирган.
Бу ҳолатда, айни бир ер участкасига ҳуқуқий хужжат мавжуд бўлгани ҳолда уни бошқа ҳуқуқий хужжатни ҳақиқий эмас деб топиш орқали учинчи шахсларга тааллуқли деб ҳисоблаш, ерга оид ҳуқуқий низо ҳисобланиб, Ер Кодексининг 89-моддасига асосан суд тартибида ҳал қилиниши лозим.
Юқорида таъкидланганидек, туман ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.06.2021 йилдаги Фармони талабларидан келиб чиқиб ерга оид ҳар қандай хужжатларни имзолаш ваколати тугатилганлиги ҳамда ҳозирда мазкур низоли иш юзасидан манфаатдор томон “Булут текстил” МЧЖ кластер корхонаси томонидан Бош прокуратурага суд қарорларига нисбатан протест киритиш бўйича ҳамда Олий судга такрорий кассация шикояти берилган бўлиб, иш хужжатлари Бош прокуратура томонидан ўрганилаётганлиги учун ушбу суд қарорини бажариш имкони мавжуд эмас.
Шунингдек, айни кунларда мазкур фермер хўжаликлари ўзлари билан боғлиқ низоли вазият охирига етмай, якуний тўхтамга келинмаган бўлсада, ўзбошимчалик билан экин ер майдонларининг бир қисмига такроран боғ барпо этиш ишларини амалга ошираётганлиги юзасидан “Булут текстил” МЧЖ кластерининг мурожаати белгиланган тартибда ўрганиб чиқилмоқда, ўрганиш натижаларига кўра ушбу ноқонуний харакатлар учун амалдаги тартиблар асосида ҳуқуқий баҳо берилади.